Гендер-ҳуқуқий экспертиза бўйича амалий қўлланма ишлаб чиқилди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Жорий 2022 йилнинг 31 октябрь куни Олий Мажлис Сенатида  Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги “Ҳуқуқий ислоҳотлар” дастури, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Гендер ҳуқуқий экспертиза бўйича амалий қўлланманинг тақдимоти ўтказилди.

Таъкидланганидек, мазкур қўлланма “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда белгиланган норма яъни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тегишли лойиҳаларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизасидан ўтказиш тартибига бағишланган. Унда  халқаро стандарт ва услубларга хамда демократик ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибасига таянган ҳолда Ўзбекистон учун ишлаб чиқилган гендер-ҳуқуқий экспертизани ўтказиш услубиётидан фойдаланиш масалалари атрофлича тушунтириб берилган.

Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова,  Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Нодира Эгамбердиева, USAIDнинг Ўзбекистондаги “Ҳуқуқий ислоҳотлар” дастури директори ўринбосари Раҳима Назаровалар мамлакатимизда жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилганлигини таъкидлаб ўтдилар.

Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, ушбу соҳада бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, 2 та қонун, барқарор ривожланиш миллий мақсадларига мувофиқ, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш бўйича стратегия ишлаб чиқилганлиги алоҳида қайд этилди.

Қонунчиликда гендер тенглигини таъминлашга қаратилган асосий восита норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизаси ҳисобланади. Айнан мазкур инструмент аёллар ва эркаклар тенглигини ҳуқуқий таъминлашнинг самарали механизмига айланиши лозим.

Гендер ҳуқуқий экспертиза бўйича амалий қўлланма тақдимоти доирасида гендер-ҳуқуқий экспертизаси орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳасининг жинси бўйича бевосита ёки билвосита камситиш хавфини юзага келтирувчи нормалар ва уларнинг оқибатларини умумий баҳолаш, энг муҳими, аниқланган, камситишларга йўл қўядиган меъёрларни бартараф этиш йўллари ва услублари кўрсатиб ўтилди.

Экспертлар томонидан қўлланма қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларининг гендер сезгирлигини шакллантиришда фойдали бўлиб, гендер мувозанатига эришиш учун адолатли сиёсатни шакллантиришга ёрдам бериши таъкидлаб ўтилди.

Қизғин мунозараларга бой бўлган давра суҳбатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг ҳозирги ҳолати ва уни такомиллаштириш бўйича келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳам белгилаб олинди.

www.xs.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan