Муҳим дастуриламал ҳужжат – тарихий бурилиш нуқтаси сифатида… – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар ОАВ биз ҳақимизда

ШҲТ Самарқанд саммитини мамлакатларнинг ўзига хос ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган тарихий бурилиш нуқтаси сифатида баҳолаш мумкин.

Саммитда аниқ мақсад ва манфаатларни ўзида мужассам этувчи 44 та тарихий ҳужжат имзоландики, ШҲТ ташкил этилганидан буён бундай кўп сонли форматдаги ҳужжатлар қабул қилинмаган эди. Мазкур ҳужжатлар ичида Самарқанд декларацияси муҳим аҳамиятга эга.

Хўш, декларация нима, унинг тузилиши, мазмуни, моҳияти, аҳамияти ва бошқа халқаро ҳужжатлардан фарқли жиҳатлари нималардан иборат?

Декларация (лот. declaratio – маълум қиламан, эълон қиламан) — бу бир ёки бир неча ҳукумат, сиёсий партиялар, халқаро ёки жамоат ташкилотларининг дастурий ҳужжат, муҳим халқаро воқеа, қонун ва ҳоказоларни кенг жамоатчилик эътиборига етказувчи баёноти, умумсиёсий принципларни тантанали равишда эълон қилишдир.

Самарқанд декларацияси ҳам дастурий ҳужжат ҳисобланади.

Бунинг исботи сифатида Самарқанд декларацияси ШҲТнинг расмий веб-сайтига (http://rus.sectsco.org/politics/) дарҳол жойлаштирилганлигини эътироф этиш лозим.

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан имзоланган Самарқанд декларациясининг қуйидаги асосий жиҳатлари орқали унинг мазмун-моҳиятини янада яққол англаб етамиз.

Биринчи жиҳат – декларацияда бугунги кунда дунё жадал ривожланиш ва кенг кўламли ўзгаришларнинг янги даврига қадам қўяр экан, глобал ўзгаришларни бошдан кечираётганлиги, мазкур фундаментал жараёнлар кўп қутблиликнинг мустаҳкамланиши, ўзаро боғлиқликнинг кучайиши, ахборотлаштириш ва рақамлаштириш суръатининг жадаллашуви билан бирга кечаётганлиги, ушбу фонда халқаро чақириқ ва таҳдидларнинг замонавий тизими янада мураккаблашаётганлиги, янги маҳаллий можаро ва инқирозлар пайдо бўлаётганлиги таъкидланган.

Шунингдек, унда технологик ва рақамли тафовутнинг ўсиши, жаҳон молия бозорларининг турбулентлиги, инвестиция оқимларининг глобал қисқариши, таъминот занжирларининг беқарорлиги, протекционистик чораларнинг кучайиши ва халқаро савдодаги бошқа тўсиқлар жаҳон иқтисодиётида беқарорлик ва мавҳумликни кучайтираётганлигига эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, декларацияда глобал иқлим ўзгариши ва давом этаётган СОVID-19 пандемиясининг оқибатлари иқтисодий ўсиш, ижтимоий фаровонлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги, шунингдек, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш учун қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқараётганлиги қайд қилиниб, ушбу муаммоларни бартараф қилиш мақсадида янада адолатли ва самарали халқаро ҳамкорлик ҳамда барқарор иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш учун янги ёндашувлар талаб этилиши баён қилинган.

Иккинчи жиҳат – ШҲТ Хартиясида белгиланган асосий мақсад ва вазифаларга содиқлиги ифодаланган. Унда ШҲТнинг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлиги, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиши, ички ишларга аралашмаслиги, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслиги декларацияда ифодаланган.

Учинчи жиҳат – декларация ШҲТнинг Самарқанд саммити доирасида қабул қилинган деярли барча ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, аҳамиятини ўзида мужассам этган. Хусусан, ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома қоидаларини 2023–2027 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс ҳаракатлар режаси, ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро ҳисоб-китобларида миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича «йўл харитаси» ва бошқалар ўз аксини топган.

Тўртинчи жиҳат – ШҲТга Ўзбекистон Республикаси раислик қилган даврда мамлакатимизда ўтказилган 18 та халқаро учрашув, кенгашлар ва форумлар аҳамиятига алоҳида урғу берилган. Жумладан, 2022 йил 12 майда Хива шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар транспорт вазирлари тўққизинчи кенгаши якунлари қўллаб-қувватланиб, давлат раҳбарлари томонидан Ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича концепция тасдиқлангани таъкидланган.

Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлик кенгашлари котиблари учрашуви, мудофаа ва саноат вазирлари кенгашлари, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашувчи ваколатли органлар раҳбарлари кенгаши, камбағалликни қисқартириш масалалари ҳамда ахборот технологияларини ривожлантиришга масъул бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарларининг биринчи учрашувлари, камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро конференция, ШҲТ Ёшлар кенгаши мажлиси ва Аёллар форуми, аёл тадбиркорлар конференцияси якунларига ижобий баҳо берилган.

Бешинчи жиҳат –Ўзбекистон Республикаси ШҲТга раислик қилган 2021–2022 йиллар якунига юқори баҳо берилиб, бу давр кенг қамровли ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада ривожланишига хизмат қилганлиги таъкидланган.

Олтинчи жиҳат –Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган тинчлик ва барқарорликни, кенг халқаро ҳамкорликни таъминлаш ҳамда инсониятнинг барқарор ривожланишига кўмаклашишга қаратилган «Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида бирдамликка қаратилган Самарқанд ташаббуси” қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланган.

Еттинчи жиҳат – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китоби, 2022 йил 12 сентябрда эълон қилинган ва БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси расмий ҳужжати сифатида чоп этилиб, тарқатилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» концептуал мақоласи, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси ва кенгайтирилган мажлисидаги нутқларида илгари сурилган ғоялар, таклифлар ва ташаббуслар декларацияда ўз ифодасини топиб, унинг ўзагини ташкил қилганлигини эътироф этиш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, Самарқанд декларациясида баён қилинган мақсад ва вазифалар, дастурий йўл-йўриқлар, кўрсатмалар ҳамда унда муҳрланган ташаббусларни амалга ошириш нафақат ШҲТга аъзо давлатлар, балки жаҳонда тинчлик, хавфсизлик, барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, янги демократик, адолатли, оқилона сиёсий ва иқтисодий халқаро тартибни барпо этишга кўмаклашиш мақсадида кўп тармоқли ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Фозилжон Отахонов,

Олий Мажлис ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти директори,

юридик фанлар доктори, профессор

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan