Дуарте Пачеко: Демократия стандартлари ҳамма учун мувофиқ ва тенгдир – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Пойтахтимизда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг навбатдаги 14 – саммити бўлиб ўтмоқда.

Мазкур нуфузли анжуманга БМТ, Парламентлараро Иттифоқ ва унга аъзо мамлакатлар парламентлари палаталарининг аёл-спикерлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, йигирмага яқин давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этмоқда.

Саммитда Парламентлараро иттифоқ раиси Дуарте Пачеко ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади.

«Ушбу нуфузли анжуманга Ўзбекистон мезбонлик қилиб турганидан, саммитга юксак савияда тайёргарлик кўрилганидан мамнунмиз. Парламентлараро аёллар фаоллигини, гендер тенгликни таъминлашдек эзгу саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзилла Норбоевага алоҳида миннатдорлик билдираман. Ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур ишлар нафақат бу давлатда балки, бутун минтақада гендер тенгликни таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз» деди Пачеко.

Маърузачининг қайд этишича, демократия стандартлари ҳамма учун мувофиқ ва тенгдир. Биз доимо аёлларни жамиятда фаол бўлишга мамлакатларни ривожлантиришда ўз ҳиссаларини қўшиши тарафдоримиз. Шундан келиб чиқиб, Парламентлараро иттифоқ ҳам гендер тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратади. Парламент аъзоси бу – халқнинг вакили. Шу сабабли ушбу вакиллар орасида аёллар ҳам тенг миқдорда бўлиши муҳим. Иттифоқ сўнги қирқ йил давомида аёлларни сиёсатда ҳам жамиятда фаол бўлиши борасида кўплаб ишлар амалга оширди. Биз эришган натижаларга хурсанд бўлиш билан бирга парламентлараро аёллар сони янада ортишига, ўзгаришларга тайёр туришга кўпроқ аҳамият қаратишимиз керак. Ҳали олдинда қилиниши керак бўлган ишлар кўп.

Парламентлараро иттифоқ раиси ҳамон кўплаб мамлакатлар парламентида аёллар иштироки мавжуд эмаслигига эътиборни қаратди. “Биз эришган натижаларимизга хурсанд бўлишимиз керак. Бугунгидек форумлар эса бу борадаги ишларни жадаллаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Чунки ҳаммага, айниқса, аёлларга имкониятлардан кенг фойдаланиш учун қулайлик яратиш, уларни фақат парламентда эмас барча жабҳада иштироки таъминлаш зарур. Чунки аёллар сиёсатда нозик масалаларни кўтаради ва шу орқали жамиятдаги муаммолар ечим топади, можаролар ўз вақтида ҳал этилади”.

Пачеко сўнги икки йил давомида инсоният жиддий синовли кунларни бошдан кечиргани тўғрисида гапириб, пандемия вазиятининг, айниқса, аёлларга таъсири кўпроқ бўлди, улар бу шароитда анча жабр кўришди, деб айтди. Шу боис саммитнинг биринчи сессиясида пандемиядан кейин глобал тикланишга тўсқинлик қиладиган хавфларни бартараф этиш масаласи кўриб чиқилади.

Парламентлараро иттифоқ раиси Дуарте Пачеко сўзининг якунида “бутун дунё нафақат пандемиядан кейинги тикланишни бошдан кечиряпти. Шу билан бирга, иқтисодиётни ривожлантиришга аҳамият қаратяпти. Бу жараён, айниқса, сиёсатчиларнинг зиммасига катта масъулият юклайди.

Саммитда кўрилаётган масалалар, улардан келиб чиқадиган хулосалар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада самаралироқ таъминлашга хизмат қилади”, деб таъкидлади.

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan