Ўзбекистонда маҳкумлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик такомиллаштирилмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан 18 август куни Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда «Мамлакатимизда маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари» мавзусида семинар ўтказилди.

Қайд этилишича, семинарда мамлакатда маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борадаги халқаро тажриба ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, кутилаётган натижалар муҳокама қилинди.

2017—2022 йилларда маҳкумларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 3 та қонун, президентнинг 1 та фармони, 6 та қарори, Ҳукуматнинг 10 та қарор ва фармойиши ҳамда 10 дан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бунда алоҳида эътибор жиноят содир этган шахсларни меҳнатга тўлиқ жалб этиш орқали уларни ахлоқан тузалиш, келгусида жамиятнинг муносиб аъзоси сифатида шакллантириш масалаларига қаратилмоқда.

Семинарда турли хилдаги руҳий ва жисмоний тазйиқларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатдаги тергов ҳибсхоналаридаги терговчилар хоналарига 123 дона замон талабларига жавоб берадиган овоз ёзишга мўлжалланган видеокузатув мосламалари ўрнатилгани, тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги колонияларда 69 та адвокатлар билан учрашув хонаси қайта жиҳозланиб, адвокатлар учун видеокузатув воситаларисиз ҳамда эшитиш мосламаларисиз алоҳида хоналар ташкил этилгани депутатлар томонидан эътироф этилди.

Ҳозирда Қонунчилик палатасида такомиллаштирилаётган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ҳам озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга жазони ўташ шароитларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганини белгиловчи қатъий мезонларни белгилаш орқали уларнинг хулқ-атворини баҳолашда коррупцион омилларни бартараф этиш, меҳнатга жалб этилган маҳкумларга колониялардаги иш стажини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Тадбирда, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга яратилган шароитлар, кўрсатилаётган тиббий хизмат, соҳада амалга оширилаётган ишлар, ишлаб чиқариш бўлимларида меҳнат қилаётган маҳкумларнинг ишлаш шароитлари бўйича тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

https://daryo.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan