Сенаторлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтирувчи қонунни маъқуллади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Сенатнинг ўттиз учинчи ялпи мажлисида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳолини, айниқса ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий адолат принципларидан келиб чиқиб моддий қўллаб-қувватлаш, турмуш ҳамда ҳаёт даражасини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 782 минг ёки аҳолининг 2,4 фоизини ногиронлиги бўлган шахс сифатида пенсия ва нафақа олувчилар (шундан, 376 минг нафари I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар) ташкил этади.

Қонуннинг асосий мақсади – ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини ошириш ҳамда меҳнатини муносиб қадрлаш, фуқароларнинг пенсия таъминоти бўйича қонун ҳужжатларини амалиётда қўллашда юзага келаётган турли хил ёндашувларнинг олдини олишдан иборат.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади. Бунда, ногиронлик пенсияси олаётган фуқаро пенсия ёшига етганда ёки боқувчисини йўқотганда ногиронлик пенсиясини олишни давом эттирса (бошқа пенсия турига ўтмаса)
I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақтини қўшиб ногиронлик пенсияси қайта ҳисобланмайди.

Қонунга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия тайинланганидан кейинги камида 1 йиллик иш стажи ва иш ҳаки миқдоридан келиб чиқиб ҳар 2 йилда бир маротаба тайинланган пенсия қайта ҳисобланади ҳамда пенсия миқдорига қўшиб борилади.

Қонун қабул қилинса, 2023 йилда (1994–2022 йилларда иш стажига эга бўлган) 75 минг нафар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсияларига ўртача 300 минг сўм қўшилади. Келгусида меҳнат фаолиятини олиб борганларнинг (бугунги кунда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг 43 минг нафари расман банд) пенсияси ҳар 2 йилда бир маротаба иш стажи ва ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, қайта ҳисоблаб борилади.

Қонунга мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқи белгиланган ўгай фарзандини 18 ёшгача камида 5 йил тарбиялаган ўгай ота-оналар болани тарбиялаган даврини аниқлаш тартиби, Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматлари бўлган шахсларнинг пенсияларига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 100 фоизидан 150 фоизгача миқдорида устамалар тўлаш тартиби Ҳукумат томонидан белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши амалиётда мавжуд турли хил ёндашувларнинг олдини олиш, коррупциоген факторларни келтириб чиқарувчи ҳолатларга барҳам бериш, ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини оширишга хизмат қилади.

Қонун Сенаторлар томонидан маъқулланди.

https://senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan