Тошкент ва Истанбул ҳамкорлигига оид меморандум имзоланди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Айни кунларда Тошкент шаҳри Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Санжар Умматов бошчилигидаги делегациянинг Туркия пойтахти Истанбул шаҳрига амалий ташрифи давом этмоқда.

Ташриф доирасида делегациямиз аъзолари Истанбул Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Али Сукаш ҳамда шу йўналишдаги бошқа масъуллар билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида томонлар шаҳар кўркамлигини оширишнинг муҳим омиллари, ободонлаштиришда қўлланилаётган янги услублар, гул ва кўчатларни экиш ҳамда парваришлаш жараёнида қўлланаётган янги технологиялар борасида фикр алмашди.

Шунингдек, мутахассислар йўл қурилиши, кўприкларни сақлаш ва таъмирлаш, суғориш тизимини такомиллаштиришга доир янгиликлар, иқлим шароитига мос амалиётни жорий этиш масалаларига ҳам эътибор қаратдилар.

Мулоқот якунида Тошкент шаҳри Ободонлаштириш бош бошқармаси ҳамда Истанбул Ободонлаштириш бошқармаси ўртасида ҳамкорлик ва тажриба алмашишга қаратилган меморандум имзоланди.

Мазкур ҳужжат тизимлар томонидан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, соҳа мутахассислари ўртасида тажриба ва малака алмашинувини йўлга қўйишни назарда тутади.

ЎзА

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan