Нега ажратилган маблағлар ўз вақтида ўзлаштирилмай қоляпти? – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 23,9 трлн. сўм маблағ йўналтирилган.

Хусусан, Мактабгача таълим тизимига давлат бюджетидан 4 674,4 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, ушбу маблағларнинг 4 479,9 млрд. сўми ўзлаштирилган. Жорий йилнинг 1 июл ҳолатига кўра, республикамиздаги 3-7 ёшдаги болалар сони 2 820,1 минг нафарни ташкил этган бўлса, уларнинг 1 957,4 мингтаси мактабгача таълим тизими билан қамраб олинган.

Шунингдек, 2022 йилнинг биринчи ярмида нодавлат ҳамда давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактабгача таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга қатновчи 613,8 мингдан ортиқ тарбияланувчилар учун давлат бюджетидан 1 090,4 млрд. сўм маблағлар ажратилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича умумий таълим йўналишига 17,0 трлн. сўм (2021 йилга нисбатан 123,6 фоиз) маблағ йўналтирилган бўлиб, ушбу харажатлар жами таълим харажатларининг 71,0 фоизини ташкил этди.

Ўтган даврда олий таълим муаассасалари, кадрларни қайта тайёрлаш ва илмий-тадқиқот институтлари учун Давлат бюджетидан жами 2 439,0 млрд. сўм маблағ ажратилди. Қолаверса, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларини сақлаш ҳамда таълим олувчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Давлат бюджетидан жами 953,7 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.

Йиғилишда депутатлар бугунги ёш авлодни тарбиялаш ва уларга таълим бериш соҳасига қаратилаётган эътибор ва ҳукуматимиз томонидан бу борадаги лойиҳаларга етарли даражада маблағ ажратилаётганини ижобий баҳолашди.

Шу билан бирга, ажратилган маблағлар ўз вақтида ўзлаштирилмай қолаётгани сабаби билан қизиқди. Депутатларнинг айтишича, Халқ таълими вазирлиги Президентимизнинг тегишли қарори билан белгиланган мақсадли индикаторларнинг 2022 йил учун режа кўрсаткичи 25,816 млрд сўм белгиланган бўлса-да, 6 ой давомида 14,613 млрд сўм ёки 57 фоизини бажарган, холос.

Мактабгача таълим вазирлиги бўйича мақсадли индикаторларнинг 2022 йил учун режа кўрсаткичи 6,492 млрд сўм белгиланган бўлиб, шундан 2,423 млрд сўм ёки умумий режа 37 фоизга бажарилган.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари мақсадли индикаторларнинг ўз вақтида бажарилмаслигига нима сабаб бўлаётгани билан қизиқди ва бир қатор саволларни ўртага ташлашди. Мутасаддилар ҳар бир масала юзасидан тушунтиришлар бериб ўтишди.

Қизғин кечган бахс-мунозаралардан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan