А.Саидов масъул муҳаррирлигида “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар конституциялари” китоби чоп этилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли анжуман пандемия бошланганидан бери, яъни сўнгги уч йилда илк марта бевосита мулоқот шаклида ўтказилади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти катта гео график ҳудудни қамраб олади ҳамда сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштиради. Ташкилот қисқа фурсатда маслаҳат механизми шаклидан кенг қамровли давлатлараро бирлашмага айлана олди. Бунга ШҲТнинг асосий инструментлари — тенг ҳуқуқлилик ва консенсус, цивилизациялараро ва маданий хилма-хиллик, шунингдек, барча аъзо давлатларнинг суверенитетини ҳурмат қилиш кабилар ёрдам берди.

Сўнгги йигирма йилда халқаро ҳамжамият ШҲТ фаолиятида катта ўзгаришлар гувоҳи бўлди. Буюк ипак йўлининг марвариди — Самарқандда қатор муҳим концептуал ҳужжатлар, жумладан, “Шанхай руҳи” тамойили асосида халқаро миқёсда ШҲТнинг тадрижий ривожини янги босқичга олиб чиқувчи ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқанд декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласида тўғри таъкидланганидек, “Бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли — конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир… “Самарали халқаро ҳамкорлик — бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир”.

Қадимдан “ғоялар ва билимлар ўчоғи, маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳаси” бўлган Самарқанд ҳозир ҳам давлатлараро мулоқот, глобал ва минтақавий масалаларга ечим топиш учун энг муносиб шаҳарлардан биридир. Бугунги кунда “Самарқанд руҳи” мамлакатимизнинг муҳим халқаро ва дипломатик ташаббусларини илгари суриш ҳамда тарғиб этиш учун ўзига хос майдон вазифасини бажармоқда.

Янги Ўзбекистоннинг замонавий дипломатиясида Самарқанд алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу қадимий ва навқирон шаҳар “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” халқаро конференцияси (2017 й.), Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми (2018 й.), Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми (2020 й.) каби жаҳон миқёсидаги йирик анжуманларга мезбонлик қилгани фикримиз далилидир.

Самарқанддаги ШҲТ саммити арафасида академик А.Саидов масъул муҳаррирлигидаги янги нашр — “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар конституциялари” китоби чоп этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан тайёрланган мазкур тўплам ШҲТнинг расмий тилларида “ТАСВИР” нашриётида юқори сифатда қалин муқовада нашрдан чиқди. Китоб саҳифаларидан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар — Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистон конституциялари ўрин олган.

Нашр ШҲТ миқёсида конституционализм ривожининг барча жабҳалари билан танишиш имконини беради. Тўпламда қайд этилганидек, “ШҲТ – бу цивилизациялараро мулоқот ва маданий-ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун истиқболли майдон эканини унутмаслик керак”.

Халқ дипломатияси, туризм, дўстлик ва яхши қўшничиликни кучайтириш, янги маданий-ижтимоий ташаббуслар орқали “Шанхай руҳи”ни амалда ифода этиш, шунингдек, ШҲТ фаолияти кун тартибини ахборот-коммуникация технологиялари, камбағалликни қисқартириш, ўсимликлар карантини, ШҲТнинг глобал миқёсдаги нуфузини мустаҳкамлаш ва халқаро алоқаларини кенгайтириш каби ҳамкорликнинг янги йўналиш ва шакллари билан бойитиш ҳам муҳимдир.

Китобда таъкидланганидек, “ШҲТ маконининг конституциявий ривожланиши муайян умумийлик билан тавсифланади”. Ташкилотга аъзо давлатлар конституцияларининг динамик ривожланиши, уларда “халқ ҳокимиятчилиги, давлат бошқарувининг республика шакли, давлатнинг ижтимоий ва дунёвий хусусиятлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлиги, ҳокимиятнинг бўлиниши, мулк шаклларининг кўплиги ва тенг ҳуқуқлилиги, ҳудудий яхлитлик” каби тамойиллар мустаҳкамлангани шулар жумласидандир.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ШҲТга аъзо барча мамлакатларнинг конституцияси илк бор яхлит тўплам ҳолида нашр этилди. Тўплам ҳар бир мамлакатнинг конституциявий ўзига хослигини, ШҲТ маконида конституциявий-ҳуқуқий плюрализм ва тадрижий ривожланишни намоён этиши билан ҳам аҳамиятли. Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар даврида ШҲТга аъзо мамлакатларнинг конституцион тажрибасини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса ушбу нашрнинг аҳамиятини янада оширади.

Мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги доирасида нашр этилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар конституциялари” китоби илмий тадқиқотчилар, олимлар, давлат идоралари, илмий ва таълим муассасалар мутахассислари, талабалар ва жаҳонда конституционализм тараққиёти масалаларига қизиқувчи кенг аҳоли қатлами учун керакли ва фойдали манба бўлиши шубҳасиз.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan