БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг вазирлик тизимидаги ҳолати қандай? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 13 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг “БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” АЖ мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Муҳокамаларда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг директори ҳамда илмий ходимлари ўз илмий-таҳлилий фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан қатнашишди.

Таъкидландики, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши борасида қатор ишлар амалга оширилган.

Мазкур дастурнинг 6-мақсадида барча учун сув ресурслари ва санитариянинг мавжудлиги ҳамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, 2030 йилгача барча учун тоза ичимлик сувидан умумий ва тенг ҳуқуқли фойдаланиш имкониятини таъминлаш белгиланган бўлиб, бу борада 2022 йил 22 июлда “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Қонунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги фуқаролар белгиланган сифатдаги ичимлик суви билан истеъмол меъёрлари доирасида таъминланиши ва бошқа ҳуқуқлар кафолатлари акс этган.

Шунингдек, бугунги кунда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини 2035 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур концепцияга асосан ичимлик суви ва оқова сув чиқариш тизимларини такомиллаштириш, уларни комплекс ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсати асосларини ишлаб чиқиш, модернизация қилиш ва янги тизимларни ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш каби устувор вазифалар белгиланган.

11-мақсадда шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларининг очиқлиги, хавфсизлиги ва экологик барқарорлигини таъминлаш назарда тутилган бўлиб, унга кўра 2030 йилгача барча учун турар жой ва уй-жой коммунал хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратиш кўзда тутилган.

Кўп хонадонли уйларни бошқариш соҳасида республикамизда 39 мингдан зиёд кўп қаватли уйлар мавжуд, уларга 329 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда 708 та бошқарув компаниялари хизмат кўрсатиб келмоқда.

2022/2023 йиллар кузқиш мавсумига кўп хонадонли уй-жой фондини тайёрлаш бўйича бошқарувчи ташкилотлар томонидан ўтган йилнинг мос даври, яъни 2021/2022 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида 4 млрд сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 135 млрд сўмни ташкил этди.

Бунда 2 872 та кўп хонадонли уйларни таъмирлаш, шундан 1 847 та уйнинг том қисми, 2 782 та уйларнинг кириш йўлаклари, 1 202 та ертўла қисмидаги муҳандислик коммуникациялари, 1 495 та кодли қулфли темир эшиклар, 2 527 та электр тақсимлаш мосламалари, 368 та уй ичидаги муҳандислик тармоқлари, 960 та уйнинг фасад қисми таъмирланган.

Шунингдек, кўп хонадонли уйлар атрофида умумфойдаланишдаги 191 та ҳожатхона қуриш ва таъмирлаш белгиланган бўлса, амалда 130 та (68 фоиз) ҳожатхона қуриб, таъмирланган.

Шу билан бирга, 238 та болалар майдончасини қуриш, 8 578 п/м ирригация тармоқларини таъмирлаш, 209 минг кв. м йўлакларни (тротуар) бетонлаш, 2 651 дона ташқи ёритиш тизимини янгисига алмаштириш ишлари бажарилган.

Иссиқлик таъминот соҳасида Инвестиция дастури доираси 7 та объектлар ҳисобидан 41,6 км магистрал иссиқлик қувурлари ва иссиқлик тармоқлари, 5 та марказий, 3 та маҳаллий қозонхона қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Натижада 36,3 км иссиқлик тармоқлари, 1 та марказий қозонхона, 25 та қозон, 347 та ИИП (ИТП) қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди.

Наманган вилояти Давлатобод туманидаги РК1 марказий қозонхонаси фойдаланишга топширилди. Қозонхона ҳудудидаги 7 592 та хонадондан иборат 153 та кўп қаватли уйлар иссиқлик энергияси билан таъминланди.

Сув таъминоти соҳасида Инвестиция ва Давлат дастурлар доирасида 232 та объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун 1 807,7 млрд сўм ажратилиши ва бу маблағлар доирасида 2 298,5 км ичимлик суви ва оқова сув тармоғи, 183 дона ичимлик суви ва оқова сув иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция ишларини амалга ошириш белгиланган.

2022 йил 1 октябрь ҳолатига 1 304,3 млрд сўм миқдорида маблағлар молиялаштирилди ва 1 530,7 млрд сўм миқдорда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилишига эришилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 2 143,2 км ичимлик суви ва 58,3 км оқова сув тармоқлари, 101 та иншоотда қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди.

Қизғин савол-жавоб ва баҳс-мунозаралар билан ўтган эшитув якунида келгусидаги вазифалар белгиланиб, кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan