Аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш: таҳлиллар нимани кўрсатмоқда? – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар

Юртимизда кейинги йилларда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида изчил ва самарали саъй-ҳаракатлар олиб борилди. Асосийси, хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашнинг қонунчилик мезонлари ҳам замон талабларига мос ҳолда такомиллаштирилмоқда. Бунда аёлларга нисбатан куч ишлатиш, айниқса, оиладаги зўравонликни бартараф этишга жиддий аҳамият қаратиляпти. Зеро, халқаро ҳуқуқ ҳам давлатларга бу борада аниқ мажбуриятлар юклайди.

Мамлакатимизда оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича саккизта норматив-ҳуқуқий ҳужжат, яъни 2 та қонун, 1 та Президент қарори ва 5 та Ҳукумат қарори қабул қилинди. 2021 йил 9 декабрдаги «Оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун шулардан биридир.

Қонун билан «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонунларга қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Натижада 2019 йилда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун билан асос солинган меъёрий-ҳуқуқий база янада такомиллашди.

Мазкур ҳужжат хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоялашга жалб этилган тузилма ва идораларнинг вазифаларини аниқлаштириб, уларнинг ўзаро мувофиқлашган фаолиятини такомиллаштиришга замин ҳозирлади. Унда назарда тутилган энг муҳим ўзгаришлардан бири – фуқаролар йиғинларининг ваколатлари кенгайтирилиши бўлди. Жумладан, фуқаролар йиғинининг тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни белгилаш, шунингдек, аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларини ҳамда ички ишлар органларини мазкур фактлар тўғрисида зудлик билан хабардор қилиш ваколати белгиланди.

Бу жуда муҳим.Чунки аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпроқ оилада қайд этилади, оила эса маҳалланинг бир қисми. Ваҳоланки, тараққиёт ҳар сонияда илгарилаб бораётган бугунги даврда ҳам ўзбек жамиятида маҳалланинг таъсир кучи ортса ортдики, асло йўқолгани йўқ. Қолаверса, зўравонликка қўл урган шахс ва бундай ҳолатлар қайд этилган оила, ҳаттоки уларнинг аждодлари ҳақида ҳам айнан маҳалла фуқаролар йиғинларида ишончли маълумотлар бўлади.

ИШОНЧЛИ ВОСИТА

Гендер тенгликни таъминлашга нисбатан ҳозирда мамлакатимизда қўлланилаётган янгича ёндашувнинг ўзига хос жиҳати институционализация жараёнининг жадаллашуви билан боғлиқ. Бу бежиз эмас. Чунки бу ўринда гендер соҳасида аниқ вазифалар юклатилган янги тузилмаларни шакллантириш барқарор фаолият юритувчи ва ўз олдига қўйилган муҳим мақсадларни оғишмай, изчил амалга оширувчи институтларнинг бутун бир яхлит тизимга бирлашишига олиб келади. Бу эса қисқа муддатларда эркаклар ва аёллар ўртасидаги реал тенгликни таъминлашга хизмат қилади.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, мамлакатимизда кейинги йилларда Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Олий Мажлис Сенати ҳузурида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг ташкил этилиши бу соҳада олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Эндиликда айнан шу тузилмаларнинг натижадорликка йўналтирилган фаолияти туфайли қонунчиликни такомиллаштиришдан тортиб, барча соҳаларда аёлларни қўллаб-қувватлаш ва энг асосийси – зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Олий Мажлис Сенатида хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари юзасидан Ишчи гуруҳ ташкил этилган. Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат ушбу Ишчи гуруҳ томонидан хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган ножўя ҳаракатларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш бўйича қонунчиликни такомиллаштиришга оид масалалар муҳокама этиб борилади. 

Айни кунларда Ишчи гуруҳ томонидан соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, шу жумладан, зўравонликни содир этганларга жазо чораларини кучайтириш юзасидан қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича кенг жамоатчилик, хусусан фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар, мутахассислар, ёшлар фикрлари ўрганилиб, таклифлар йиғилмоқда.

Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари томонидан «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга тиббий руҳий ёрдам кўрсатиш бўйича» ўқув қўлланма яратилди. 

Адлия вазирлиги томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш бўйича махсус онлайн курслар ишлаб чиқилди ва “kurslar.huquqiyportal.uz” электрон платформасига жойлаштирилди. Бу – айнан ҳозирда қилинаётган ишларнинг рўйхати ва мисолларни узоқ давом эттириш мумкин. Муҳими – уларнинг ҳар бири кундалик ҳаётимизда хотин-қизлар мақомининг ўзгараётгани, аёлларнинг ўзига бўлган ишончи ортаётгани билан аҳамиятли.

ҲИМОЯ ОРДЕРИ – ДАВЛАТ ҲИМОЯСИНИНГ КАФОЛАТЛАРИДАН БИРИ

Таъкидлаш жоизки, ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини берувчи ҳужжат ҳисобланади.

Хўш, ушбу ордер кимларга ва қандай вақтларда берилади?

Оилада эридан жабрланган, учинчи шахслардан ситам кўрган аёлларга, ота-онаси ёки бошқа шахсларнинг зулмига дуч келган (вояга етмаган) қизларга, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликларда жабр чеккан, кўчада, ишда, ўқишда тазйиқ ёки шилқимликка дуч келган, ҳуқуқбузарлик ёки жиноят қурбони бўлган хотин-қизларга мазкур ҳужжат берилади.

Мамлакатимизда ҳимоя ордери жорий қилинганда «Бизда бундан ҳеч ким фойдаланмаса керак», деб ўйлаганлар кўпчиликни ташкил этганди. Чунки ўзбек аёллари ўз муаммоларини уйдан нарига чиқаришни истамасликлари ҳаммага маълум. Бундан ташқари, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши таъсирчан амалий механизмлар ҳам йўқ эди.

Рақамларга эътибор қаратсак, ўтган йилда 39 минг 343 нафар хотин-қиз бундай ордердан фойдаланди ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилди. Бу, албатта, жамиятимизда аёллар орасида ҳуқуқий маданият юксалаётганидан, жойларда профилактика инспекторлари самарали фаолият олиб бораётганидан далолат. Галдаги вазифа – бу механизмнинг янада самарали ишлашини таъминлаш ҳисобланади.

МИЛЛИЙ ТАЖРИБА ВА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

Ўзбекистон БМТнинг шартномавий органлари, Хотин-қизлар тузилмаси, Тараққиёт дастури ва Аҳолишунослик жамғармаси билан гендер мавзуидаги бир қатор масалалар, жумладан, гендер зўравонликка қарши курашиш бўйича фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўтган йилнинг июнь-июль ойларида Ўзбекистон «Тенглик авлоди» глобал Париж форумида иштирок этди. Унда мамлакатимиз гендер зўравонликка барҳам бериш, репродуктив саломатлик ва хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқларини кенгайтириш каби мажбуриятларни қабул қилди.

Форум доирасида ўтказилган “Дунё ёғдуси” грантлар танловида Ўзбекистондан 4 та нодавлат нотижорат ташкилот – “Ниҳол”, “Қалб нури” (Жиззах), “Истиқболли авлод” (Хоразм), “Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази” (Фарғона) грант соҳиби бўлиб, улар ҳозирда аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича манзилли ишлар олиб боришаётир.

Албатта, ҳар қандай соҳани такомиллаштиришда хорижий тажрибани ўрганиш ва уни маҳаллий шароитимизга мослаштирган ҳолда самарали татбиқ қилиш муҳим аҳамият касб этади. Гендер тенглик ҳам бундан мустасно эмас.

2022 йил февраль ойида БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитасининг 81-сессиясида Ўзбекистон Республикасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва чек қўйиш борасида яратилган самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ва амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маъруза Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳам юқори босқични бошлаб берганлиги, инсон эрки, қадр-қиммати энг олий қадрият сифатида мустаҳкамланиши борасидаги ишлар халқаро экспертлар томонидан ижобий баҳоланди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияга Ўзбекистон 1995 йил 6 майда қўшилган. Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмита – БМТнинг шартномавий органидир. У Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қоидалари бажарилишини мониторинг қилиш билан шуғулланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича хотин-қизлар умумий сонидан 35 фоизи, яъни ҳар учинчиси зўравонликка дуч келмоқда. Бу дегани, ушбу муаммо жаҳондаги ҳеч бир мамлакатни четлаб ўтмаган. Шунга яраша бу муаммони бартараф этиш йўналишида кўпгина мамлакатлар ўзига хос тажрибага эга. Бунда асосий тамойил – давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотларнинг жамоатчилик билан доимий алоқада бўлишидан иборат. Чунки зўравонлик, ҳар қандай жиноят каби огоҳлик ва шаффофликдан «қўрқади», зўравоннинг хатти-ҳаракатлари жамият томонидан қораланиши эса уни тўхтатишнинг, пировардида келгусида олди олинишининг энг самарали усулидир.

Ўзбекистон ҳам турли мутасадди давлат тузилмалари ва жамоат ташкилотларини ҳамда кенг жамоатчиликнинг бу йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги илғор хорижий тажрибалардан фойдаланмоқда. Бу айниқса, тегишли йўналишдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси устида ишлашда яққол намоён бўлмоқда. Аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўналишида ҳам янги тажрибалар қўлланилмоқда. Бу ҳам жуда муҳим, сабаби худди ўша ҳимоя ордери ёки бошқа имкониятлардан фойдаланиш учун, аввало, хотин-қизлар бу ҳақда билиши лозим. Шундагина улар ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқара оладилар.

2018 йилдан бошлаб бизнинг ҳаётимизга халқаро амалиётдан «шелтер», яъни «хавфсиз жой» тушунчаси кириб келди. Бу атама даставвал зўрлик ишлатишдан жабр кўрган аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига нисбатан қўлланилганди. Ҳозирда улар Аёлларни реабилитация қилиш марказлари деб юритилмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори зўравонликка учраган аёлларга ёрдам тизимини яратиш, оилавий-маиший зўравонликнинг олдини олиш ва унинг мудҳиш оқибатларига барҳам беришга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Унинг асосида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида 29 та шундай марказ ташкил этилди. Шу пайтгача реабилитация марказлари нодавлат нотижорат ташкилот тарзида иш юритиб келган бўлса, эндиликда уларнинг фаолияти тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Бу эса тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ўз жонига суиқасд қилган ёки қасд қилишга мойил шахслар билан ишлаш сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини англатади.

ТАҲЛИЛЛАР НИМАНИ КЎРСАТАДИ?

Статистикага кўра, ўтган йилда марказларга 7 минг 869 нафар фуқаро мурожаат қилган. Уларнинг 7 минг 103 нафари аёл, 302 нафари уларнинг фарзандларидир. Марказлар томонидан мурожаат қилганларнинг 2 минг 538 нафарига ҳуқуқий, 3 минг 605 нафарига психологик, 80 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, 190 нафарига тиббиёт муассасасига юбориш, 951 нафарига бошқа масалаларда кўмаклашилди, 218 нафарига ҳимоя ордерини олиб беришда амалий ёрдам кўрсатилди.

Демак, ҳозирда ҳар бир вилоятда фаолияти йўлга қўйилган бундай марказлар зўравонликка дуч келган хотин-қизларга шошилинч амалий ёрдам кўрсатиш, руҳий ва жисмоний саломатлигини, айрим ҳолларда ҳатто ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.

Аслини олганда бир қарашда оламшумул кўринмаган бу ҳолат гендер тенгликни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ишларимиздаги катта натижалардан бири. Чунки айнан шу марказларнинг самарали фаолияти эндиликда кўплаб жабрдийдаларга шунчаки ёрдам кўрсатиш эмас, балки уларнинг ҳаётини тубдан яхши томонга ўзгартиришни таъминлайди. Улардан аёллар нафақат кўмак олади, балки янги билимлар, ҳаттоки касбларни ўзлаштириш ёки ўз бизнесини бошлаш имконига эга бўлади. Шу жиҳатдан ушбу тизимни ривожлантириш ва такомиллаштириш зўравонликка қарши курашишда муҳим аҳамият касб этади.

Умуман олганда, мавзу доирасида жуда кўплаб амалий мисоллар келтириш мумкин. Асосийси, ижобий ўзгаришларнинг рўёби нафақат бугунги кунда опа-сингилларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали тараққиётимизни кучайтириш, балки келгуси авлодларнинг чинданда фаровон ва нурли ҳаёт кечиришлари учун мустаҳкам замин ҳозирламоқда.

Малика Қодирхонова,
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва
гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси.

Фозилжон Отахонов,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари
ва парламент тадқиқотлари институти директори,
юридик фанлар доктори, профессор

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan