Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 2021 йилда жами 10 001 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган бўлиб, улар оқибатида 2 426 киши ҳалок бўлган, 9 230 киши жароҳат олган.
Транспорт ҳодисаларининг сабаблари ўрганилганда, ҳаракатни ташкил этишдаги муаммолар 20,1 фоиз, белгиланган тезликка риоя қилмаслик 20,1 фоиз, пиёдалар ўтиш жойи белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш 13,8 фоиз, ҳайдовчининг тажрибасизлиги 9,1 фоиз, болаларни қаровсиз қолдириш 5 фоиз, маст ҳолда рулга ўтириш – 1,4 фоизни ташкил қилган. 2022 йилнинг 9 ойида содир этилган йўл -транспорти ҳодисалари сони бўйича маълумотлар ҳозирча очиқланмаган.
Юқорида ҳодисаларнинг сабабларига оид статистикадан кўриниб турибдики, ҳар бешинчи ҳодисадан бири тезлик қоидасига риоя қилинмагани, яна шунча ҳолатда “ҳаракатни ташкил этишдаги муаммолар” сабабли йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. “Авария”лар сони ва инсон ҳаётига таъсирини кўп муҳокама қиламиз, уларни камайтириш бўйича турлича нуқтаи назарлар билдирилади, турфа хил ёндашув ва услублар, қоидаларни жорий этамиз.
Яқинда Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари пойтахтдаги айрим серқатнов кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги соатига 60, яна бошқаларида 50 км.гача чекланишини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши ҳам бежиз эмас эди.
Жаҳон тажрибасидан ҳам кўрамиз, биламиз, ҳаракат қоидаларини бузганларга нисбатан катта миқдордаги жарималар белгиланиши ёки тўлиқ видеокамералар ўрнатилиши ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин.
Эҳтимол, йўлларимизнинг сифатини яхшилаш, улардаги техник-муҳандислик ишларини замон талаби асосида такомиллаштириш бўйича сезиларли ишларни амалга ошириш вақти келгандур?
Бу жараёнда ҳар бир ишланма ва қарор йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши керак. Шаҳарсозликнинг илғор қоидаларини ўзида мужассам этган йўлларни биз фақатгина хорижий мамлакатда эмас, ўзимизда ҳам кўришимиз керак, деб ўйлайман.
Махтумқули кўчасидаги мудҳиш ЙТҲга сабабчи бўлган BMW ҳайдовчиси қамоққа олингани ҳақидаги хабар тарқалиши ортидан айбдор ҳайдовчининг ҳодиса юзасидан изоҳида ҳам қайсидир автомобиль уни “қисиб” қўйгани туфайли ҳайдовчи ўзини бошқа томонга олиб қочгани мазмунидаги гапни айтиб ўтди.
Шу ўринда айрим мутахассислар йўл четидаги “бордюр”ларимиз ҳайдовчиларнинг хавфсизлигини ҳимоя қилиш эмас, аксинча, зиён келтириши билан боғлиқ фикрни билдириб ўтишаётгани эътиборимни тортди. Назаримда, йўл қурилишида илм, асослантирилган ишланмалар етишмаяпти.
Албатта, бу билан BMW ҳайдовчисини оқлаш ёки айбини хаспўшлаш ниятим йўқ, аксинча, ҳуқуқбузарга нисбатан қонунда белгиланган жазо чораси қўлланилиши ва бу ҳақда жамоатчиликка ўз вақтида маълумот берилиши тарафдориман.
Яна бир масала. Аксарият ҳайдовчиларимизда бир-бирига йўл бериш, ҳурмат кўрсатиш, кутиб туриш ёки ҳаракатланиш маданиятининг бошқа элементларидан фойдаланиш камёб ҳодисага айланиб бормоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланганидек, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг авария ҳолатини юзага келтириши, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиши БҲМнинг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Аммо негадир бизда одатда фақатгина ЙТҲ нинг икки иштирокчиси жабрланади, улардан бири жазоланади. Ваҳоланки, бошқа ҳайдовчиларга нисбатан ҳурматсизлик, беписандлик билан ҳаракатланганлар эса виждони ҳам қийналмай, йўлида давом этаверади.
Энг ачинарлиси, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиб келган учинчи бир иштирокчи жабрини тортади.
Назаримда, авария ҳолатига сабаб бўладиган йўл ҳаракатига йўл қўядиганларга нисбатан қўлланиладиган жазо чорасини кучайтириш ва бу ҳақида халқимизга холис, ишончли ва тўғри ахборотни етказишимиз керак. Ана шундагина айрим “шоввоз”ларимиз йўлларда “манёвр” қилишдан олдин бошқаларни ҳам ҳурмат қилиш ҳақида ўйлаб кўришармиди?
Одилжон ТОЖИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари