
Жорий йилнинг 24 март куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш” минтақавий дастури ҳамкорлигида “Ҳокимиятларнинг бўлиниши” ва “Ҳокимиятларнинг ўзаро мувозанати” тамойиллари мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Абдусаломов Мирза-Улуғбек Элчиевич, GIZнинг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари, “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш” минтақавий дастури директори, Берлин шаҳар Маъмурий суд судъяси Д-р Йорг Пуделькалар кириш сўзи билан иштирок этишди.
“Қирғизистон Республикасида қонун устуворлиги” GIZ дастурининг асосий эксперти, Европа Кенгашида қонун орқали демократия бўйича Европа комиссияси аъзоси (Венеция комиссияси) Алехандру Танасе “Ҳокимиятларнинг бўлиниши” ва “Ҳокимиятларнинг ўзаро мувозанати” бўйича хорижий тажриба ҳақидаги маърузалар билан иштирок этди.
Шунингдек, мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов иштирок этди ва мунозараларда қатнашди.
Давра суҳбати якунига кўра, ҳокимиятларнинг бўлиниши
ва улар ўртасидаги ўзаро мувозанатнинг бугунги ҳолати, мазкур соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, бу борада Конституциявий суд ролига алоҳида эътибор берилди.