Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг лингвистик экспертизаси — долзарб вазифа – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар

Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини янада ошириш, номатив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат тилида сифатли тайёрлаш, қабул қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу соҳада Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат ти­ли сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 20 октябрда “Мамлакатимизда ўз­бек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлар қабул қилинди.

Шунингдек, “2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси” тасдиқланди. Унга асосан 2025 йилга қадар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш, давлат тилининг соф­лигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва барча соҳа мутахассисларининг нутқ маданиятини ошириш, давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш каби устувор вазифалар белгиланди.

Бу соҳадаги ижро сифатини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 октябрдаги қарори билан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

“Экспертиза” сўзи лотинча “expertus” атамасидан олинган бўлиб, “тажрибали, билимдон” деган маъноларни англатади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат экспертизаси деганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ло­йи­ҳасининг шу соҳадаги етук, профессионал даражадаги мутахассис, яъни эксперт томонидан халқаро нормалар, фан ва техниканинг илғор ютуқларидан келиб чиққан ҳолда ўрганилиши, таҳлил қи­линиши, лойиҳа бўйича хулоса, таклиф ва тавсиялар берилиши тушунилади.

Шу нуқтаи назардан 2022 йилда Адлия вазирлиги қо­шидаги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан нашр этилган профессор Шуҳрат Кўчимовнинг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш” номли қўлланмаси муҳим аҳамият касб этади. Аввало, методик қўлланмада “юридик тил” атамасининг маъносига содда ва равон тилда таъриф берилгани эътиборлидир.

Ш.Кўчимов қайд этганидек, “юридик тил” деганда — ҳу­қуқшуноснинг ўз фикрини ва ҳуқуқий нормаларни ифодалашда тил бирликлари мажмуи: товуш, қўшимча, сўз, атама, сўз бирикмаси ва гаплардан қандай фойдаланиши тушунилади.

Ушбу методик қўлланманинг қуйидаги ижобий хусусиятларини кўрсатиш мумкин.

Биринчи хусусияти: ҳо­зирда Олий Мажлисда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қа­бул қилишдан аввал уни ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш институти жорий этилди. Бунда қонун лойиҳаси ҳуқуқий, халқаро, коррупцияга қарши, сиёсий, иқтисодий, молиявий, лингвистик йўналишларда экс­пертизадан ўтказилмоқда.

Дарҳақиқат, норматив-ҳу­қуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда экспертиза муҳим ўрин тутади. Зеро, айнан экспертиза ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳар томонлама мукаммал бўлишини таъминлайди.

Иккинчи хусусияти: мазкур соҳани янада ривожлантириш учун сўнгги йилларда мамлакатимизда 20 дан ор­тиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш механизми такомиллашди. Хусусан, ўзбек тилини давлат тили сифатида янада ривожлантириш учун том маънода янги тузилма — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти ва унинг жойлардаги давлат тили бўйича маслаҳатчилари тизими жорий этилди.

Учинчи хусусияти: норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини лингвистик экспертизадан ўтказишга қўйиладиган юрислингвистик талаблар, жумладан, юридик тил, грамматик норма ва юридик терминология қоидаларига қатъий риоя қилиш масалаларида муҳим манба ҳисобланади. Бундай экспертиза норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда юридик техника қои­да­ларига асосланган ҳолда уни сифатли ишлаб чиқиш, юридик тил талабларидан келиб чиққан ҳолда мукаммал даражада тузиш, тайёрлаш ва белгиланган тартибда расмийлаштиришни тўғ­ри бажаришда ёрдам беради.

Тўртинчи хусусияти: норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрловчи ва уни линг­вистик экспертизадан ўтказувчи мутахассислар, давлат тилида иш юритиш бўйича масъул ходимларнинг лингвистик экспертиза бўйича билим, малака ва амалий кў­никма­ла­рини янада оширишга хизмат қилади.

Бинобарин, лингвистик экспертиза ўзига хос билим ва фанлар мажмуи бў­либ, дунё илмий техник тараққиётида ушбу соҳа махсус фан даражасига кўтарилган. Шу боис дунёнинг илғор олий ўқув юртларида айни соҳа бўйича махсус мутахассислар тайёрланмоқда.

Бешинчи хусусияти: Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 октябрдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ло­йи­ҳаларини лингвистик экс­пертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тас­диқлаш ҳақида”ги қарорига асосан 2023 йил 1 январдан бошлаб лойиҳани ишлаб чиқувчининг ташаббуси билан ёхуд топшириққа кўра, вазирлик, идоралар билан келишишдан олдин лойиҳа матни давлат тили қоида ва талабларига мувофиқлигини текшириш мақсадида лингвистик экс­пертизадан ўтказилишида методик қўлланма ҳи­соб­ланади.

Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда қонун ло­йи­ҳаларининг тил ва услуб жиҳатдан янада мукаммал бўлиши, унинг лингвистик экс­пер­ти­за­сида қонун ижодкорлиги, суд лингвистикаси экспертизаси, лингвокриминалистик экспертиза соҳаларини том маънода ривожлантириш учун ҳуқуқ ва тил интеграцияси, яъни юрислингвистикага асосланган ихтисослашган кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш долзарб вазифадир.

Шу нуқтаи назардан, ушбу методик қўлланма бугунги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойи­ҳаларини тайёрловчи ва уни лингвистик экспертизадан ўтказувчи мутахассислар, давлат тилида иш юритиш бўйича масъул ходимларга муҳим кўмакчи вазифасини ўтайди.

Акмал Саидов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Спикерининг биринчи ўринбосари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan