Давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар барча соҳаларда кўзланган ҳамкорлик, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишлардаги ўзаро якдилликнинг янги босқичларига йўл очади. Қирғизистон Ўзбекистоннинг ана шундай узоқ йиллик стратегик шерикларидан ҳисобланади. Айниқса, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг ўсувчанлиги яққол кўзга ташланмоқда.
Президентимиз таклифига биноан Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг 11-12 март кунлари мамлакатимизга давлат ташрифи билан келиши икки томонлама алоқалар тарихида муҳим воқеа бўлди, десак муболаға эмас. Очиқ ва дўстона руҳда ўтган учрашувлар давомида давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини юқори баҳолади. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилди.
Икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этган музокараларда асосий эътибор халқларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш масалаларига қаратилгани бежиз эмас. Бу борадаги кўрсаткичлар ижобий динамикага эга бўлиб, сўнгги тўрт йилда ўзаро савдо ҳажми беш баробардан зиёдга ўсган ва 900 миллион АҚШ доллардан ошган. Давлат раҳбарлари ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш стратегик шерикликнинг устувор йўналиши бўлгани ҳолда, савдо айланмасини диверсификация қилиш ва номенклатурасини кенгайтириш орқали келгуси йилларда унинг ҳажмини икки баробар кўпайтириш имконияти борлигини билдирди. Бунинг учун ҳар иккала давлат бозорларида харидоргир бўлган, шу жумладан, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар етказиб бериш, ташқи савдо инфратузилмаси ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлашга келишиб олингани катта аҳамиятга эгадир. Бу борада савдо уйлари фаолиятини кенгайтириш, бизнес форумлар ва саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ўтказиш муҳим ўрин тутади.
Мамлакатимизда экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш, ички тармоқ ва тармоқлараро, корхоналар ўртасида кооперацияни мустаҳкамлаш энг асосий масалалардандир. Шу боис, томонлар иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси бўйича аниқ лойиҳаларни амалга оширишга ҳам келишиб олди. Булар, хусусан, Қирғизистонда енгил автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникалари, маиший техникаларни йиғишни ташкил этиш, шунингдек, чегараолди ҳудудларда тўқимачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалардир.
Учрашувлар доирасида “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўлининг қисқа вақтда барпо этилиши, икки давлат шаҳарлари ўртасида автобус, темир йўл ва авиақатновларни қайта тиклаш, ҳудудлараро ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириб, эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, чегараолди вилоятларни комплекс ривожлантириш, давлат чегарасидан ўтказиш пунктларида аҳоли учун қулай шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди. Ушбу келишувларнинг ташриф арафасида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Ўш, Жалолобод, Боткен ва Норин вилоятлари томонидан келишиб олинган “йўл хариталари” доирасида амалга оширилиши бу борадаги муносабатларни бундан-да мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Музокаралар якунида Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзолангани давлатлар ўртасидаги ўзаро алоқалар ва ишончни мустаҳкамлашга қаратилган дадил қадам бўлди. Қарийб 50 та қўшма лойиҳани амалга ошириш назарда тутилган Саноат кооперациясини кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, Ўзбекистон-Қирғизистон инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битим, электр энергиясини ўзаро етказиб бериш, Қирғизистонда гидроэнергетика объектларини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Ташриф доирасида ўртага ташланган масалалар қаторида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги икки томонлама алоқалар ҳам тилга олинди. Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда бу борадаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Сув ресурсларидан фойдаланиш ва сув иншоотларини эксплуатация қилиш бўйича барча муаммоли масалалар биргаликда ҳал қилинмоқда.
Сирдарё ҳавзасида Ўзбекистоннинг бешта вилояти — Андижон, Жиззах, Наманган, Сирдарё ва Фарғона жойлашган. Минтақанинг сув захиралари муштараклиги ва бирлигини қайд этиб, ушбу ҳудудларнинг сув таъминоти Тўхтагул сув омбори, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида оқиб ўтадиган кичик Подшоота, Сўх, Исфайрамсой, Шоҳимардонсой, Косонсой ва бошқалар билан боғлиқ. Шундай экан, бу борада тегишли вазирлик ва идораларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, иккала томон эҳтиёжлари ва манфаатларини инобатга олган ҳолда, пайдо бўлаётган муаммоларни зудлик билан икки мамлакат парламентлари даражасида ҳал қилишда уларга ёрдам бериш, парламентлараро алоқаларни янада кучайтириш лозим.
Давлатлараро сув ресурслари манбаларини биргаликда бошқариш масалалари бўйича ўзаро мақбул ечим топиш зарурлигини ҳисобга олиш ва иқтисодиётни ривожлантириш, мамлакатларимиз аҳолиси турмуш даражасини яхшилаш манфаатлари йўлида мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш ҳам жуда муҳимдир.
Шубҳасиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида мавжуд барча имкониятларни ишга солмоқда. Президент Садир Жапаровнинг юртимизга ташрифи эса Ўзбекистон — Қирғизистон шериклигининг сифат жиҳатидан янги босқичини бошлаб беради.
Равшан МАМУТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари
қўмитаси раиси