Самарқанд саммити натижалари илмий тадқиқот муассасаларига катта вазифа юклайди – Қонунчилик муаммолари институти
ОАВ биз ҳақимизда Янгиликлар

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқандда бўлиб ўтган навбатдаги саммити муҳим ҳужжатлар қабул қилингани билан алоҳида аҳамият касб этади. Айниқса, ШҲТ саммитида қабул қилинган Самарқанд декларацияси ва бошқа ҳужжатларда акс этган мақсад-вазифалар, дастурий йўл-йўриқлар, кўрсатмалар нафақат ШҲТга аъзо давлатлар, балки жаҳонда тинчлик, хавфсизлик, барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қонун ижодкорлиги ва парламентаризм соҳаларида ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган илмий тадқиқотларни амалга ошириб келаётган  Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар парламентлари” номли тўплам тайёрланди. Мазкур институт директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов билан ШҲТ саммити, Самарқанд декларацияси ҳамда мазкур тўплам мазмун-моҳияти хусусида суҳбатлашдик. 

– ШҲТнинг Самарқанд саммитида имзоланган ҳужжатлар, жумладан Самарқанд декларациясининг асосий жиҳатлари нимадан иборат? 

— ШҲТнинг Самарқанд саммитида аниқ мақсад ва манфаатларни ўзида мужассам этган 44 та тарихий ҳужжат имзоланди. Шуни таъкидлаш керакки, ШҲТ ташкил этилганидан буён бундай кўп сонли форматдаги ҳужжатлар қабул қилинмаган эди. Мазкур ҳужжатлар ичида Самарқанд декларацияси муҳим дастурий ҳужжат ҳисобланади. Буни Самарқанд декларацияси ШҲТнинг расмий веб-сайтига (http://rus.sectsco.org/politics/) дарҳол жойлаштирилганидан ҳам англаш мумкин.

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан имзоланган Самарқанд декларацияси қатор муҳим жиҳатлари билан ажралиб туради. Биринчидан, декларацияда бугунги кунда дунё жадал ривожланиш ва глобал ўзгаришларни бошдан кечираётгани, жаҳондаги вазиятларнинг таназзул хавфи кузатилаётгани, мавжуд зиддиятлар кескинлашиб, янги маҳаллий можаро ва инқирозлар пайдо бўлаётгани таъкидланган.

Бундан ташқари, глобал иқлим ўзгариши ва давом этаётган СОVID-19 пандемиясининг оқибатлари иқтисодий ўсиш, ижтимоий фаровонлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги, шунингдек, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш учун қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқараётгани қайд этилиб, ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида янада адолатли ва самарали халқаро ҳамкорлик ҳамда барқарор иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш учун янги ёндашувлар талаб этилиши баён қилинган.

Иккинчидан, ШҲТ Хартиясида белгиланган асосий мақсад ва вазифаларга содиқлик ифодаланган. Яъни ШҲТнинг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлиги, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиши, ички ишларга аралашмаслиги, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслиги ифодаланган.

Учинчи жиҳати эса декларация ШҲТнинг Самарқанд саммити доирасида қабул қилинган деярли барча ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, аҳамиятини ўзида мужассам этган. Хусусан, ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома қоидаларини 2023–2027 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс ҳаракатлар режаси, ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро ҳисоб-китобларида миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича “йўл харитаси” ва бошқалар ўз аксини топган.

Тўртинчи жиҳати ШҲТга Ўзбекистон Республикаси раислик қилган даврда мамлакатимизда ўтказилган 18 та халқаро учрашув, кенгаш ва форумлар аҳамиятига алоҳида урғу берилган. Жумладан, 2022 йил 12 майда Хива шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар транспорт вазирлари тўққизинчи кенгаши якунлари қўллаб-қувватланиб, давлат раҳбарлари томонидан Ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича концепция тасдиқлангани таъкидланган. 

Бешинчи жиҳати Ўзбекистон Республикаси ШҲТга раислик қилган 2021–2022 йиллар якунига юқори баҳо берилиб, бу давр кенг қамровли ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада ривожланишига хизмат қилганлиги эътироф этилган. 

Олтинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган тинчлик ва барқарорликни, кенг халқаро ҳамкорликни таъминлаш ҳамда инсониятнинг барқарор ривожланишига кўмаклашишга қаратилган “Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида бирдамликка қаратилган Самарқанд ташаббуси” қўллаб-қувватланишига алоҳида урғу берилган.

Еттинчидан эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китоби, 2022 йил 12 сентябрда эълон қилинган ва БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси расмий ҳужжати сифатида чоп этилиб, тарқатилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” концептуал мақоласи, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси ва кенгайтирилган мажлисидаги нутқларида илгари сурилган ғоялар, таклифлар ва ташаббуслар декларацияда ўз ифодасини топиб, ушбу муҳим ҳужжатнинг ўзагини ташкил этганлиги алоҳида айтиб ўтиш жоиз. 

Умуман олганда, Самарқанд декларациясида баён қилинган барча мақсад-вазифалар фақатгина ШҲТга аъзо давлатлар эмас, балки бутун дунёда хавфсизлик, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

— Институт томонидан тайёрланган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар парламентлари” номли тўплам ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Унда асосан нималарга эътибор қаратилган?

— Ҳозирги кунда ер юзининг улкан географик ҳудудини ҳамда сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган ШҲТ фаолиятига қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Нафақат ШҲТ таркибий тузилмаси, унинг фаолияти мазмуни ва асосий йўналишлари, балки ташкилот таркибидаги саккиз мамлакат – Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатларининг сиёсий ва ҳуқуқий тизимлари халқаро, хорижий ва миллий сиёсатшунослар, ҳуқуқшунослар, қолаверса соҳа олимлари ва илмий тадқиқотчилар эътиборини тортиб келмоқда. Шу боис тўпламда минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг универсал институти сифатида намоён бўлаётган, турли маданият ва цивилизация шакллари, ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий ривожланиш моделлари билан бирлаштиришга муваффақ бўлган халқаро минтақавий ташкилот – ШҲТга аъзо мамлакатларнинг парламент тизими хусусидаги батафсил маълумотлар ўз ифодасини топган.

Тўпламда асосий эътибор олий вакиллик органларининг ҳуқуқий мақоми, уларнинг тузилиши ва ваколат муддати масалаларига қаратилган, депутатлар корпусини шакллантириш тартиби ва депутатлар дахлсизлиги, шунингдек, қўмиталар ва бошқа парламент органларининг ишлаш тартиби баён қилинган.

Тўплам парламент ва ҳукумат аъзолари, бошқа давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, халқаро ва хорижий ташкилотлар, экспертлар, илмий ходимлар, парламентаризм соҳасида тадқиқот олиб бораётган илмий изланувчилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда кенг китобхонлар учун мўлжалланган. Ўқувчи ташкилотга аъзо давлатлар парламентлари фаолияти ва амалдаги таркибини ўрганиш, парламентларнинг умумий хусусиятлари, ўзига хос ва фарқли жиҳатларини таққослаш, улардаги жараёнлар, шу жумладан қонунчилик фаолияти билан битта манбанинг ўзида танишиш имкониятига эга бўлади.

— ШҲТ Самарқанд саммитида қабул қилинган ҳужжатлар ижроси миллий парламентимиз, шу жумладан парламент ҳузуридаги Институт зиммасига ҳам тегишли вазифаларни юклайди, шундай эмасми?

— Тўғри таъкидладингиз, ШҲТнинг Самарқанд саммитида эришилган натижалар илмий тадқиқот муассасаларига каттадан-катта вазифалар юклайди, жонажон ватанимиз истиқболи учун хизмат қилувчи муҳим илмий тадқиқотларни амалга ошириш орқали асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш ва илмий башоратларни илгари суришни тақозо этади.

Самарқанд декларациясида ШҲТга аъзо давлатлар қонунчилик органлари, яъни парламентлари йўналишида алоқаларни йўлга қўйиш, давлат бошқаруви ва ривожланиши соҳасида тажриба алмашишни қўллаб-қувватлаш белгиланганлигидан келиб чиқиб, ШҲТга аъзо давлатларнинг парламентлараро алоқаларини йўлга қўйиш механизмини ишлаб чиқиш, қолаверса, Олий Мажлис палаталари билан ШҲТга аъзо давлатлар парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини янада фаоллаштириш алоҳида аҳамият касб этади. Шу билан бирга, Самарқанд декларацияси ва бошқа ҳужжатларни атрофлича ўрганиб, таҳлил қилиш асосида амалдаги қонунларга тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш муҳим вазифалардан саналади.

Саммитда имзоланган ҳужжатлар ва давлат раҳбарларининг ўзаро учрашувлари ҳамда музокараларида келишилган саъй-ҳаракатларни рўёбга чиқариш жараёнида ШҲТга аъзо давлатларда фаолият юритаётган ақлий марказлар ҳам фаол тарзда, ўзаро уйғунлашган ҳолда илмий тадқиқотларни амалга ошириши зарур. Чунки ҳар бир кўзланган иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа вазифаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши замирида илм-фан, тадқиқотлар натижаси мужассам. Шу маънода Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳам қонун ижодкорлиги ва парламентаризм соҳаларида илмий тадқиқотларни амалга ошириб келаётган давлат илмий-эксперт муассасаси сифатида Самарқанд декларациясининг ижроси юзасидан масъул ҳисобланади, бу борада олдимизда муҳим вазифалар бор. Айни пайтда уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари устида, бу борадаги амалий тадбирлар борасида ишлар олиб борилмоқда. 

  • Берган маълумотларингиз учун раҳмат, Институт фаолиятига муваффақиятлар тилаймиз.

 

Муҳтарама Комилова суҳбатлашди, ЎзА

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan