Глобаллашув даврида тараққиётнинг янги бурилиш нуқтаси – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Демократик жамиятлар ва давлатлар ўз тараққиёт формуласига йиллар давомида эришади. Бу жараён ўзига хос ижтимоий, сиёсий, тарихий ва маънавий ривожланиш билан боғлиқ ҳолда кечади. Ташқи сиёсат имкониятларидан тўғри ва мақсадли фойдаланиш стратегик ривожланишининг муҳим омили ҳисобланади.

Глобаллашув ва замонавийлик муносабатлари кундан-кун янгича қиёфа касб этиб бораётган дунё мамлакатларига қуролли хавф-хатарлардан кўра ғоявий ва сиёсий мазмундаги таҳдидларнинг таъсири юқори. Бундай жараёнларнинг олдини олишда Янги Ўзбекистон ўзига хос ғоявий иммунитет ва конструктив ҳамкорлик йўлидан бормоқда. Яна бир жиҳати – юртимиз сўнгги олти йилда дунёда ўз сиёсий позициясини янада мустаҳкамлагани, ўзига хос тараққиёт йўлидан собит ва барқарор бораётгани билан изоҳланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуотда эълон қилинган “Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли мақоласи бугунги дунё сиёсий ва ҳарбий ҳаётининг реал воқеликлари таҳлили ҳамда тараққий этган давлатларнинг ўзаро муносабатларини ривожлантиришнинг келажакдаги ўзига хос прогнозига бағишлангани билан халқаро ташкилотлар, сиёсатчилар ва кўплаб нуфузли нашрлар эътиборига тушди.

Маълумки, мамлакатимиз ШҲТга 2001 йилда аъзо бўлди ҳамда кун сайин ушбу ташкилотда муҳим ва муқим ўрнига ва нуфузига эга бўлиб бормоқда. Бунинг исботини ШҲТнинг асосий органларидан бири бўлган, 2004 йил 1 январдан фаолият юрита бошлаган Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) Тошкент шаҳрида жойлашганлигидан ҳам англаш қийин эмас.

МАТТ зиммасига ахборот алмашиш, чегара ва божхона қўмиталарининг, махсус хизматларнинг ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, шу орқали терроризмнинг олдини олиш вазифаси юкланган. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 2004 йил 17 июнда Тошкентда ўтган мажлисида Ташкилотнинг шаклланиш даври якунлангани қайд этилиб, якуни бўйича Тошкент декларацияси, ШҲТ ваколатлари ва иммунитетлари тўғрисидаги конвенция, Наркотик воситалар ва психотроп моддалар ноқонуний айланишига қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битим, ташкилот ва унинг органлари фаолиятига доир қатор ҳужжатлар имзолангани Ташкилот ривожида Ўзбекистоннинг ўзига хос мақомини кўрсатади. Ташкилотнинг Санкт-Петербургда ўтган 2-саммитида (2002 йил июнь) устав ҳужжати – ШҲТ Хартиясига имзо чекилди. ШҲТнинг олий органи – Давлат бошлиқлари кенгашидир. ШҲТ фаолиятида Ўзбекистон раислик қилган даврларда эришилган ютуқлардан бири – БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2009 йил 18 декабрда консенсус асосида ШҲТ ва БМТ ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги махсус резолюция қабул қилинишидир. Эътиборга молик томони, ушбу резолюцияга ШҲТга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон ва Тожикистондан ташқари Покистон ва Доминикан Республикаси ҳам ҳаммуаллифлик қилган.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ғоялар нафақат ШҲТ ташкилоти мисолида, балки дунё мамлакатларининг ўзаро манфаатлар ва мақсадлар асосида бирлашувини назарда тутган ҳолда, янгича ривожланиш, иқтисодий ҳамкорликнинг миллий ҳамда тарихий концепцияси сифатида баҳоланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг мақоласида бугунги давлатлар сиёсий тизимидаги ўзгаришлар ва халқаро ҳамкорликни таъминлашга қаратилган бир қатор янгича мазмун касб этувчи феноменлар қўлланилганини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим.

Биринчидан, “Тарихий эврилиш” глобаллашув даврида ижтимоий-сиёсий муносабатларнинг янги, кўз илғамас ҳодисалар мажмуи сифатида талқин этили.

Иккинчидан, “Блокларга мансублик стереотипи” тушунчаси замирида ҳарбий ташкилотларнинг хавфи ҳар қандай давлатлар ва жамиятларга кутилмаганда таъсир ўтказиши мумкинлиги алоҳида таъкидланди.

Учинчидан, “Самарали халқаро ҳамкорлик” давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кўриниши тарзида изоҳланди. Зеро, бугунги кунда давлатлараро муносабатлар мураккаблашиб бораётгани айнан конструктив мулоқот ва ўзаро ишонч муҳити йўқлигидир.

Тўртинчидан, “Муваффақиятли минтақавий ҳамкорлик модели” тушунчаси бевосита ШҲТга аъзо мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашлари билан боғлиқ туюлса-да, унинг сиёсий мазмуни барча мамлакатлар билан, хусусан, чегарадош давлатларнинг янгича механизми сифатида баҳоланади.

Бешинчидан, “Самарқанд руҳи”. Жаҳон мамлакатларида ўзининг тарихий ўрни ва сиёсий муносабатларини ўзгартиришда аниқ ва мақсадли таъсир нуқтаи назаридан пойтахтларнинг, тарихий ва машҳур шаҳарларнинг ўрни муҳим бўлган. Жумладан, дунёда тинчлик шаҳри сифатида Париж, халқаро ташкилотларнинг асосий маркази сифатида Брюссель ва ҳоказо шаҳарлар мавжуд. Шунга кўра, бугунги дунё тараққиётининг янги нуқталарини белгилашда ҳамда сиёсий муносабатларнинг янги йўналишларини очиб беришда тарихий ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг бобокалонимиз Амир Темур давридаги мақоми қайта тикланиши, унинг ҳозирги глобаллашув замонида сиёсий, иқтисодий ривожланишни англатувчи янгича сиёсий феномен сифатида тарихга кириши муқаррар. Зотан, “Самарқанд сайқали рўйи замин аст” деб таърифлангани, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳр камроқдур. Бешинчи иқлимдиндур. Тули рамзи нужумий даража ва дақиқадур, арзи даража ва дақиқадур…” дея эътироф этгани бежиз эмас.

Ер куррасидаги жойлашув ўрни ҳам ўзига хос ва камёб бўлиб, ўз даврида буюк олим Мирзо Улуғбекнинг авлодларга бебаҳо астрономик манба бўлиб келаётган “Зижи Кўрагоний” асари ҳам айнан Самарқандда яратилгани таҳсинга сазовор.

ШҲТ давлатлари ўзаро муносабатларда «Шанхай руҳи» тушунчасига амал қилади. Бу ибора асосида қарорларни консенсус тарзда қабул қилиш, ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, тенглик, маслаҳатлашув, маданий хилма-хилликка ҳурмат билан ёндашиш, биргаликда тараққий этишга интилиш тамойилларига қатъий амал қилиш жиҳатлари мужассам. Президентимиз ушбу тушунчани тўлдириб, унинг мантиқий давомида сифатида “Самарқанд руҳи” деган ноёб феноменни қўллаганлиги қатор халқаро сиёсий экспертлар томонидан юксак баҳоланди.

Хулоса қилиб айтганда, “Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласи Янги Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятининг янги сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий, ижтимоий имкониятлари янада юқори сифат босқичига кўтарилаётганини, нафақат ШҲТга аъзо давлатлар мисолида, балки дунё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларининг янгича ракурсини белгилашнинг ўзига хос миллий, демократик тамойилларини ривожлантиришга хизмат қилувчи сиёсий таҳлил сифатида алоҳида аҳамият касб этиши муқаррар.

Зеро, кучли давлатларнинг сиёсий нуфузи уларнинг катта тарихий ривожланишга кўшган кичик ҳиссасидан бошланади.

Фозилжон Отахонов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти директори,

юридик фанлар доктори, профессор.

www.xs.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan