Аввалроқ Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида вазирлик ва идораларда фуқаролар мурожаатлари ҳолатини ўрганиш, қонунда кўзда тутилган нормаларга амал қилиш ҳолатини таҳлил этиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур ишчи гуруҳ дастлабки ўрганувларни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан бошлади. Ишчи гуруҳ асосий эътиборини мурожаатлар билан ишлаш ҳолатига қаратди.
Хусусан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартибига амал қилинганлиги, мурожаатларга масъул бўлган тузилма томонидан мурожаатлар билан ишлаш юзасидан мониторинг натижалари бўйича ҳар ҳафтада муҳокама қилиш ҳолати, бу борада қонунчиликда кўзда тутилган нормаларга риоя қилмаган ходимларга нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилганлиги ўрганилди.
Шунингдек, Марказий банк тизимида мурожаатлар билан ишлаш, фуқароларни қабул қилиш жадваллари мавжудлиги, бу борада тартиб ва уларни ташкиллаштириш учун масъул шахс белгиланганлиги, мурожаатлар ташкилот раҳбари томонидан ижрога қаратилганлиги, тегишли тартибда рўйхатга олиниши ва кўриб чиқилганлик ҳолатлари ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилди.
Ўрганиш натижалари бўйича тегишли маълумотлар Қўмитага тақдим этилди.
Ишчи гуруҳ таркибида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Дмитрий Рахманов иштирок этмоқда.
www.senat.uz