Ижтимоий ҳимоя ягона реестри имкониятларидан қандай фойдаланилмоқда? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давлатимизнинг стратегик вазифаларидан бирига айланди. Шу боис соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Сирдарё вилоятида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб синов тариқасида кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлашни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали амалга ошириш тизими жорий этилди. Шунингдек, Президентимизнинг 2020 йил 4 августдаги қарорига мувофиқ, кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш республикамизнинг барча ҳудудларида 2021 йил январь ойидан бошлаб тўлиқ “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 15-17 сентябрь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” тизимининг самарали ишлаши ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда замонавий ахборот коммуникация технологиялари, шунингдек аҳолининг заиф қатламларига давлат ижтимоий хизматлари кўрсатилиши ҳолати Сирдарё вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.

2022 йил 5 октябрда мазкур ўрганиш якунларига бағишланган тадбир ўтказилди.

Унда депутатлар, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Адлия вазирликлари, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси масъул ходимлари, Сирдарё вилояти ва вилоятнинг туман, шаҳар ҳокимликлари масъуллари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари ўзларининг илмий-таҳлилий фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан қатнашишди.

Таъкидланганидек, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими “Development Pathways” ихтисослаштирилган халқаро компания томонидан ишлаб чиқилган. Унинг техник жиҳатдан фаолиятини таъминлаш ва доимий такомиллаштириб бориш ишлари Молия вазирлиги ҳузуридаги Ахборот- технологиялари маркази томонидан амалга оширилмоқда. Бугунги кунда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига 21 та вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан 49 турдаги маълумотлар электрон олиниши белгиланган.

Муҳокамаларда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими жорий этилиши натижасида Сирдарё вилояти бўйича кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам бериш қамрови йилдан-йилга ошиб бораётгани, шу билан бирга, вилоят аҳолиси ўртасида мазкур тизимнинг афзалликлари, инсон омилининг бартараф этишга доир ишларнинг самарали ташкил этилгани натижасида аҳоли ўртасида кам таъминланган оилалар томонидан нафақалар тайинлаш масаласида мурожаатлар сонининг камайишига эришилаётгани депутатлар томонидан ижобий баҳоланди.

Жумладан, 2019 йилнинг сўнгги 3 ойида нафақа ва моддий ёрдам олиш учун 11 минг нафар фуқародан ариза тақдим этилиб, 3,2 минг нафарига нафақалар тайинланган бўлса, 2020 йилда ариза тақдим этган 60,5 минг нафар оиланинг 27,1 минг нафарига, 2021 йилда ариза тақдим этган 118,3 минг нафар оиланинг 54,3 минг нафарига ҳамда 2022 йилнинг 8 ойи давомида ариза берган 84,9 минг нафар оиланинг 43,5 минг нафарига болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланган.

Мамлакатимизда кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича қисқа муддаларда салмоқли ишлар амалга оширилиб, тизим мунтазам равишда такомиллаштирилиб борилаётганлиги депутатлар томонидан эътироф этилди.

Халқ вакиллари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этишда айрим вазифаларнинг ижроси кечикаётганлигига эътибор қаратди. Хусусан, ФҲДЁ архивларида қоғоз ташувчиларда сақланадиган барча ҳужжатларни (никоҳ тузиш, никоҳдан ажралиш, туғилиш ва ўлим тўғрисидаги ёзувларни) рақамлаштиришни тугатиш, маълумотларни “ФҲДЁ электрон архиви” ахборот тизимига киритиш ишлари якунланмагани депутатлар эътирозига сабаб бўлди.

Мунозараларда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимидан фойдаланувчи субъектлар ўртасидаги ўзаро интеграция жараёнларида ҳам бир қатор муаммолар мавжудлиги таъкидланиб, уни бартараф этиш бўйича қатор таклифлар берилди. Аҳолига қулайлик яратиш, коррупциянинг олдини олишга хизмат қилувчи “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”ни янада такомиллаштириш, фойдаланувчи ва ижрочиларга бунданда қулайлик яратиш борасида ҳам тегишли масъуллар билан ҳамкорликда ишлашга тайёр эканликлари ҳақида депутатлар қайд этиб ўтишди.

Кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan