Шу кунларда БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида гендер тенгликка эришиш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш учун ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишда хотин-қизларнинг самарали иштирок этишини таъминлашга, шунингдек, зўравонликка барҳам беришга бағишланган Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиянинг 65-сессияси бўлиб ўтмоқда.
Сессияда аъзо давлатлар, БМТ тузилмалари ва Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашда аккредитациядан ўтган дунёнинг турли мамлакатларидаги нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
Сессия давомида хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йилда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотига раислик қилмоқда. Сессияда Мулоқот номидан Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева видеомурожаат билан сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, Марказий Осиё давлатлари инклюзивлик тамойилларига асосланиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонлик ва камситишга йўл қўймаслик, қарорлар қабул қилиш жараёнларида уларнинг иштирокини таъминлаш борасида катта муваффақиятларга эришди.
Бундан ташқари, сўнгги 20 йилда Марказий Осиё минтақасида миллий парламентлардаги хотин-қизлар улуши икки мартаба кўпайди.
Парламентнинг юқори палатаси раҳбари Т.Нарбаева хотин-қизларга моддий ва молиявий ёрдам кўрсатиш, уларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича самарали чоралар кўриш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш масалалари минтақа мамлакатлари етакчи аёллари Мулоқотининг диққат марказида бўлишини таъкидлади.
Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссия сессиясида муҳокама қилинаётган масалалар хусусида Ўзбекистоннинг нуқтаи назари ва ютуқлари, жумладан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий мақомини яхшилаш ҳамда давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этишини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан ўртоқлашди.
Сессия доирасида доимий ваколатхоналар, ҳукуматлараро ташкилотлар ва БМТ бўлинмалари томонидан параллел тадбирлар ҳам ўтказилмоқда.
Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиянинг 65-сессияси 2021 йил 26 мартгача давом этади.