Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида учрашув бўлиб ўтди – Қонунчилик муаммолари институти
Тадбирлар Янгиликлар

2021 йил 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг директори Ф.Отахонов, Илмий ҳамкорлик ва халқаро алоқалар шўъбаси бош илмий ходими Ж.Худоберганов ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий вакили М.Димовска, Ўзбекистонда БМТ Тараққиёт дастурининг Самарали бошқарув, сиёсат ва коммуникациялар кластери раҳбари К.Мухамедханова, Давлат сиёсий масалалари бўйича БМТ Тараққиёт дастурнинг мутахассиси Ш.Шариповлар ўртасида онлайн тарзда учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилмасида Парламентаризмни ривожлантириш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўқув марказини ташкил этиш юзасидан фикр алмашиш ва мазкур масала бўйича ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олишдан иборат бўлди.

Учрашув аввалида, Ф.Отахонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисидаги Фармонининг 33-бандида Институти тузилмасида Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув марказини ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланганлиги ва бу борада Институт томонидан Ўқув марказини ташкил этиш бўйича ишлар жадал кетаётганлиги ҳақида маълумот берган ҳолда БМТ Тараққиёт дастури билан бу борада ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

М.Димовска сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат ва жамият бошқарувида парламентнинг ролини янада кучайтириш ва парламент назоратининг таъсирчанлигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинаётганлигини эътироф этди ҳамда БМТнинг Тараққиёт дастури Институт билан БМТ ўқув марказини ташкил этиш ва унинг парламентаризмни ривожлантириш бўйича фаолияти юзасидан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидлади.

М.Димовска Институт тузилмасидаги БМТ Ўқув марказини ташкил этиш масаласига тўхталиб, уларнинг ҳар иккала тараф учун муҳим аҳамият касб этиши, шу сабабли, БМТнинг Тараққиёт дастури Ўзбекистондаги жорий йилга мўжалланган лойиҳалари доирасида БМТ ўқув марказини фаолиятини йўлга қўйиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш борасида кўмаклашишга тайёр эканлигини қайд этди.

Учрашув якунида томонлар устувор лойиҳа ва дастурларни биргаликда илгари суриш орқали БМТ ўқув маркази нафақат Ўзбекистон балки Марказий Осиё минтақасида фаолият олиб бориши юзасида истиқболда ўзаро манфаатли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олдилар.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan