Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикаси канцлери Ангела Меркель билан видеоконференц алоқа шаклида бўлиб ўтган музокараларини депутатларимиз катта эьтибор билан кузатишди.
Айни пайтда дунёдаги оғир эпидемиологик вазият туфайли юзага келган инқироз шароитида давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари мамлакатларимиз сиёсий ва жамоат доиралари, шунингдек, яқин ва узоқ ҳориж мамлакатларида катта қизиқиш уйғотиши табиий.
Қарийб ўттиз йил давомида мустақил Ўзбекистоннинг асосий шерикларидан бўлган Германия мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Сўнгги йилларда кузатилган икки томонлама муносабатларнинг барқарор динамикаси икки йил олдин Берлинда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар давомида эришилган келишувларни амалга оширишга қаратилаган биргаликдаги ҳаракатлар натижасидир.
Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ҳар доим икки давлат раҳбарларининг диққат марказида бўлиб келган. Дўстона ва конструктив руҳда ўтган музокаралар мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги келгуси алоқаларни янада фаоллаштириш учун қулай замин яратмоқда. Ўзбекистон ва Германия вакилларининг мунтазам учрашувлари ва биргаликда олиб бораётган амалий ишлари ўз навбатида ҳамкорликнинг янги йўналишларини яратиш билан энергетика соҳаси, ҳусусан, унинг қайта тикланадиган манбаларидан самарали фойдаланишга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш, саноат кластерларини ривожлантириш, рақамлаштириш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларини қарор топтиришга хизмат қилиши аниқ.
Ўзбекистонда Германиянинг етакчи компаниялари ва молия институтлари фаолиятининг кенгайтирилиши кутилаётганлиги икки давлат раҳбарлари музокараларидан маълум бўлди. Бу ўз навбатида, сармоявий муҳитни яхшилаш, юртимиздаги технологик янгиланиш, давлатимиз ва жамиятимиз хаётининг барча йўналишларида кечаётган модернизация жараёнлари учун зарур бўлган қўшма лойиҳалар, бизнес ташаббуслар, шунингдек, илмий-техникавий, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликда бажариладиган дастурларни амалга оширилишига хизмат қилади. Ўзбекистон мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириши мақсадида, шунингдек, Европа Иттифоқи билан шериклик ва ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш бўйича келгуси режаларини амалга оширишда Германия билан ўзаро ишончли муносабатларни юритмоқда.
Мамлакатларимизнинг сиёсий ва жамоат арбоблари ўртасида барқарор ривожланишга эришиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимояси ҳамда гендер тенгликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш бўйича ўзаро фаол алоқалар мавжуд бўлиб, уларни чуқурлаштиришда миллий парламентлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Бу борада Олий Мажлис ва Бундестагнинг кўп йиллик ўзаро муносабатлари давомида шаклланган бой тажрибаси мавжуд бўлиб, келгуси амалий ишларни иккитомонлама ва кўптомонлама парламентлараро майдонларда биргаликда амалга оширилиши кутилган натижаларни беради.
ГФР канцлерининг Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишончга асосланган шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича мамлакатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва амалий фаолиятга берган юксак баҳоси Меркель хоним томонидан Ўзбекистоннинг бугунги очиқ ташқи сиёсатини қўллаб-қувватланиши далилидир. Ўзбекистоннинг кенг жамоатчилиги Германияни минтақамизни тараққий эттириш ва Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнига зарур бўлган инфратузилма ривожи учун аниқ ташаббус ва лойиҳаларни илгари сурилишини нафақат қўллаб-қувватлаётган, балки бу йўлда техникавий ва амалий кўмак кўрсатаётган давлат сифатида юқори даражада қадрлайди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Германия минтақавий ва глобал миқёсда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида қай даражада самарали ишларни амалга ошираётганини хаёт ўзи кўрсатмоқда. Ҳамкорлигимизнинг муваффақияти эса, аввало, икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари ва конструктив мулоқотлари самараси деб биламиз.
Дилором ФАЙЗИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Халқаро ишлар ва парламентлараро
алоқалар қўмитаси раиси