Ўзбекистон — Канада: ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Д.Файзиева, Э.Салиховлар Канаданинг Россия Федерациясидаги (ўриндошлик асосида Ўзбекитон Республикасидаги) элчиси Э. Леклерни қабул қилди.

Мулоқот аввалида меҳмонга Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти, палатанинг қўмиталари, комиссиялари ҳамда депутатларнинг асосий вазифалари ҳамда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида қабул қилинган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, элчи Қонунчилик палатасининг раҳбарияти ва парламент аъзоларига учрашув учун ўз миннатдорлигини билдирган ҳолда, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, унинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳалардаги барқарор ривожланишида парламентнинг фаолияти катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

Э.Леклер мамлакатимизга ўриндошлик асосида элчи бўлиши унга юксак ғурур бағишлаши билан бир қаторда, катта масъулият ҳам юклашини маълум қилди. Унинг фикрича, Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи давлат сифатида ўзини намоён қилмоқда ва минтақадаги барқарор вазиятни таъминлашда муҳим ўрин эгаллашини алоҳида айтиб ўтди.

Учрашувда элчи Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва ташаббуслари натижаси мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи янада юқори даражага кўтарилаётганини эътироф этиб, мазкур ислоҳотларни амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Ўзбекистон-Канада ўртасидаги савдо-иқтисодий, таълим, қишлоқ хўжалиги, транспорт энергетика ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни амалга оширишда мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётгани таъкидланди.

Конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар икки мамлакатнинг нафақат парламентлараро, балки бошқа соҳа ва йўналишларнинг ривожланиши борасида ўзаро фикр алмашинувлари орқали тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олдилар.

https://parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan