Арбитраж ўзгаришлар арафасида: анъаналар, технологиялар, тенденциялар – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 29 сентябрь куни Бишкекда Қирғизистон Республикаси Савдо-саноат палатасида ушбу палата ҳузуридаги Халқаро арбитраж судининг 20 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро конференция шу мавзуга бағишланди.

Мазкур Халқаро арбитраж суди 2002 йил сентябрь ойида Қирғизистон Республикаси Адлия вазирлигида расман рўйхатдан ўтган бўлиб, юридик шахслар ва фуқароларга фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни суддан ташқари тартибда ҳал қилишда ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган

У фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келадиган иқтисодий низоларни малакали арбитрлар орқали тез ва сифатли ҳал этилишини таъминловчи мустақил нодавлат ташкилот ҳисобланади.

Тадбирда Европа Иттифоқининг Қирғизистон Республикасидаги элчиси М.Жозефсон, Қирғизистон Республикаси Халқаро арбитраж суди раиси Ш.Майчиев, Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Словения, Германия, Чехия каби 16 мамлакат ҳакамлик судлари ва институтлари вакиллари иштирок этди.

Қирғизистон Республикаси ССП қошидаги Халқаро арбитраж суди раиси Ш.Майчиев ўз чиқишида анжуман иштирокчиларига Марказий Осиё ва МДҲ маконидаги низоларни ҳал этиш механизмлари, қонунчилик тузилиши, қўлланилиш доираси ва институционал арбитраж ҳақида маълумот берди.

Бундан ташқари, иштирокчилар Қирғизистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, Ўзбекистон Республикаси ССП қошидаги Халқаро арбитраж суди судьяси, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов онлайн иштирок этди ва “Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитражи: қонунчилик тузилиши, қўлланилиш доираси, институционал арбитраж” мавзусида тақдимот билан маъруза қилди.

Ф.Отахонов таъкидлаганидек, ҳар қандай давлатнинг глобал арбитраж тизимига қўшилиш йўлидаги биринчи қадами унинг мафкуравий ва сиёсий қарашларидан қатъи назар, асосий халқаро шартномаларга риоя қилиши ва халқаро институтларга аъзо бўлишидир. Шу муносабат билан Ўзбекистон ушбу соҳада халқаро шартномаларга қўшилиш бўйича мақсадли ва босқичма-босқич ишларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистонда арбитраж институтини фуқаролик жамиятининг энг муҳим институтларидан бири сифатида янада ривожлантириш, ташқи иқтисодий фаолият соҳасида тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқаро тижорат арбитражи соҳасида иқтидорли, ёш, миллий мутахассис кадрлар салоҳиятини ошириш борасида сўз юритиб, Марказий Осиё давлатлари иштирокида низоларни ҳал этиш минтақавий маркази сифатида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузурида Халқаро тижорат арбитраж судини ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Тадбир дастурига мувофиқ, анжуман 5 та сессия доирасида ўтказилди. Хусусан, биринчи сессияда инвестиция низолари, ютуқлар ва муаммолар, иккинчи сессияда Қирғизистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорлик, учинчи сессияда арбитражнинг пандемия давридаги фаолияти, санкциялар ва ҳарбий можаролар, тўртинчи сессияда халқаро инвестициявий низолар, бешинчи сессияда арбитражда электрон суд жараёни ва сунъий интеллект масалалари муҳокама қилинди.

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan