Ёшлар коррупцияга қарши муросасиз курашади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон дунёга ислоҳотлар мамлакати сифатида танилиб улгурди. Ҳар жабҳада ўзгаришлар, янгиланишлар кечмоқда. Бошқарув тизими шаффоф, очиқ сиёсат юритиш тамойиллари асосида йўлга қўйилди. Бу коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

Гап коррупцияга қарши кураш ҳақида борар экан, бу борада жамоатчиликнинг назорати жуда муҳим эканини алоҳида таъкидлаш керак. Энг асосийси, бу жараёнда ёшларнинг фаоллиги сезилаётгани эътиборга молик.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида коррупцияга барҳам бериш масаласига алоҳида тўхталиб, бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши мақсадга мувофиқ экани таъкидлади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилиб, унинг таркибига ёшлар, хусусан, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти вакиллари жалб этилиши ҳам яхши натижа бериши, шубҳасиз. Чунки, ёшларимиз ватанпарварлиги, мамлакат тараққиётига бефарқ эмаслиги, фидойилиги билан ажралиб туради. Уларда ҳаётбахш ғоялар, ташаббуслар ҳам кўп.

Кенгашнинг асосий вазифалари агентлик фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, коррупцияга қарши курашиш режалари, стратегиялари, агентлик томонидан қабул қилинган қарорларни мустақил мониторинг қилиш ва таъсирини баҳолаш, давлат харидлари, бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнларини кузатиш ҳисобланади. Бу орқали янада очиқлик ва шаффофликка эришиш мумкин. Шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес ҳамжамияти билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Кенгаш аъзоларининг яна бир муҳим вазифаларидан бири, бу — жамоатчилик, фуқароларга коррупцион ҳолатлар юзасидан агентликка тўғридан-тўғри хабар бериш имконини берувчи платформа ва унинг мобил иловасини кенг тарғиб қилиш. Бу орқали халқимиз коррупция ҳолатларини тез ва қулай тарзда тегишли мутасаддиларга етказиш имконига эга бўлади.

Албатта, барча соҳаларда коррупцияга қарши курашиш, унинг оқибатларини ўрганиш ва олдини олиш масаласи энг долзарб вазифалардан бири. Ёшлар учун эса энг муҳим йўналишлардан бири, бу – таълим соҳасидаги ва ишга кириш босқичида юзага келиши мумкин бўлган коррупция турларига қарши курашиш. Сабаби, мамлакатимизнинг 18 миллиондан зиёд қисмини, яъни қарийб 55 фоизини ташкил этувчи ёшлар айнан шу жараёнларда коррупция билан боғлиқ вазиятларга дуч келиши мумкин.

Жамоатчилик кенгашида Ёшлар парламенти вакилларининг иштирок этиши мазкур йўналишларда ёшлар фикрларини инобатга олиб таклифлар бериш учун кенг имкониятлар эшигини очади. Эндиликда, Ёшлар парламентининг барча аъзолари билвосита мазкур жараёнда ўз ташаббуслари билан иштирок этади.

Ҳозирданоқ Ёшлар парламентининг таълим ва ишга кириш соҳасида бир нечта дастлабки таклифлари шаклланганини айтиш жоиз.

Биринчидан, таълимнинг барча босқичларида инсон омилини камайтириш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни мажбурий қилиб белгилаш (кириш имтиҳонлари, журналларни юритиш, баҳолаш ва шу кабилар) таклиф этилади.

Иккинчидан, ишга кириш бўйича танловлар онлайн эълон қилинишини давлат ва нодавлат ташкилоти бўлишидан қатъий назар жорий қилиш лозим.

Учинчидан, ишга киришда суҳбат ёки имтиҳон жараёнларини ташкилот сайтларида онлайн трансляция қилиш механизмини ишга тушириш ва бунда трансляция овозли бўлишини инобатга олиш керак.

Тўртинчидан, коррупцияга қарши курашиш бўйича ёшларнинг доимий фикрини ўрганиш ва махсус сўровларни ташкил этиш лозим бўлади. Бу жараёнда интернет тармоғидан кенг фойдаланиш ҳамда бошқа аналоги бўлмаган янги платформа яратиш зарур.

Бир сўз билан айтганда, Ёшлар парламенти коррупциянинг жиноят эканини ва унга нисбатан тоқатсиз бўлиш ғоясини ёшлар ўртасида «тенгдош-тенгдошга» тамойили асосида тарғиб қилиш ва бу йўналишда қонунчиликка таклифлар, тавсиялар беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Президентимизнинг таъбири билан айтганда, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш биз — ёшларнинг кундалик ҳаёт тарзига айланиши шарт.

Шаҳноза ЖОЛДАСОВА,
Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Ёшлар парламенти раиси ўринбосари,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик
муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти бош илмий ходими

www.yuz.uz

Share on facebook
Facebook
Share on twitter
Twitter
Share on linkedin
LinkedIn
Share on telegram
Telegram
Share on google
Google+
Share on email
Email
Share on print
Print

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan