Ўзбекистон — Германия: ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Мамлакатимизда ташқи соҳада амалга оширилаётган сиёсатнинг асосий миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, юртимизнинг барақарор тараққиётини таъминлаш, айни пайтда жаҳон мамлакатлари доирасида ўз нуфузини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Буларнинг барчаси яқин ва узоқ мамлакатлар билан алоқаларимизда яққол намоён бўлмоқда.

Таъкидлаш жоиз, саноат ва технологиялар борасида глобал иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларда етакчи ўринни эгаллаб келаётган Германия пандемия оқибатларини енгиб ўтиш бўйича халқаро ташаббусларни илгари суришда жаҳон мамлакатларига, шу жумладан Ўзбекистонга катта амалий ёрдам кўрсатмоқда. Ўзбекистон ва Германия етакчиларининг бу галги видеоанжуман шаклидаги учрашуви кун тартибидан жаҳонда мураккаб эпидемиологик вазият оқибатида инқирозли ҳодисалар кучайиши шароитида мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олгани этиборга молик.

Иқтисодий ҳамкорлик соҳасида қўшма лойиҳалар, ишбилармонларнинг алоқалари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, етакчи немис компаниялари ва банк институтларининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришга келишиб олингани мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Кооперациянинг янги йўналишларини, энг аввало, индустриал кластерлар, рақамлаштириш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш масалаларининг муҳокама қилингани, қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон-Германия ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги учрашувини ўтказиш режалаштирилгани келишувларнинг амалийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ва гендер тенглигини таъминлаш каби масалалар халқаро ҳамкорлик борасида ҳам устувор вазифалар сифатида қаралади, шу нуқтаи назардан Германия давлати билан ушбу соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга эътибор қаратилгани ҳуқуқий ислоҳотларимизнинг самарали амалга оширилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шу маънода, ҳар икки давлат парламентлари ўртасида узвий алоқалар йўлга қўйилганини ёдда тутиш даркор. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Германия Федератив Республикаси Бундестаги билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи, Бундестагда эса “Германия Федератив Республикаси – Марказий Осиё” гуруҳи ташкил этилган бўлиб, амалга оширилаётган изчил фаолият ўз самарасини кўрсатиб келмоқда. Бу гуруҳлар фаолияти, шунингдек, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш, парламентлараро ўзаро тажриба алмашиш, қонун ижодкорлиги амалиётида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Мазкур соҳада ўтказилган парламентлараро учрашувлар, илмий-амалий конференциялар, ҳуқуқни қўллаш ва қонун ижодкорлиги соҳасидаги аниқ масалалар юзасидан амалий мулоқотлар тизимлилик хусусиятига эга бўлиб бораётгани миллий парламентаризм ислоҳотларининг барқарор ривожланишида муҳим омил бўлади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Германия етакчиларининг видеоанжуман шаклидаги учрашуви ҳам ҳар доимгидек очиқ ва конструктив муҳитда, ишчан ва дўстона руҳда ўтгани давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг халқаро майдонда ҳам ишончли, муҳим ва узоқ муддатли бўлишидан далолатдир. Икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари – сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларга доир устувор йўналишлар ва долзарб вазифаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши эса, мамлакатимимзда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади.

Муҳтабар ҲУСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Германия Федератив Республикаси Бундестаги билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи аъзоси

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan