Илм-фан ва таълимнинг инновацион ривожланиши: муаммо ва ечимлар – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

  Ички ишлар вазирлиги Академиясида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция шу мавзуга бағишланди. 

    Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, академик ҳамжамият, қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар мутахассислари, шунингдек, мамлакатимиз ҳамда хорижий олий таълим муассасаларидан вакиллар иштирок этди. 

    Халқаро конференцияни ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов кириш сўзи билан очиб, илм-фан ва таълимнинг иннавацион ривожланиши, жамиятнинг иқтисодий ривожланишида олий таълим муассасаларида (ОТМ) илмий тадқиқот фаолиятининг ташкил этилиш ҳолати ва унинг кўрсаткичлари, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг инновациялар яратиш ва уларни жорий этиш учун интеграциялашиши тузилманинг инвестициявий жозибадорлигидан фойдаланган ҳолда учинчи томоннинг молиявий ва бошқа ресурсларига эга бўлишини осонлаштириш ҳамда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда халқаро тажрибанинг ўзига хос жиҳатларига тўхталди.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов сўзга чиқди ва конференция иштирокчиларини қутлаб, анъанага айланиб қолган ушбу тадбирнинг долзарблиги ва аҳамиятига тўхталди.

   Конференция доирасида илм-фан ва таълимнинг инновацион ривожланишига доир қуйидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди:

     – илм-фан ва таълимнинг бугунги кундаги ривожланиш тенденцияларини аниқлаш;

     – илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш билан боғлиқ муаммоларга ечим излаш;

     – олий таълим тизимида фаннинг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланиш даражасини аниқлаш; 

   – ёш олимларнинг илмий тафаккур юритиш салоҳиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

  – фаннинг жамиятдаги нуфузини оширишга ҳамда фан ва таълим интеграциясини чуқурлаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш.

   Муҳокамаларда хорижий экспертлар онлайн тарзда ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

  Илмий-амалий анжуман давомида эксперт ва мутахассислар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида илм-фан ва таълимнинг бугунги кунда ривожланиш тенденцияларини аниқлаш, илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш билан боғлиқ муаммоларга ечим излаш, олий таълим тизимида фаннинг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланиш даражасини аниқлаш, ёш олимларнинг илмий тафаккур юритиш салоҳиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар, ўз навбатида, фаннинг жамиятдаги нуфузини оширишга ҳамда фан ва таълим интеграциясини чуқурлаштиришга қаратилган таклифлар, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганишга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

   Якунида конференция материаллари тўпламини чоп этиш ҳақида келишиб олинди.

  Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Дмитрий Рахманов қатнашди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan