Янги Ўзбекистон – дунё ҳамжамиятида очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг муҳим ташаббускори сифатида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил янги Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларда ўз сиёсий позициясини мустаҳкамлаш йили сифатида намоён бўлмоқда.

Очиқ айтиш керак, барча ўзгаришларни узоқни кўзланган стратегик мақсадларга хизмат қилувчи янги форматдаги давлат бошқаруви фаолиятининг амалий натижалари билан изоҳласак адашмаган бўламиз.

Хусусан, дунё сиёсий майдонида нуфузи жиҳатидан БМТдан кейинги ўринда баҳоланувчи Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) такомилида Ўзбекистон алоҳида ўрин тутмоқда ва бунинг тасдиғи сифатида халқаро майдонда кенг ижобий эътирофларга сабаб бўлган – Самарқанд саммитининг айнан Ўзбекистонда ўтказилганини алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин.

Юқоридаги тарихий воқеаликнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 12-13 октябрь кунлари ўтказилган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК)нинг хавфсизлик ва барқарорлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, савдо ва иқтисодий шериклик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган Остона халқаро саммити ва унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштироки алоҳида аҳамият касб этди.

Маълумот сифатида: Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашни чақириш ташаббуси илк бор Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев томонидан 1992 йил октябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 47-сессиясида билдирилган эди. Кенгашга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг 1999 йил сентябрь ойида Олмаотада бўлиб ўтган «мулоқот форуми» сифатидаги биринчи йиғилишидан сўнг у расман иш бошлаган.

Кенгашнинг асосий мақсадлари:

Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга оид кўп томонлама ёндашувларни ишлаб чиқиш орқали ҳамкорликни кенгайтириш;

гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва айланмасига қарши курашиш;

Осиёда фаровонлик учун савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш;

терроризмнинг барча кўринишларига қарши курашиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ барча масалалар бўйича ҳамкорлик;

оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш ва уларни изчил йўқ қилиш;

гуманитар соҳада ишончни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

цивилизациялар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳурмат, тушуниш ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш;

аъзо давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга ошириш.

Кенгаш ўз фаолиятини давлат ва ҳукумат раҳбарларининг декларациялари, Давлат раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва юқори мансабдор шахслар комиссияси қарорлари доирасида амалга оширади. Кенгашнинг бошқарув органлари Давлат раҳбарлари саммити, Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши ва Олий мансабдор шахслар қўмитаси ҳисобланади. Олий органи эса давлат ва ҳукумат раҳбарларининг саммити ҳисобланади.

Саммит ҳар тўрт йилда бир марта чақирилади. Унинг фаолияти йиғилишга аъзо давлатларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан молиялаштирилади. Ҳозирда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг фаолиятида 28 та давлат иштирок этмоқда. Шунингдек, 8 та мамлакат ва 5 та халқаро ташкилот кузатувчилар мақомига эга.

Эътибор қаратадиган бўлсак, саммит очилишида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бугунги кунда глобаллашувнинг янги босқичга кўтарилганини, бу жараёнда давлатлар ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг янги форматига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ортиб бораётганини ва бугунги кунда халқаро муносабатлардаги ноаниқлик даражасининг тобора ўсиб бориш тенденцияларини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Янги Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари халқаро муносабатларида муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. Бунинг яна бир исботи ўлароқ, Ш.Мирзиёев ҳозирги кунда бошқа халқаро муаммолар ўткирлашиб бориши оқибатида кейинги даражага тушиб қолаётган Афғонистондаги вазиятга алоҳида аҳамият қаратиш лозимлигига тўхталиб ўтди. Жумладан, Президентимиз Афғонистон муваққат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувлар ишлаб чиқиш масаласини ўртага ташлади. Бунинг аниқ механизми сифатида БМТ Бош Ассамблеясига Осиё мамлакатларининг қўшма мурожаатини киритиш ва унда Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоритмини тайёрлаш ҳамда келишиш учун юқори даражадаги халқаро музокара гуруҳини шакллантириш ҳақидаги ташаббуси илгари сурилганлиги иштирокчилар ва хорижий экспертлар томонидан эътироф этилди.

Президентимиз Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг Остона саммитида яна бир эътиборга молик жиҳат – ёш авлоднинг тарбияси ва уни глобаллашувнинг салбий таъсирларидан асраш масаласи давлатлар ва жамиятлар тараққиётининг бош омили, уни эътиборга олмаслик эса таназзул ва инқирозларнинг асосий сабаби бўлишини алоҳида тилга олди.

“Ўғил-қизларимиз ўз кучига ишониши, адолатли келажакни қарор топтиришда ўз иштирокини ҳис этиши, ўз салоҳият ва умидларини амалда рўёбга чиқариш имкониятларига эга бўлиши лозим”, – дея ушбу тадбирларнинг амалийлиги ва хаққонийлигини таъминлашнинг мантиқий давоми сифатида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг Ёшлар кенгаши ҳамраиси сифатида Ўзбекистон турли ёшдаги инсонлар ўртасида бир-бирини яхшироқ тушунишга даъват этадиган, фарзандларимизнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашувчи янги форматни – авлодлар мулоқотини йўлга қўйиш таклифини билдирди.

Мамнуният билан айтиб ўтиш керакки, ушбу таклиф ташкилот ташкил топгандан буён муҳим ва долзарб ўрин эгалловчи ташаббус сифатида саммитнинг барча иштирокчилари томонидан юксак ташаббус сифатида эътироф этилди. Зеро, ҳар бир жамият, хусусан, қандай тузум ва сиёсий тизим асосига қурилган бўлмасин, унинг тараққиёт такомиллари, аввало, янги авлоднинг ташаббускорлиги ва унга яратиб берилаётган шарт-шароитларга боғлиқ бўлиб қолаверади. Бу асл ижтимоий қонуниятдир.

Шу билан бирга, Остона халқаро саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Осиё мамлакатлари иқтисодиётини глобал инқирознинг ўсиб бораётган салбий оқибатларига мослаштириш бўйича қуйидаги:

биринчи, протекционизмнинг кучайишига, глобал бозорларни беқарор қиладиган омилларни, жумладан, янги чекловларнинг жорий этилишига йўл қўймаслик;

иккинчи, Осиё қитъасида ўзаро боғлиқликни, биринчи галда, ишлаб чиқариш-логистика занжирини, Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғловчи транспорт йўлакларини яратиш;

учинчи, жаҳон саноат инқилобининг янги босқичига ўтишнинг асоси бўлган билимлар иқтисодиётини илгари суриш;

тўртинчи, инновациялар трансфери салоҳиятини янада тўлиқроқ ишга солиш, рақамлаштиришни фаол рағбатлантириш, юқори технологиялар, сунъий интеллект, Интернет тизимларини ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги;

бешинчи, экология муаммоларини ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳамда мамлакатларимизни жадал кўкаламзорлаштириш ва экотизимлар боғлиқлигини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича “Яшил Осиё” концептуал дастури доирасида доимий эксперт маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш;

олтинчи, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида янги ёндашув механизмларини жорий этиш, хусусан, озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш, ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш, Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш яхлит тизимини яратиш ташаббуслар илгари сурилди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Президентимизнинг Остона саммити доирасидаги иштироки ва билдирган таклифлари, илгари сурган ташаббуслари дунёда тинчлик ва ҳамкорликни янада ривожлантириш омили – замонавий таҳдидларни фақат мулоқот, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилиш орқали самарали енгиб ўтишнинг ўзига хос тарихий воқеаси сифатида алоҳида ўринга эгаллайди. Зотан, ҳар қандай давлат ўзининг ривожланиш қонуниятини ўзаро ҳамкорлик ва сиёсий мулоқот асосида амалга оширсагина, бардавом ва барқарор бўлади.

Фозилжон ОТАХОНОВ,
Олий Мажлис ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент
тадқиқотлари институти директори,
юридик фанлар доктори, профессор.

xs.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan