Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (O`zLiDeP) “Ёшлар қаноти” фаолларининг билимларини оширишга қаратилган ўқув курси якунланди – Қонунчилик муаммолари институти
БМТ Ўқув маркази тадбирлар Янгиликлар

     Жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилмасидаги Парламентаризмни ривожлантириш бўйича
БМТ Ўқув маркази
томонидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси “Ёшлар қаноти” фаолларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида ташкил этилган икки кунлик махсус ўқув курси ўз ниҳоясига етди.

     Ўқув курси маълумотларга бой ва қизиқарли тарзда ташкил этилди.

     Ўқув курсининг иккинчи кунида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи А.Тешабаев ўзининг “Қонуннинг Президент томонидан имзоланиши, эълон қилиниши ва кучга кириши” мавзусидаги маърузасида тингловчиларга Сенат томонидан маъқулланган қонуннинг имзоланиш учун Президентга юборилиш тартиби, Президент томонидан қайтарилган қонуннинг Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқилиши, қонуннинг расмий эълон қилиниш жараёни, қонуннинг кучга кириш тартиби ҳамда бу борада хорижий давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ҳақида зарур маълумотларни берди.

     Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ Ўқув маркази бошлиғи Ғ.Маҳаммаджанов “Қонун лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси таҳлили” мавзусидаги маърузаси доирасида қонун лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси бўйича тингловчиларга тушунтиришлар берди.

     Шунингдек, ўқув курси давомида тренерлар томонидан сиёсий партияларнинг тарғиботида “кейс стади” усулидан самарали фойдаланиш, сиёсий партия аъзоларининг халқ билан самарали мулоқотни ўрнатиш бўйича керакли тавсиялар берилди.

     Ўқув курси якунида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга асослантирилган жавобларни олишди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan