Ўзбекистон ва Эрон: савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ривожланмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламетлараро алоқалар қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида қўмита эшитуви ўтказилди.

Унда Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо, Туризм ва маданий меърос ҳамда Маданият вазирликларининг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қўмита эшитувини ўтказишдан асосий мақсад – Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, шунингдек ушбу соҳаларда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилган ҳолда истиқболдаги амалий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган вазифаларни аниқлаштириб олишдан иборат.

Таъкидланганидек, 2021 йилда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ўзаро савдо 430,8 млн. долларни ташкил қилган. Жумладан, экспорт 176,6 млн. долларни, импорт 254,2 млн. долларни ташкил этган. Жорий йилнинг январь-июль ойларида эса икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 272,1 млн. долларни ташкил этмоқда. Бунда экспорт 100.1 млн. доллар, импорт эса 172 млн. долларга тенг бўлди.

Мамлакатимизда ҳозирги кунга қадар Эрон сармояси иштирокида 355 та қўшма корхона ташкил этилган бўлиб, бу кўрсаткич охирги беш йилда 3 баробар ошди.

Тадбирда қайд этилганидек, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича 1999 йилнинг сентябрь ойида “Ўзбекистон-Эрон” дўстлик жамияти ташкил этилган. Шунигдек, Ислом меросини ўрганиш доирасида Эроннинг илмий муассасалари ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган.

Бундан ташқари, Эрон Ислом Республикасининг мусиқа-фольклор гуруҳлари анъанавий тарзда Самарқандда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам равишда иштирок этиб келмоқда. Хусусан, 2018  йилнинг 5-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган Халқаро мақом фестивалида Эрон Ислом Республикасининг “Настар” мусиқа жамоаси фахрли 2-ўринни қўлга киритган.

Шунингдек, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги сиёсий ва парламентлараро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. Мисол учун, 2021 йилнинг 5 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Н. Исмоилов бошчилигидаги делегация Эрон Ислом Республикасининг янги сайланган Президенти И. Раисийнинг инаугурация маросимида иштирок этди.

Шу билан бирга, 2022 йилнинг 12-14 июль кунлари Эрон Исломий Кенгаш Мажлиси раиси М. Қолибоф мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев томонидан қабул қилинди ҳамда меҳмон Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Н. Исмоилов билан музокара ўтказди.

Қўмита эшитувида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, амалга оширилган ишлар юзасидан мутассадди вазирлик ва идоралар вакилларининг ахборотлари эшитилди. Соҳаларда истиқболда режалаштирилаётган ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди ва саволларга жавоб олинди.

Депутатлар томонидан тегишли вазирлик ва идораларга Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги икки томонлама ва кўптомонлама ўзаро амалий ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Қўмита эшитуви бўйича қўмита қарори қабул қилинди.
Тадбирда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари  Алишер Максудов ва Амирулло Тухлибоев иштирок этди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan