Сенат парламент сўровига Ҳукумат томонидан берилган жавобни кўриб чиқди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида мамлакатимиз махсус иқтисодий зоналарининг  рақобатбардошлигини ошириш бўйича қабул қилинаётган чоралар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан норматив-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, шу жумладан, қонунчиликдаги мавжуд “оқ доғлар” ва тафовутларни бартараф этиш, МИЗ бошқарув сифатини ошириш, инфратузилмани ривожлантириш ва инвесторлар учун бюрократик тўсиқларни камайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилган.

Бундан ташқари, глобал COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларига қарамасдан, мамлакатда қулай инвестиция муҳитини яратиш ва виза тартибини соддалаштириш бўйича ишлар фаол олиб борилди.

Шу билан бирга, Ҳукуматнинг жавобида Сенатнинг тегишли қўмитаси томонидан Ҳукуматга берилган маслаҳат ва услубий кўмакка қарамай, айрим масалалар лозим даражада ёритилмай қолгани таъкидланди. Хусусан, бу ошкора кадрлар сиёсати, веб-сайтлар ва МИЗ ягона портали самарали ишлашини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ва мамлакатимиз махсус иқтисодий зоналари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими билан боғлиқ.

Парламент сўровига жавоб муҳокамаси якунлари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига МИЗ фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг уйғун тизимини жорий этиш, улар дирекцияларининг ваколатларини кенгайтириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича ахборот стратегиясини такомиллаштириш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan