Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш истиқболлари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ер юзида глобал геосиёсий инқирозлар ва фавқулодда ҳолатлар туфайли ўз мамлакатларини тарк этишга ёки сиёсий бошпана излашга мажбур бўлган инсонлар сони доимий равишда ўсиб бораётгани ҳеч биримизга сир эмас. Бу каби мураккаб ва хавфли вазиятларда дунё ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар бошпанага муҳтож одамларни ҳимоя қилиш ҳаракатларини кучайтирмоқда.

Шу муносабат билан ХХI асрда янада долзарб аҳамият касб этаётган БМТнинг 1951 йилдаги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенцияси ва мазкур Конвенциянинг 1967 йилдаги Протоколи бутун дунё бўйлаб таъқиблар ва зўравонликлар туфайли ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган миллионлаб одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сақлашнинг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи асосий ҳужжатлардир. Ушбу икки ҳужжат халқаро қочоқлар ҳуқуқларининг энг батафсил ва кенг қабул қилинган кодификациясини ифодалайди.

Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги Бошқармаси ҳамкорлигида ушбу халқаро ҳужжатларга қўшилиш истиқболлари нуқтаи назаридан Ўзбекистон қонунчилиги ва амалиётининг ҳуқуқий таҳлилига бағишлаб ўтказилган семинарда таъкидланди.

Очилиш қисмида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Конституциявий комиссия раиси, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги вакилининг Марказий Осиё бўйича ўринбосари Думитру Липкану (онлайн) сўзга чиқди.

А.Саидов қайд этганидек, ҳар икки халқаро-ҳуқуқий ҳужжат талабларини давлатларнинг миллий қонунчилигига имплементация қилиш бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Бу борадаги тадқиқот натижалари эса мамлакатимиз қонунчилигини такомиллаштиришга, демократик тамойиллар ва инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон ҳудудида бошпана изловчиларни самарали ҳимоя қилиш учун амалдаги қонунчилик асосида вақтинчалик чора-тадбирларни амалга ошириш масаласи кўриб чиқилаётганига алоҳида эътибор қаратган Думитру Липкану тадқиқот натижалари қимматли маълумот манбаи бўлиб хизмат қилишига ишонч билдириб, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Ўзбекистоннинг мазкур халқаро ҳужжатларга қўшилган ва уларни амалга ошираётган БМТга аъзо бошқа давлатлар билан бир қаторда туриш истагини қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, манфаатдор ташкилотлар вакилларидан иборат семинар иштирокчиларига айни мавзудаги тадқиқот натижалари тақдим этилди.

БМТнинг иккинчи қўшма йиллик иш режаси доирасида тайёрланган ушбу тадқиқот натижаларида, бу борадаги миллий ҳуқуқ нормалари билан халқаро стандартлар ва мамлакатнинг халқаро шартномалар доирасидаги ҳуқуқий мажбуриятлари ўзаро қиёсланган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг қочоқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлил қилинган.

Семинар давомида БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссарлигининг Марказий Осиё бўйича катта юридик маслаҳатчиси Иван Салеев “Қочқинларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро-ҳуқуқий асос” ҳамда Россия халқлар дўстлиги университети доценти, ҳуқуқ фанлари номзоди Екатерина Киселева “Ўзбекистон Республикасининг қочоқлар тўғрисида аниқ кўрсатиб ўтилган амалдаги қонунчилиги таҳлилининг асосий хулосалари ҳамда миллий қонунчиликни 1951 йилги Конвенция қоидаларига ва бошқа тегишли халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича тавсиялар” мавзусида маъруза қилишди.

Муҳокамаларда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan