Мурожаатлар – депутатларнинг доимий диққат марказида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Халқ билан очиқ ва самимий мулоқот олиб бориш, жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни батафсил ўрганиш ва уни ҳал қилиш чораларини кўриш депутатлар фаолиятининг асосий мезонига айланган.

Депутатлар томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларида шикоят, аризалар ва таклифлар кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг амалга оширилиб, таъсирчан парламент назорати ўрнатилган.

Бу борадаги амалий тадбирларнинг давоми сифатида бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ҳамда ичимлик суви таъминоти ҳолати масалаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар ҳал этилаётганлиги ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” АЖ мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Даставвал Қўмита раиси Вахобжон Мураткабилов ушбу эшитув моҳиятига тўхталиб, асосий мақсад – “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси, Қонунчилик палатасининг фуқаролар қабулхонаси ва депутатлик корпуси номига келиб тушаётган мурожаатларнинг таҳлиллари асосида соҳа раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш ҳамда жабҳада янада самарадорликка эришиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш эканлигини таъкидлаб ўтди.

Қайд этилдики, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ҳал этиш ва унинг ечимига қаратилган масалаларда буткул янги тизимни яратиш бўйича сўнгги йилларда кенг қамровли саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Қатор қонунлар, қармон ва қарорлар қабул қилинди. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун, Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони шулар жумласидандир.

Кириш сўзи билан қатнашган Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ўз маърузасида эшитув кун тартибида юртдошларимиз ҳар куни турмушда тўқнаш келадиган долзарб ҳаётий масалалар ўрин олганлигига урғу қаратиб, мурожаат қилиш ҳуқуқидан ҳамда уй-жой коммунал хизматидан ва ичимлик сувидан фойдаланиш борасидаги маданиятни янада ошириш, амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларга ажратилган маблағларни талон-торож қилиш ҳолати аниқланган тақдирда процессуал тартибда ундирилган моддий зарар суммасини айнан шу лойиҳага йўналтиришнинг қонуний асосларини аниқ белгилаш каби ва муҳокамаларда кўтарилган бошқа масалалардаги илмий мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, мурожаатлар қонунга қатъий амал қилинган ҳолда тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилиши зарур.

2022 йил 9 ойида келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда, ичимлик ва оқова сув таъминоти 19 мингта (79 фоиз), уй-жойларни сақлаш ва таъмирлаш бошқариш органларининг фаолияти бўйича 4 мингта (18 фоиз), иссиқлик таъминот 1 мингта (3 фоиз) мурожаат рўйхатга олинган.

Охирги йилларда ичимлик суви таъминоти соҳасида мурожаатлар келиб тушиши кўрсаткичи кескин ортгани сабабли Давлатимиз раҳбари томонидан ичимлик суви таъминотига катта эътибор қаратилмоқда.

2017–2021 йилларда республика аҳоли пунктларида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш тизимларини ривожлантириш бўйича 2 509 та объектда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган. Бунинг учун 10 трлн сўм миқдорида маблағ ўзлаштирилган, 16 минг км.дан зиёд ичимлик суви тармоғи қурилган, 885 км оқова сув тармоғини қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилган. Натижада ҳудудларда сўнгги 5 йилда 6 млн 500 минг аҳоли марказлашган тоза ичимлик суви билан илк бор таъминланишига эришилган.

Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 87 фоизга етказиш бўйича ҳар бир ҳудуд кесимида лойиҳа таклифи ишлаб чиқилиб, хорижий молия институтларининг 26,6 трлн сўм кредит маблағлари, республика бюджетининг 13,4 трлн сўм маблағлари ҳисобидан 4 мингдан ортиқ иншоот ҳамда 40 минг км ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари қурилиши режалаштирилган.

Қашқадарё вилояти аҳолисининг 43 фоизи ичимлик суви билан таъминланганлиги сабабли 3 мингга яқин (2021 йил мос даврига нисбатан 23 фоизга ошган) мурожаатлар келиб тушган. Бундан ташқари Тошкент вилоятида ичимлик сув таъминотига аҳоли томонидан эътирозлар ортган.

Жорий йил сентябрь ойида Давлатимиз раҳбари томонидан Тошкент вилоятига ташрифи давомида Бўка ва Пискент туманларидаги ичимлик суви ва оқова сув лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятига ташриф давомида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш бўйича халқаро молия институтлари иштирокида умумий қиймати 127,0 млн долларга тенг бўлган (шундан 102,9 млн доллари – Халқаро молия институтлари маблағлари) 2 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилишини жадаллаштириш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.

Косон ва Муборак туманлари марказлари ҳамда Китоб-Шаҳрисабз ерости сув конидан сув олиш қувурларига яқин бўлган қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида Косон ва Муборак туманларида 39 та МФЙда истиқомат қилувчи 153 минг аҳоли марказлашган ичимлик суви, Қарши шаҳри канализация тизимини реконструкция қилиш ва қуриш лойиҳасини амалга ошириш натижасида 275 минг аҳоли оқова сув таъминоти билан таъминланади.

Шу билан бирга, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 203 км ичимлик суви ҳамда 50 км оқова сув қувурлари ётқизилди. 41 та объектда қурилиш ишлари олиб борилиб, 1 та ичимлик суви тозалаш иншоотида (Қодирия) қурилиш ишлари якунланди.

2022 йил ўтган даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари орқали 126 та соҳага оид мурожаатлар келиб тушган. Улардан 49 таси қаноатлантирилган, 52 таси юзасидан давлат дастурига киритиш бўйича тушунтириш олиб борилган, 25 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Соҳалар кесимида ўрганилганда мурожаатлардан 99 таси ичимлик суви ва оқова сув таъминоти, 20 таси кўп хонадонли уйларни бошқаришдаги муаммолар ва ноқонуний қурилишлар, 7 таси иссиқлик таъминоти масалаларига тўғри келади.

Депутатлар сўровига асосан ва уларнинг амалий аралашуви билан қатор муаммолар ижобий ҳал қилинган.

Хусусан, жорий йилнинг сентябр ойида Тошкент вилояти Ангрен шаҳри “Ғ.Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғини, Дўстлик кўчаси фуқароларини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича депутат Н.Аминов сўрови асосида ушбу манзилга 900 метр сув қувури ажаратилиб, ҳозирги кунда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 265 та хонадон ичимлик суви билан таъминланади.

Тошкент шаҳар, Яшнабод тумани, Фарғона йўли, 3-тор кўчасидаги ичимлик суви қувурлари яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги тўғрисида депутат Р.Кушербаевнинг жорий йилнинг июлдаги сўровига асосан, ушбу манзилда ичимлик суви қувурлари капитал таъмирлаб берилди.

Депутат Ш.Полвоновнинг жорий йил апрелдаги сўровига биноан Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани, Дўстлик МФЙ аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш учун 3 км ичимлик суви тармоқларини қуриш ва 1 дона сув иншоотини реконструкция қилиш лозим бўлиб, ушбу масалани 2023 йилда инвестиция дастурига киритиш чоралари кўрилмоқда.

Эшитувда депутатлар мутасадди раҳбарлар ахборотларига таклиф ва тавсиялар билан муносабат билдириб, ўз навбатида, асосли саволлар билан айрим маълумотларга аниқлик киритишди.

Умуман олганда, депутатлар жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган ҳар бир мурожаат ортида инсон, унинг қадри, ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари турганини таъкидлашди.

Қизғин мунозараларга бой бўлган тадбирда муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan