2022 йил 25 август куни Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида “Қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Сенат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг соҳага оид мутахассис ходимлари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган семинарда кун тартибидаги масалалар бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳолини, шунингдек, саноатни бозор муносабатларига ўтказиш, эскирган инфратузилмани янгилаш, республикамизда истеъмолчиларнинг энергия ресурслари нисбатан ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш мақсадида соҳада тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Хусусан, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежамкорлигига эришиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, бу борада аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги, “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар такомиллаштирилди, мазкур йўналишни ривожлантиришга қаратилган бир қатор Президент қарорлари қабул қилинди.
Қайд этилган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистонда 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказиш мақсад қилинган.
Айни пайтда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида биргина 2022 йилнинг 1-ярим йиллиги якуни билан 817,16 млн куб метр табиий газ, 447,0 млн кВт соат электр энергияси ва 8,3 минг тонна нефть маҳсулотлари иқтисод қилинган.
Шунингдек, бугунги кунда умумий қиймати 1,438 млрд сўмга тенг электр энергетика, энергия тежамкорлик, муқобил энергия манбалари соҳаларига оид 4 та “стартап” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, 2020-2022 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида энергетика соҳасида умумий қиймати 1,88 млрд АҚШ долларидан ортиқ бўлган жами 8 та лойиҳа бўйича ишлар ташкил этилган.
Семинарда қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги соҳасида амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда айрим камчилик ва муаммолар сақланиб қолаётганига эътибор қаратилди.
Жумладан, республикадаги бино ва иншоотлар, ижтимоий соҳа ва турар жой объектларида энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, ижтимоий соҳа объектларини қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор ва энергия тежовчи бошқа ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда қайта тикланувчи энергиядан электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини яратишга маҳаллий тадбиркорлик субъектларини жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Семинарда кўрсатиб ўтилган масалаларни ҳал этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими, юридик фанлар номзоди Саидаҳмад Ишанходжаев иштирок этди.