Давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга қарши курашиш – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташаббуси билан вазирлик ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида вазирлик тизимидаги давлат хизматчилари иштирокида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича бу галги ўқув семинар “Давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга қарши курашиш” мавзуида бўлиб ўтди.

Маъруза Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов томонидан олиб борилди ҳамда унда офлайн ва онлайн тарзда 200 дан ортиқ вазирлик тиизимидаги ходимлар иштирок этишди.

Ўқув машғулотда Ф.Отахонов ўз сўзини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” асаридаги коррупция ҳақидаги фикрларидан бошлаб, жумладан, ушбу китобда коррупция масаласи “Коррупциядан холи дунё – умумбашарий орзу” алоҳида сарлавҳа остида “Ўзбекистон ва умумбашарий муаммолар” деб номланган олтинчи бўлимдан ўрин олганлигини таъкидлаб ўтди.

Унда қайд этилганидек, мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Бунда қуйидаги асосий йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда:

жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш;

давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларниўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, бу ярамас иллатнинг оқибатларини, бунга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш.

Шунингдек, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупцияга йўл очиб берадиган омилларга чек қўйишга қаратилган 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари, “йўл хариталари” ва дастурлар тасдиқланди.

Парламент, халқ депутатлари кенгашлари, сиёсий партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашдаги роли ва аҳамияти ошиб бормоқда. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди, қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари билан амалий ҳамкорлик кучайтирилди.

Семинарда таъкидландики, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам бу иллатнинг олдини олиш бўйича 10, 83 ва 84-мақсадларда давлат фуқаролик хизмати тизимини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш; давлат хизматида коррупция омилларини бартараф этиш, кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш ва улар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш; давлат хизматида ҳалоллик стандартларини жорий этиш; давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш; давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни яратиш, коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятда очиқликни таъминлаш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш; коррупцияга мойил соҳа ва тармоқларни аниқлаш, коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш; коррупцияга қарши курашишга замонавий ахборот, шу жумладан сунъий интеллект технологияларини жорий этиш; коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, жамоатчилик назоратини олиб боришни қўллаб-қувватлаш; коррупцияга қарши курашиш амалиётида тизимли превентив чораларни кучайтириш; аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш; норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш сингари бир қатор аниқ мақсад ва вазифалар белгиланган.

Маъруза доирасида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 4-боби, яъни давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, давлат фуқаролик хизматчисининг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабати, давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари, давлат фуқаролик хизматида совғаларга нисбатан муносабатда бўлиш шартлари, манфаатлар тўқнашуви, давлат фуқаролик хизматчиси томонидан даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш масалаларида батафсил маълумот берилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan