Электрон тўловларда фирибгарлик, алдаш ёки ишончни суистеъмол қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш масаласи муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Шу йилнинг 29 август куни Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳамда Давлат органлари ва ташкилотлари тизимида 2022 йилнинг биринчи ярмида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилаётганлиги айтиб ўтилди.

Хусусан, мамлакатимизда электрон тўлов воситасидан фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончини суистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқларни қўлга киритиш билан боғлиқ жиноятларни Жиноят кодексининг 168 ва 169-моддаларини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида жавобгарликни белгиловчи норма билан тўлдирилаётганлиги қайд этилди.

Шунингдек, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик қилиш, таҳқирлаш ёки уларга шикаст етказиш учун жавобгарликни назарда тутувчи янги норма киритилмоқда.

Натижада мамлакатимиздаги маданий мерос объектларни (ёдгорликларни) ҳимоясини таъминлаш ҳамда муқаддас қадамжоларимизнинг муносиб сақланишига эришилишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, мажлисда давлат органлари ва ташкилотлари тизимида
2022 йилнинг биринчи ярмида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати муҳокама қилинди.

Сенат томонидан айрим давлат органлари ва ташкилотлари тизимида 2022 йилнинг биринчи ярмида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати ўрганилиб, мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйилган камчиликлар танқид қилинди.

Хусусан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Қурилиш вазирликлари ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида фуқароларни қабул қилиш учун алоҳида хона ажратилмаган.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг фуқароларни қабул қилиш хонаси умуман бошқа бинода жойлашган. Марказий банкда эса фуқароларни қабул қилиш хонасида зарур шарт-шароитлар яратилмаган.

Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Транспорт, Халқ таълими, Қурилиш, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Пенсия жамғармаси, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Кадастр агентлиги, Қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси ҳамда Агробанкда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларига риоя қилинмаган.

Шунингдек, мурожаатларнинг ижобий ҳал этиш масалалари ўз вақтида кўрилмаганлиги уларнинг сони кескин ошиб кетишига сабаб бўлаётганлиги, давлат идоралари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат қилишларига мажбур қилаётган муаммоларни жойларда ҳал қилиш ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш бўйича қатъий чоралар кўрилмаганлиги сенаторлар томонидан танқид қилинди.

Муҳокамалар натижасида аҳоли энг кўп мурожаат қилишга мажбур бўлаётган тизимли муаммолар ва уларни келтириб чиқарувчи омилларни маҳалла ёки қуйи тизимнинг ўзида бартараф этиш чораларини кўриш, барча даражадаги раҳбарлар мулоқот ва сайёр қабулларни тизимли ташкиллаштириш ҳамда мурожаатларни жойида ҳал қилиш чораларини кўриш, ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларни тезкорлик билан ўрганиш ва уларга ўз вақтида муносабат билдириш амалиётини кенгайтириш юзасидан тавсиялар берилди.

Мажлис якунида Суд-хуқуқ масалалар ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан мазкур масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Дмитрий Рахманов иштирок этди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan