Иқтисодиёт ривожига йўналтирилаётган сармоя – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ташқи қарз мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарони мулоҳазага чорлайдиган масала. Ҳозирги кунга келиб кўплаб ривожланган мамлакатларда инқироз пайтида миллий қарз ялпи ички маҳсулот ҳажмидан сезиларли даражада ошиб кетди.

Одатда муваффақиятли ривожланиш учун давлат қарзи ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаслиги керак, деб ҳисобланади. Бундан ташқари, бюджетни бошқариш муваффақиятини баҳолаш учун расмий равишда қабул қилинган мезон мавжуд. Мамлакат иқтисодиётининг узоқ муддатли истиқболда ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун бюджет камомади ЯИМнинг 3 фоизидан, давлат қарзи эса 60 фоизидан ошмаслигига доир мезонлар Европа Иттифоқи томонидан Маастрихт келишувига киритилган.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, жаҳон иқтисодиётининг ҳозирги ривожланиш босқичида ташқи қарзи бўлмаган мамлакатлар деярли қолмаган. Ташқи қарзларнинг молиявий таъсир кучи иқтисодиётнинг энг истиқболли тармоқларини молиялаштиришга, йирик иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга ва дунёдаги мавжуд вазият ўзгарганда иқтисодиётни тезда тиклашга ёрдам беради. Демак, қарз қанча кўп бўлса, мамлакатга бўлган ишонч шунча юқори бўлади. Аксинча, мамлакатга бўлган ишонч қанча юқори бўлса, у шунча кўп пул жалб қилиши мумкин.

Даставвал умумий ташқи қарз таркиби ҳақида бироз аниқлик киритиб олиш зарур. Хусусий сектор қанча қарз олади, уни қандай қайтаради – бу алоҳида масала. Ушбу қарзларни қайтариш хусусий секторнинг зиммасида бўлар экан, унинг замирида бозор конъюнктураси ва турли хатарларни ҳисобга олиб қўшилган қиймат яратадиган, сараланган лойиҳалар ётибди. Демак, хусусий сектор ташқи қарзини қайтариши учун етарли асослар мавжуд. Хусусий ташқи қарз қайтмаган тақдирда ҳам биз, солиқ тўловчилар учун катта фожеа эмас.

Бироқ давлат ташқи қарзи ва унинг айнан давлат бюджети камомадини қоплаш мақсадида жалб қилинадиган қисми ҳақиқатда анча жиддий масала. Чунки давлат ташқи қарзи, хоҳ қисқа, хоҳ узоқ муддатли бўлсин, жорий солиқ тўловчиларни ҳам, келажак солиқ тўловчиларини ҳам бирдек ўйлантиради. Зеро, бу ерда молияни кредитдан фарқлайдиган жиҳатлардан бири – қайтариш тамойили амал қилмайди. Яъни бюджетдан сарфланган маблағларни олувчи томон қайтармайди. У келгуси бюджет даромадларидан, яъни асосан солиқ тўловчилар маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Давлат инвестиция дастури асосида лойиҳаларни молиялаштиришга жалб қилинаётган ташқи қарз уни молиялаштириш тармоғи ёки объекти хусусиятларидан келиб чиқиб имтиёзли шартларда ажратилади. Бундай лойиҳаларни танлаб олишда ҳам аниқ мезонлар, босқичлар, бир сўз билан айтганда, синалган механизм амал қилади.

Ташқи қарзнинг ҳажми ҳаттоки ривожланган мамлакатлар аҳолисини катта ташвишга солади ҳамда солиқлар кўпайиши билан хавотирлар пайдо бўлади. Бунга ўхшаш ҳадиклар мамлакат ташқи қарзини бюджет дефицитини қоплашга йўналтирган вақтларда кескинлашади. Тўғри, жаҳондаги умумий вазият коронавирус пандемияси оқибатида оғирлашди. Табиийки, пандемия нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда давлат қарзи кўпайишига олиб келди.

Масалан, 2019 йил якунлари бўйича Япониянинг давлат қарзи ЯИМга нисбатан 236,6 фоизни ташкил этган. Европа Иттифоқи бўйича давлат қарзининг ЯИМга ўртача нисбати 2020 йилнинг 1-чорагида 79,5 фоизни, евроҳудудда эса 86,3 фоизни ташкил этган. 2020 йил 1-чораги ҳолатига давлат қарзининг ЯИМга нисбати энг юқори бўлган ЕИ давлатлари қаторига Греция (176,7%), Италия (137,6%), Португалия (120,0%), Бельгия (104,4%) ва Францияни (101,2%) киритиш мумкин.

Бундан кўринадики, ҳозирги кунда ЕИнинг аксарият мамлакатлари учун Маастрихт келишувида келтирилган мезон амалда ўз аҳамиятини йўқотиб бўлган. Қолаверса, иқтисодий жиҳатдан ночор давлатлардаги ташқи қарз билан боғлиқ ҳолатлар янада аянчли эканини кузатиш мумкин. Хусусан, Мозамбикда давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2018 йилда 100 фоиз бўлган бўлса, 2020 йилга келиб 130 фоизга етган. Мазкур мамлакат шундоқ ҳам жуда кичик фискал маконга эга эди. Бу эса мамлакатнинг харажатлар танлови борасидаги имкониятини чеклаб қўяди.

Шунингдек, Африканинг чуқур қарзга ботган мамлакатлари қаторига Ангола, Конго, Жибути ва Мисрни қўшиш мумкин. Мазкур давлатларда ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати 100 фоиздан ортади ва пандемия шароитида молиявий қийинчиликларни ҳал этиш жиддий муаммога айланган. Бу ерда гап қўшимча ташқи қарз жалб қилмаган ҳолда айнан пандемия инқирози оқибатида қарзга хизмат кўрсатишнинг оғирлашгани ҳақида кетмоқда. Мазкур мамлакатларга кўмаклашишнинг бирдан-бир йўли ташқи қарзни реструктуризация қилган ҳолда қўшимча беғараз молиявий ёрдам ёки имтиёзли шартларда янги қарз бериш ҳисобланади.

Бироқ реструктуризация ҳам бундай мамлакатларга узоқ муддатли истиқболда доимо фойда келтиравермайди. Пандемия оқибатларини юмшатишга қаратилган харажатларни ошириш ва шу мақсадда ташқи қарзга хизмат кўрсатиш шартларини енгиллаштириш пировардида пандемиядан сўнг кечиктирилган тўловлар ҳисобига кўпроқ қарз тўлашга ҳам олиб келиши мумкин.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг 2020 йилнинг июнь ойидаги мурожаатида пандемия туфайли 2020 йилда яна 50 миллион киши ўта қашшоқлик домига тушиб қолиши борасидаги хавотир ҳам бежиз эмас. Шу боис, барча етакчи давлатлар ҳукуматлари коронавирус пандемиясининг иқтисодий таъсирини чеклаш учун фавқулодда ёрдам чораларига йирик миқдорда маблағлар сарфладилар.

Қийин умумий вазиятда ҳам мамлакатимиз ташқи манбалардан қарзларнинг аксарият қисмини, асосан, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга стратегик лойиҳаларни молиялаштириш, жумладан, инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирган.

Ҳозирги давр мураккабликлари инсониятни шошириб қўймоқда. Пандемия оқибатларини юмшатиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш барча мамлакатларда энг устувор йўналишга айланди. Шубҳасиз, юқори давлат қарзи, хусусан, хорижий валютада олинган ташқи қарзга хизмат кўрсатиш пандемия боис янада мураккаблашди. ЯИМнинг пасайиши, миллий валюта қадри тушиши оқибатида давлат қарзининг ЯИМга нисбати кескин ошиб бормоқда.

Фискал макони кенг мамлакатлар давлат бюджети харажатларни оптималлаштириш, пандемия сабабли шароитлари оғирлашган соҳаларни устувор равишда қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаётган бўлса, бундай имкониятга эга бўлмаган давлатларда ташқи қарз миқдори ортиши ёки унга хизмат кўрсатиш шартлари ёмонлашиши тенденциялари кузатилмоқда.

Ўзбекистонда эса пандемия туфайли юзага келган мураккаб вазиятга қарамай, халқаро ликвидликка путур етказмаган, яъни халқаро захираларни сарфламаган ҳолда ташқи қарз ислоҳотларни давом эттириш, устувор равишда ижтимоий соҳа лойиҳаларини молиялаштиришга жалб этилмоқда. Бу эса айни шароитда мавжуд таҳдидларга тезкор жавоб бериш йўлидир.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, одатда ташқи қарз жалб қилинишидан аввал етарлича асослантирилган лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқилиши, улар мамлакат учун айни пайтда ортга суриб бўлмайдиган, стратегик аҳамиятга эга, долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган бўлиши, давлат томонидан белгилаб қўйилган устувор йўналишларга мос келиши шарт. Масалан, 2020-2021 йиллар учун инқироздан кейинги даврда иқтисодиётни тиклаш бўйича қабул қилинган кенг кўламли дастурда ташқи қарзлардан самарали фойдаланиш, уларни устувор равишда инфратузилма лойиҳаларини, иқтисодий ўсишга бевосита ва иккинчи даражали таъсир кўрсатадиган ижтимоий объектларни молиялаштиришга қаратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, камбағалликни қисқа ва ўрта муддатда қисқартиришга йўналтириш белгиланди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати остида хорижий кредитлар жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури маъқулланган. Мазкур дастур таркибидан ўрин олган лойиҳалар мазмунидан кўриниб турибдики, давлат ташқи қарзининг асосий қисми нефть-газ, кимё саноати соҳаларида янги ишлаб чиқаришни ташкил этиш, иссиқлик электр станцияларини қуриш ва модернизация қилиш, ичимлик сув таъминотини яхшилаш, канализация тизимини ривожлантириш ва бошқа саноат тармоқларидаги янги лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилган. Бу эса, ўз навбатида, янги иш ўринлари ҳам демакдир.

Шундай экан, инфратузилмани ривожлантириш, қурилиш соҳасига инвестициялар, ижтимоий соҳани молиялаштиришга жалб қилинган маблағлар пировардида аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши муқаррардир.

 

Нодир Жумаев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
иқтисод фанлари доктори, профессор

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan