Гендер ҳуқуқий экспертиза бўйича амалий қўлланма тайёрланди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди.

Қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар халқаро меъёр ва стандартларга тўлиқ мос келади. Уларнинг бир қисми БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари тавсияларига асосланган. 
 
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан “Гендер ҳуқуқий экспертиза бўйича амалий қўлланма” тайёрланди. Куни кеча мазкур қўлланма тақдимотига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. 
 
Давра суҳбатида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирхонова, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ва бошқалар гендер тенгликни таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб ўтдилар. 
 
— Гендер тенглик соҳасида бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан 2 та қонун, Барқарор ривожланиш миллий мақсадларига мувофиқ, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш бўйича Стратегия ишлаб чиқилган, — деди Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов. — Қонунчиликда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган асосий восита норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизаси ҳисобланади. Айнан шу инструмент аёллар ва эркаклар тенглигини ҳуқуқий таъминлашнинг самарали механизмига айланиши мумкин. 
 
Давра суҳбатида “Гендер ҳуқуқий экспертиза бўйича амалий қўлланма” тақдимоти доирасида гендер-ҳуқуқий экспертизаси орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки лойиҳасининг жинси бўйича бевосита ёки билвосита камситиш хавфини юзага келтирувчи нормалар ва уларнинг оқибатларини умумий баҳолаш, камситишларга йўл қўядиган меъёрларни бартараф этиш йўллари ва услублари намойиш этилди. 
 
Тадбирда сўз олган экспертлар қўлланма қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларнинг гендер сезгирлигини шакллантиришда муҳим манба бўлишини таъкидлади. 

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan