Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилорам Ташмуҳамедова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ўрганишлар олиб борди.
Ўрганишлар давомида туман ҳокими ўринбосарлари, Бандликка кўмаклашиш маркази директорининг ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, улар билан ишлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда туман миқёсида 2,5 минг нафар ёшларни иш билан таъминлаш масаласи кун тартибида турибди. Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш доимий мониторинг қилиб келинмоқда. Олий ўқув юртларига кира олмаган ёшлар эса касб-ҳунарга ўргатилмоқда.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ тумандаги “Олимпия” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган велоспорт майдонида туман ҳокими ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан учрашди. Улар фаолияти билан яқиндан танишилди.
Таъкидланганидек, туманда мавжуд 59 та маҳалла фуқаролар йиғинида маҳаллабай ўрганишлар олиб борилган. Натижада аҳоли эҳтиёжларини аниқлаш ва уларга мақсадли ёрдам бериш мақсадида ёшлар шартли равишда тўрт тоифага бўлинган. Улар орасидан ишсизларни ташкил этувчи биринчи тоифа билан алоҳида иш олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ишларини ўрганиш учун тумандаги Тошкент қурилиш касб-ҳунар коллежи ва жорий йилнинг октябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилаётган ошпазликка ўргатиш марказига ташриф буюрди.
У ерда Д.Ташмуҳамедова ёшлар ўз устида тинимсиз ишлаши, ўзлари танлаган соҳаларга ахборот технологияларини кенг жорий этиши зарурлиги юзасидан ўз тавсияларини берди.
www.senat.uz