Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ўтказилишида катта маъно бор.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Буюк ипак йўлининг қоқ юрагида жойлашган бу муаззам шаҳар минг йиллар давомида миллатлараро мулоқот, ўзаро маданий ва маънавий ҳамкорлик, савдо ва илмий алмашинувлар маркази сифатида хизмат қилиб келган.
Ушбу анжуманнинг Самарқанда ўтказилиши унинг нуфузини янада оширди. Саммит доирасида икки томонлама кўплаб учрашувлар бўлиб ўтгани ҳозирги глобал муаммолар ечимига йўл очишига ишончимиз комил.
Хусусан, Президентимиз хорижий делегациялар раҳбарлари Хитой Халқ Республикаси, Эрон, Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва бошқа қатор давлатлар раҳбарлари билан долзарб минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалаларни, замонамизнинг глобал муаммоларини муҳокама қилдилар.
Биргина Хитой Халқ Республикаси Раиси билан ўтказилган музокаралар натижасида 15 та ҳужжат имзоланди. Улар орасида “яшил” ривожланиш бўйича, рақамли иқтисодиёт ва фойдали қазилмаларни ривожлантириш борасида, қурилиш соҳасида, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича инвестициявий ҳамкорлик тўғрисидаги ва қатор бошқа соҳаларда меморандумлар ҳам бор.
Шунингдек, 2022-2025 йилларга мўлжалланган маданий алмашинув дастури қабул қилинди. “Миллий ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида”ги ва “Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида”ги келишувларга эришилди. Умуман олганда, учрашув якунлари бўйича савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий-техникавий ҳамкорлик соҳасида умумий қиймати 15 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.
Эрон Президенти Иброҳим Раисий билан ўтказилган музокаралар натижасида ҳамкорликнинг турли йўналишларини- туризм, виза тартибини соддалаштириш, илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик, икки давлат божхона органлари томонидан электрон маълумотлар алмашинуви, халқаро юк ташиш ва Чабаҳор порти орқали транзит, нефт, газ ва нефт-кимё, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, спорт ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳамкорликни қамраб олувчи 18 та ҳужжат имзоланди
Тожикистон Президенти Э.Раҳмон билан бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик алоқалари кенгаяётгани, томонлар манфаатларига жавоб берадиган Ёвон ГЭСи қурилиши лойиҳасини амалий амалга оширишни бошлаш муҳимлиги таъкидланди.
Қирғизистон Президенти С.Жапаров билан музокараларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ижобий динамикаси қайд этилди, бу йил бошидан буён у 30 фоизга ошди. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли ва Қамбарота-1 ГЭС қурилишини тезроқ бошлашнинг аҳамияти муҳокама қилинди.
Туркманистон Президенти С. Бердимуҳамедов билан музокараларда амалдаги келишувларнинг амалий ижроси муҳокама қилинди, жумладан, логистика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, ҳудудлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинувлар борасида қўшма ҳамкорлик лойиҳалари тўғрисида фикр алмашилди. Йил бошидан буён 10 фоизга ошган товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши алоҳида таъкидланди.
Ушбу учрашувларда турли давлат рахбарлари билан глобал ва минтақавий ривожланишнинг асосий масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар натижасида минтақадаги кескинликни пасайтиришга хизмат қилган муҳим қарорлар қабул қилинди.
Шу нуқтаи назардан айтганда, саммит доирасида бўлиб ўтган кўплаб икки томонлама учрашувлар ҳозирги глобал муаммолар ечимига сабаб бўлади.
Нигора ҚУТЛИМУРАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати