Тошкент Аксилкоррупция форуми: очиқлик сиёсати коррупциянинг камайишига таъсир кўрсатмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Пойтахтимизда Тошкент Аксилкоррупция иккинчи форуми бўлиб ўтди.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилган форум кириш қисмида Миллий кенгаш раиси Танзила Норбоева маъруза қилди.

Т.Норбоева коррупцияга қарши курашишнинг зарур шарти бўлган ҳуқуқий ҳужжжатлар қабул қилингани, шу асосда тизимли ишлар олиб борилаётганини қайд этди. Жамиятда очиқликни таъминлашга қаратилган сиёсат туфайли коррупциявий ҳолатлар очиқ-ойдин танқид қилинаётгани, давлат идораларида шаффофлик асосида иш юритилаётгани, “коррупциясиз соҳа”лар кўпаяётгани ушбу иллатнинг камайишига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро рейтингда Ўзбекистон ўз ўрнини яхшилагани ҳам буни тасдиқлайди. Албатта, бу борада ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат жамиятда тўла қарор топиши керак.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Роли Астхана Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишда давлат, парламент муҳим роль ўйнаётганига урғу берди.

– Айниқса, аёллар фаоллиги эътирофга лойиқ. Коррупциянинг олдини олишга қаратилган ҳаракатларни давлат қўллаб-қувватланаётгани жуда муҳим. Аксинча бўлса, қонунсизлик авж олиши, бу жамиятга катта путур етказиши мумкин. Коррупциявий схемалар орқали халқдан юлиб олинган пуллар халқнинг ўзига қайтарилиши керак. Мисол учун, шу йўналишда Швейцарияда бўлаётган суд натижасида халқнинг маблағи ўзига қайтарилади ва бундан оддий одамлар ҳам баҳраманд бўлади, деган умиддаман. БМТ буни қўллаб-қувватлайди, – деди у.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур форумдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда ва дунё мамлакатларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, истиқболдаги янги лойиҳаларни муҳокама қилиш ва ўзаро тажриба алмашишдан иборатлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, БМТ ГЖБ, ЕХҲТ, Жаҳон Банки ва “Минтақавий мулоқот” ХНТ кўмагида ташкил этилган форумда АҚШ, Корея, Гонконг, Малайзия, Латвия, Озарбайжон каби мамлакатларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича органлари вакиллари, шунингдек, хорижий экспертлар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, вазирлик ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашди.

Форум сессияларида жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш бўйича фикр алмашилди. Коррупцияга қарши курашишда таълим ва маърифатни кучайтириш механизмлари муҳокама қилинди.

“Очиқлик ва ошкоралик коррупцияга қарши курашнинг самарали механизми сифатида” мавзусига бағишланган сессияда Корея ва Озарбайжон мамлакатларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича ваколатли ташкилот ва идоралари раҳбарлари ва вакиллари, ЕХҲТ, “Минтақавий мулоқот” нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассислари иштирок этди.

Улар давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг самарали механизмларини яратиш, очиқ маълумотлардан фойдаланиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш сингари йўналишларда маълумот алмашди.

“Коррупциявий хавф-хатарларни самарали баҳолашни шакллантириш” мавзусидаги навбатдаги сессия доирасида иштирокчилар коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти, усуллари ва уларнинг коррупциянинг олдини олиш, яхлитлик тизимини сақлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва минималлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу сессияда Малайзия, Гонконг, Финляндия каби мамлакатларнинг вакиллари ва Жаҳон банки, БМТ ТД ва Европа Кенгаши экспертлари иштирокчиларни бу борадаги хорижий тажриба билан таништирди.

“Коррупцияга қарши курашишда таълимнинг ўрни” мавзусидаги муҳокама сессиясида коррупцияга қарши таълим соҳасидаги илғор тажрибалар хусусида гап борди. Коррупцияга қарши таълимнинг замонавий механизм ва воситаларини ўрганиш, қолаверса, давлат хизматчилари ва аҳолини коррупцияга қарши ўқитиш бўйича чора-тадбирларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Унда БМТ ТД, БМТ ГЖБ, Жаҳон банки, IACA халқаро аксилкоррупция академияси экспертлари ўз маърузалари билан иштирок этди.

Форум якунида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш сиёсатини янада такомиллаштириш, айни йўналишдаги чора-тадбирлар натижадорлигини баҳолаш ва сифатини ошириш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича таклиф-тавсиялар тайёрланди.

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan