Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш мажлисидаги нутқи – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Хонимлар ва жаноблар!

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Саммитининг барча иштирокчиларини самимий қутлашдан мамнунман.

Учрашувимизни юқори савияда ташкил этгани учун Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаев номига билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.  

Шунингдек, Кенгаш фаолияти бўйича бугун бу ерда билдирилган баҳоларни ҳам маъқуллайман. 

Ўтган давр давомида ушбу тузилма хавфсизликни таъминлаш, Осиёда ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенг ва очиқ мулоқот учун муҳим майдон сифатида ўзининг ғоятда зарур эканлигини кўрсатди.

Форумимизни трансформация қилиш масаласи бўйича қўшма фаолиятда иштирок этишга тайёрлигимизни билдираман.

 

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Бугун биз халқаро муносабатларда ноаниқлик тобора ўсиб, мулоқот ва ишончнинг мисли кўрилмаган даражада тақчил бўлиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Буларнинг барчаси кўп томонлама ҳамкорлик асосларига путур етказмоқда, можароларнинг авж олишига сабаб бўлиб, глобал иқтисодиётда тизимли узилишларга олиб келмоқда.

Юзага келган янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилмоқда, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича бизнинг саъй-ҳаракатларимизни секинлаштирмоқда.

Ушбу омилларнинг умумий хавфсизлик манфаатлари, тараққиёт ва фаровонлигимизга таъсиридан келиб чиқиб, қуйидаги устувор йўналишларга диққатимизни қаратишимиз зарур.

Биринчидан. Афғонистондаги вазият алоҳида эътиборни талаб қилмоқда.

Афсуски, бошқа ўткир халқаро муаммолар қалқиб чиқиши натижасида Афғонистон масаласи иккинчи даражага тушиб қолмоқда.

Ўтмишда ушбу давлат амалда халқаро террорчилик маконига айланиб қолгани билан боғлиқ аччиқ тажриба қайта такрорланишига асло йўл қўйиб бўлмайди.

Афғонистон муваққат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқишимиз зарур.

Афғон муаммоси юзасидан кенг консенсусга эришиш ва глобал даражада амалий чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида,

Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоритмини тайёрлаш ва келишиш лозим. Бунинг учун юқори даражадаги халқаро музокара олиб борувчи гуруҳни шакллантириш ҳақидаги ташаббус ифода этилган Осиё мамлакатларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига қўшма мурожаати имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Иккинчидан. Биз радикал ғояларнинг кенг хуружига янада кўпроқ тўқнаш келаяпмиз.

Бузғунчи кучлар тарғибот ва мафкуравий таъсирнинг янги услубларидан фойдаланган ҳолда экстремистик ташкилотларга ёшларни фаол жалб этмоқда.

Шу муносабат билан ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрат ва шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорликни ўрнатишимиз керак.

Ўғил-қизларимиз ўз кучига ишониши, адолатли келажакни қарор топтиришда ўз иштирокини ҳис этиши, ўз салоҳият ва умидларини амалда рўёбга чиқариш имкониятларига эга бўлиши лозим.

Мажлисимизнинг Ёшлар кенгаши ҳамраиси сифатида турли ёшдаги инсонлар ўртасида бир-бирини яхшироқ тушунишга даъват этадиган, фарзандларимизнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашувчи янги форматни – Авлодлар мулоқотини йўлга қўйишни таклиф этамиз.

Ёш етакчилар Форуми доирасида бундай илк учрашувни 2023 йил апрель ойида Самарқандда ўтказишга тайёрмиз.

Учинчидан. Бугунги учрашувимиз кун тартибининг муҳим масаласи иқтисодиётларимизни глобал инқирознинг ўсиб бораётган салбий оқибатларига мослашуви ҳисобланади.

Бу ўринда:

– протекционизмнинг кучайишига, глобал бозорларни беқарор қиладиган омилларни, жумладан янги чекловларнинг жорий этилишига йўл қўймаслик;

– Осиё қитъасида ўзаро боғлиқликни, биринчи галда, ишлаб чиқариш-логистика занжирини, Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғловчи транспорт йўлакларини яратиш ҳисобига кучайтириш муҳимдир.

Тўртинчидан. Жаҳон саноат инқилобининг янги босқичига ўтишнинг асоси бўлган билимлар иқтисодиётини илгари суриш барқарор тараққиётга таҳдидларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Инновациялар трансфери салоҳиятини янада тўлиқроқ ишга солиш, рақамлаштиришни фаол рағбатлантириш, “булутли” технологиялар, сунъий интеллект, “буюмлар интернети”ни ривожлантириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Бу йўналишларда Осиё мамлакатлари глобал етакчиликка биргаликда эришиш учун барча имкониятларга эгадир.

Бешинчидан. Қитъамизнинг кўплаб давлатлари истеъмол маҳсулотларининг асосий импорт қилувчилари ҳисобланади ва озиқ-овқат инқирозининг оқибатларини жуда ўткир ҳис қилмоқда.

Бутунжаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшамоқда.

Парадокс шундан иборатки, бир вақтнинг ўзида айнан бизнинг мамлакатларимиз жаҳоннинг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатлари ҳисобланади.

Шу муносабат билан бугунги кунда қуйидаги йўналишларда янги ёндашувлар:

– озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш;

– ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш;

– Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш яхлит тизимини яратиш айниқса зарурдир.

Ушбу барча масалаларни ФАО шафелигида келгуси йили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда муҳокама қилишни таклиф этаман.

Олтинчидан. Экология ва иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришни ҳамда мамлакатларимизни жадал кўкламзорлаштириш ва экотизимлар боғлиқлигини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича “Яшил Осиё” концептуал дастурлари доирасида доимий эксперт маслаҳатлашувларини йўлга қўйишни таклиф қиламан.

 

Ҳурматли дўстлар!

Ишончим комилки, замонавий таҳдидларни фақат мулоқот, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилиш орқали самарали енгиб ўтиш мумкин.

Айнан шунинг учун ҳам биз илгари сурган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик борасидаги Самарқанд ташаббусининг асосий мақсади инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик, тотувлик ва биргаликда гуллаб-яшнаш учун интилаётган барча соғлом кучларни амалий мулоқотга жалб этишга қаратилгандир.

 

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Саммит иштирокчилари!

Биз Қозоғистоннинг Кенгашга 2024 йилга қадар раисликни давом эттириш ниятини қўллаб-қувватлаймиз ва қозоғистонлик дўстларимизга омадлар тилаймиз.

Ишончим комил, шериклик ва ишончни мустаҳкамлаган ҳолда, умумий интилишларимиз билан биз эзгу мақсадларга – мамлакатларимиз тинчлиги, барқарорлиги ва равнақини таъминлашга эришамиз.

Эътиборингиз учун раҳмат.
president.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan