Янги таҳрирдаги “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Сенатнинг ўттиз учинчи мажлисида сенаторлар ишни янги таҳрирдаги “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонунни муҳокамасидан бошладилар.

Қайд этилганидек, амалдаги қонун 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига ва стандартлаштириш соҳасидаги халқаро ҳужжатларга мазмунан тўғри келмайди.

Қонун 31 та моддадан иборат бўлиб, унинг мақсади стандартлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир.

Қонунда давлат стандарти тушунчаси мажбурий бажариш маъносини англатгани боис хорижий тажрибаларга таянган ҳолда “миллий стандарт” тушунчасига ўзгартирилмоқда. Чунки миллий стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилиши белгиланмоқда.

Жаҳон Савдо ташкилоти, Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилот ва бошқа ташкилотлар талабларига мувофиқ, ишлаб чиқарувчилар истеъмол бозорлари ёки хорижий бозорларга кириб бориши ҳамда рақобатбардошлилигини ошириб бориши учун стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилади.

Қонуннинг қабул қилиниши билан 18 мингдан ортиқ стандартлар мажбурий тусдан ихтиёрийликка ўтади. Шу билан бирга халқаро, минтақавий ва хорижий стандартларни Ўзбекистон Республикасида қўллаш тартиби жорий этилмоқда. Бунда улар Миллий органнинг қарори билан миллий стандартлар сифатида ўзгаришсиз қабул қилиш орқали қўлланилади.

Шунингдек, стандартлаштириш соҳасида муайян муддатга қабул қилинадиган “дастлабки стандарт”ни (DS – Dastlabki Standart) қўллаш тартиби жорий этилмоқда.

Турли хил идоралар кесимида стандартлаштириш бўйича ишларни алоҳида-алоҳида олиб бориш амалиёти бекор қилиниб, стандартларни экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш, рўйхатга олиш, янгилаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати стандартлаштириш бўйича Миллий орган – Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Стандартлар институтига берилмоқда.

Қолаверса, стандартлаштириш фаолиятини ташкил этиш тартиби аниқ белгиланмоқда. Жумладан, стандартлаштириш ишларини режалаштириш, стандартлар ахборот базасини яратиш ва юритиш, стандартларни қўллаш, нашр қилиш ва тарқатиш, Стандартлаштириш соҳасидаги низоларни ҳал қилиш тартиби, яъни Апелляция комиссиясини тузиш белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига замонавий ва хорижий стандартлар асосида ўз маҳсулотлари ва товарларини ишлаб чиқишда ҳамда хизматлар кўрсатишда қулайликлар яратиб беради. Бу аҳолига сифатли маҳсулотлар ва хизматлар кўрсатишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

https://senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan