Ўзбекистон ва Покистон етакчилари икки томонлама шерикликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрган Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув ўтказди.

Давлатимиз раҳбари дўст Покистон Бош вазирини юртимизга ташрифи билан самимий қутлаб, Самарқанддаги ШҲТ саммитида иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Шаҳбоз Шариф самимий қабул ҳамда Покистондаги сув тошқинларидан жабрланганларга кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун Ўзбекистонга ташаккур изҳор этди. Покистон мамлакатимиз билан кўп қиррали стратегик шерикликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Етакчилар икки томонлама, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини батафсил кўриб чиқдилар.

Ўзаро савдо кўрсаткичлари ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йилда улар 47 фоизга, жорий йил бошидан яна 10 фоизга ошди. Қўшма корхоналар сони 200 тага етди.

Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Трансафғон темир йўли лойиҳасини тезлаштириш, савдо учун тўсиқларни бартараф этиш, товарларни ўзаро етказиб бериш учун қулай шароитлар яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув очиқ, самимий ва дўстона руҳда ўтди.

www.president.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan