Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўйича фракциялараро дебат ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда сиёсий партиялар фракцияларининг аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Дебат мавзуси бўлган қонун лойиҳасида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, атмосфера ва сув ресурсларига зарар етказганлик билан боғлиқ янги ҳуқуқбузарликлар турларини ва улар учун жавобгарликни белгилаш назарда тутилган.
Қайд этилганидек, киритилаётган қонун лойиҳасида жониворларнинг шафқатсизларча ўлдирилиши, чавоқланиши, энг ачинарлиси кўнгилхушлик сифатида тириклайин ёқиб юбориш ҳолатлари майда безорилик сифатида малакаланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Бундан ташқари шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш жамоаси вакиллари томонидан ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик қилиш қийноққа солиш кўпинча болалар ва кекса фуқароларнинг кўз ўнгида содир этилмоқда.
Ҳайвонларга нисбатан инсонпарварлик муносабатида бўлиш – ҳар қандай мутараққий маданиятнинг ажралмас қисми.
Юзага келган вазиятлардан келиб чиқиб, Жиноят кодекси ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун, яъни безорилик оқибатида ёки бошқа ғаразли ниятларда уларнинг қийноққа солиниши ёхуд уларга азоб етказилиши уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликни белгиловчи янги 2021-модда билан тўлдирилмоқда.
Ўз навбатида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
111-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилиб, биринчи қисмида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик, яъни безорилик оқибатида ёки бошқа ғаразли ниятларда уларни қийноққа солганлик ёки уларга азоб етказганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима, иккинчи қисмида худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ёки вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилганлиги ёхуд ҳайвонларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш тарзидаги жавобгарлик белгиланмоқда.
Дебат мавзуси юзасидан сиёсий партияларнинг расмий позицияси:
ЎзЛиДеП фракцияси – Қонун лойиҳасида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш бўйича киритилган ўзгартириш қўллаб-қувватланди. Фракция аъзолари тадбиркорларга енгиллик яратиш, уларни кўллаб-қувватлаш мақсадида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексда лойиҳаларни давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасисиз рўёбга чиқариш ва лойиҳаларга берилган давлат экологик экспертиза хулосаларида белгиланган шартларни бажармаганлик учун белгиланган жавобгарликни бекор қилиш таклифини билдирди.
“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси – Қонун лойиҳасида янги киритилаётган 861-моддаси, яъни озон қатламига зарарли таъсир кўрсатишнинг олдини олишга доир талабларни бузиш бўйича модданинг диспозицияси, озон қатламига зарарли таъсир кўрсатишнинг олдини олишга қаратилмаганлиги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси иккинчи қисмида “Таркибида озонни бузувчи моддалар мавжуд бўлган буюмлардан фойдаланувчи ва уларни таъмирловчи корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар бундай моддалар ҳисобга олинишини ва улар озон учун хавфсиз моддалар билан алмаштирилишини таъминлаши лозим” деб келтирилганлигига эътироз билдирилди. Шунингдек, жарима қўлланадиган шахслар доираси кенгайиб кетганига ҳам эътироз билдирилди. “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасининг иккинчи қисмида “Таркибида озонни бузувчи моддалар мавжуд бўлган буюмлардан фойдаланувчи ва уларни таъмирловчи корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар” назарда тутилган. Лекин, мазкур қонун лойиҳасида эса фуқароларга ҳам жарима қўллаш амалиёти киритилмоқда. Фракция шу масалага эътироз билдирди ва изоҳ талаб қилди.
“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси – Айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш орқали кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди. Экологик партия ёки соҳага оид бошқа нодавлат ташкилотлари мазкур йўналишда тарғиботларни кучайтириши лозим. “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 74-моддасига қўшимча тарзда киритилаётган “Сувдан хўжасизларча фойдаланиш ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш” деган ҳаволаки нормалар киритилиши норматив хужжатларда аниқ белгиланмаганлиги сабабли ушбу мажбуриятлар тушунмовчиликларни келтириб чиқариши ва ҳаттоки коррупцияга кенг йўл очиши мумкин.
Халқ демократик партияси – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга “Ўсимлик дунёси объектларини йиғиш, тайёрлаш ва улардан фойдаланиш тартиби ва шартларини бузиш” тўғрисида 791-модда билан тўлдирилиши назарда тутилган. Ушбу моддада фуқароларга белгиланган жаримани, яъни “базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача” белгиланган жарима миқдорини “базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисмидан бир баравари”гача камайтириш зарур.
Экология партияси фракцияси – Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бригадаси вакиллари ҳайвонларни стериллаш, боқиш, эмлаш ваколати берилмаган. Мазкур қонун лойиҳасида ушбу бўлим фаолиятини эътиборга олиш лозим.
Баҳс-мунозаралардан сўнг, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан билдирилган таклиф ва тавсияларни умумлаштирадиган бўлди.