Аслида, бу ёруғ оламда ҳар биримизнинг тўрт онамиз бор. Улар – бизни дунёга келтирган онамиз, она замин, она тарихимиз ва она тилимиз. Уларнинг ҳар бирини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, дардига дармон бўлиш ҳар биримизнинг чин фарзандлик бурчимиз. Тилнинг ҳимояси бугун қонун қабул қилинганидан буён 33 йил вақт ўтган кунларда ҳам Ватан ҳимояси сингари ғоят долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки, ўз давлат тилини билиш ва уни ўрганиш юксак маънавият, Ватан ва халққа садоқат белгисидир.
XVIII асрда Шарқнинг бир қатор мамлакатларига сафар қилган француз сайёҳи Тавернье: “Форс тили – малоҳатли тил, шеърият ва бадиият тили, араб тили – фасоҳатли тил, Қуръон ва илм тили, туркий тил – сиёсат ва ҳарб тили”, деган ўзига хос баҳони берган. Ҳозирги даврда эса, биз ўз она тилимизга бемалол “малоҳатли, фасоҳатли тил, шеърият, бадиият, илм ва сиёсат тили” деган баҳони ҳам бера оламиз.
Қаҳрамон шоиримиз Абдулла Ориповнинг қуйидаги фикри ҳам айнан шундан далолат беради: “Дантенинг “Илоҳий комедия”сини таржима қилиш жараёни мен учун ўта улуғ мактаб бўлди. Агарда қоғоз устида энг кўп тер тўккан бўлсам, ўша таржима устида тўкканман. Улуғ Она тилимизнинг нақадар бой эканига имон келтирган бўлсам, айнан ўша таржима жараёнида имон келтирганман. Азбаройи таржима аслиятдан кам бўлмаслиги учун тилимизнинг бойлигидан имкони борича тўлиқ фойдаланиш йўлида изландим, тил хазинамиздан сўзлар ахтардим. Бунга нечоғлик эришганман, бу энди бошқа мавзу, бироқ (шунга) ишондимки, бизнинг тилимиз ҳеч бир муболағасиз (бутун) жаҳондаги энг гўзал ва энг бадавлат тиллардан биридир”.
Бундай юксак эътирофларни ўзбек тилини жиддий ўрганаётган хорижликлар ҳам тўла-тўкис тасдиқлайдилар.
Мен юқорида бежиз бу ёруғ оламда ҳар биримизнинг тўрт онамиз бор, деб таъкидламадим. Чунки уларнинг қадрини ҳориж сафарларига чиққанимизда соғинч орқали яққол сезамиз. .
Шу ўринда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг вафотидан сўнг 2014 йилда чоп этилган “Ярим аср дафтари” номли китобида келтирилган бир воқеий ҳикоя ёдимга тушди: “Расмий сафар билан бир неча кун чет элда бўлишимга тўғри келди. Албатта, дунёда гўзал мамлакатлар, чиройли шаҳарлар кўп. Аммо одам қаерга бормасин, ҳафта ўтмай, ўз юртини соғиниб қолади. Шундай қилиб, аввал Германияга учдик. Ундан сўнг Атлантика океани устидан Америкага училди. Бир неча кун расмий йиғилишларда бўлиб, яна Европага – Швейцарияга учдик. Бу ерда ҳам (қатор) йиғилишларда иштирок этилди. Сўнг Англияга бордик. Лондонда дунёдаги беҳад катта аэропортлардан бири – Хитроудан Тошкентга учадиган бўлдик. Ҳаво кемаси гуриллаб ишлай бошлаши билан самолётда шундай соҳир сўзлар янграйди: “Ассалому-алайкум, хонимлар ва жаноблар! Сизларни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси номидан муборакбод этамиз!” Бу (гўзал) сўзларни эшитганда кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетди! Бир тасаввур қилинг: она Ватанимдан минглаб чақирим нарида, ва юзлаб чет элликлар – инглизлар, ҳиндлар, бенгаллар… ўтирган самолётда айни менинг она тилимда айтилган сўзлар жаранглаяпти! Биргина мана шу ҳолатнинг ўзи учун Мустақилликка минг карра таъзим қилишга тайёрман!”
Мен ҳам бир неча Европа ва Осиё давлатларида илмий ва хизмат сафарларида бўлиб, бу тўрт она соғинчини дилдан туйганман. Ҳақиқатан ҳам инсон дунёни кўзи билан эмас, балки тили билан кўради! Бошқача қилиб ифодалаганда, ҳар бир тил вакили дунёни ўз тили мантиғидан келиб чиқиб фарқли тарзда кўради, эшитади ва идрок этади.
Шунинг учун ҳам ўзбекнинг дили, кўнгли, қалбининг калити бўлмиш – она тилимизнинг мавқеини янада юксакликларга кўтариш барчамизнинг энг улуғ, энг муқаддас фарзандлик бурчимиздир.
Зафар ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати