Ўзбекистонда янги демократик бошқарув тизими шаклланмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” деб номланган асарида таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган инқилобий ислоҳотлар “…бутун давлат бошқарув тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга – “Янги шахс”, “Янги фуқаролик жамияти”, “Янги демократик бошқарув тизими”га олиб чиқишни талаб қилади. Бу қатъий талаб, ўз навбатида, тизимли конституциявий ислоҳотлар ўтказишни кун тартибига долзарб вазифа қилиб қўймоқда”.

Мазкур мақсадга эришиш учун 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида давлат ва жамият қурилишида қатор устуворликлар белгилаб олинди.

Жумладан, Тараққиёт стратегиясининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш” деб номланган 3-мақсадда маҳаллий ижро ҳокимияти органларини демократик тамойиллар асосида шакллантириш; “Халқ билан мулоқотнинг механизмларини такомиллаштириш” дб номланган 11-мақсадда – Халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш; “Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” деб номланган 12-мақсадда – жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиётини жорий этиш ҳамда айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш каби вазифалар белгилаб берилган.

Санаб ўтилган ана шу ва бошқа стратегик вазифаларга эришишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги қарори билан давлат органлари, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик кенгашлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур кенгашлар давлат органларининг аҳоли билан очиқ ва манзилли мулоқот олиб боришнинг янги самарали воситаси ва механизми сифатида эътироф этилмоқда. Буни бир нечта жиҳат билан асослантиришимиз мумкин.

Биринчидан, биргаликда мулоқот қилиш, давлат органининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун давлат органини фуқаролар билан боғлаб турадиган «кўприк» ролини бажариш жамоатчилик кенгашларининг асосий вазифаларидан бири сифатида эътироф этилди.

Иккинчидан, жамоатчилик кенгашлари давлат бошқаруви органларига нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан келиб тушган социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни умумлаштириш ва баҳолаш ваколатига эга бўлишди.

Учинчидан, жамоатчилик кенгашлари қатор муҳим масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этиш ҳуқуқига ҳам эришди.

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти мазкур жамоатчилик кенгашлари фаолиятини комплекс равишда ўрганиш ва уни янада жонлантиришни ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олган.

Бунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан бирга Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган лойиҳани республиканинг учта пилот туманларида: Сирдарё вилоятининг Ховос туманида, Наманган вилоятининг Косонсой туманида ва Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида амалга ошириб келмоқда.

Лойиҳа доирасида пилот туманларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти: туман ҳокими ва халқ депутатлари Кенгаши ҳузурида жамоатчилик-маслаҳат кенгашларини шакллантиришдан бошлаб мазкур тузилмалар фаолиятини режалаштириш ва йўлга қўйишгача бўлган барча институционал, ташкилий ва амалий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, кенгаш аъзоларининг кўникмаларини шакллантириш, улар олдига қўйилган вазифалар ва ҳуқуқларини рўёбга чиқариш борасида билим ва маҳоратларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2022 йил март-август ойлари мобайнида пилот туманларда жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари фаолиятининг асл мазмун-моҳиятини очиб бериш, улар олдида турган асосий вазифаларни бажариш механизми ҳамда уларга юклатилган ҳуқуқлардан фойдаланиш тартибини тушунтиришга йўналтирилган туркум семинар-тренинглар жорий этилди.

Мазкур тренинглар жараёнида жамоатчилик-маслаҳат кенгаши аъзолари, масалан, қандай қилиб ҳоким ёки халқ депутатлари Кенгаши қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатлари ва жамоатчилик фикрини етказиши ва ҳисобга олинишини таъминлаши. Фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонун ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаши, давлат органи зиммасига юкланган ҳамда ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахл қилувчи вазифалар ва функцияларни бажариши, давлат хизматларини кўрсатиши, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариши бўйича давлат органи ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мумкинлиги амалий тадбирлар, тест саволлари, ўйинли машғулотлар ва бошқа интерактив услублар ёрдамида ўргатилди.

Ҳозирги кунда жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари қатор ижобий натижаларга эришган, десак, муболаға бўлмайди.

Масалан, Косонсой тумани ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик-маслаҳат кенгаши тумандаги “Истиқлол” тантаналар мажмуасида 2021 йил 3 декабрь куни “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан тадбир ўтказди. Тадбир давомида туманда яшовчи ногиронлиги бор 30 нафар шахсга ногиронлар аравачаси, 7 нафарига эшитиш мосламаси, 26 нафарига хасса, 5 нафарига кўзи ожизлар хассаси, 20 нафарига қўлтиқ-таёқ, 13 нафарига тирсакли хасса, 1 нафарига юриш мосламаси берилди. 21 нафар ногирон протез маҳсулотлари билан таъминланди. Ногиронларни санаторийларда соғломлаштириш бўйича 46 нафарига республикамизнинг “Косонсой”, “Олтиариқ”, “Товокқой”, “Нуроний” санаторийларига бепул йўлланмалар берилишида амалий кўмак кўрсатилди.

Ёки Косонсой туман халқ депутатлари Кенгаши ҳузуридаги жамоатчилик-маслахат кенгаши “Гулбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида “Очиқ бюджет” ахборот порталидан энг кўп овоз тўплаб, маҳалланинг ички йўлини асфальтлаштириш ташаббусини туман ҳокимлигига киритиши натижасида мазкур ишлар бошлаб юборилди.

Шу каби ишлар Ховос ва Шўрчи туманларида тузилган жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари томонидан ҳам амалга оширилди.

Ўйлаймизки, республиканинг барча давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашларининг тузилиши мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлат ва жамият ўртасида таъсирчан ҳамда самарали мулоқотни йўлга қўйиш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг мустаҳкам механизмларини ривожлантириш, улар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилади. Пировардида эса Ўзбекистонда янги демократик бошқарув тизими шаклланади.

Олимжон ОҚИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти бўлим бошлиғи,
юридик фанлари доктори, профессор.

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan