Ҳар қандай жамият бойлигининг манбаи, инсоният томонидан моддий ва маънавий бойлик яратишнинг асосий омили меҳнатдир. Жамиятнинг ижтимоий шакли қандай бўлишидан қатъи назар, меҳнат моддий ва номоддий неъматлар ишлаб чиқаришда зарур фаолият бўлиб қолаверади.
Президентимиз таъкидлаганидек, иқтисодий ислоҳотлар ва ижтимоий ўзгаришларнинг самараси, биринчи навбатда, аҳолининг моддий аҳволи ва фаровонлигига, унинг ҳаёт даражаси ва сифатига қай даражада таъсир кўрсатаётгани билан ўлчанади. Бу ўзгаришлар, умуман, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш жараёнида дастлаб меҳнат муносабатларини тартибга солувчи миллий қонун ва қонуности ҳужжатларни замон талаби асосида такомиллаштириш, уларда умумэътироф этилган тамойилларни қамраб олишни тақозо этади.
Депутатларимиз масъуллигида маромига етказилган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 2021 йилда Сенатга юборилган эди. Президентимиз 25 октябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида янгидан ишлаб чиқилган мазкур Меҳнат кодекси хусусида тўхталиб, ушбу муҳим ҳужжатни, яъни қонунчиликка киритилаётган янгиликларни халқимизга, иш берувчи ва ишчиларга содда тилда тушунтириш кераклигига алоҳида эътибор қаратган эди.
Узоқ кутилган кунлар келди. Президент 2022 йил 28 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга кирадиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексимиз аҳоли, айниқса, ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар белгилангани билан аҳамиятлидир.
Узоқ йиллар давомида эҳтиёжманд, кам таъминланган аҳолига моддий-маънавий кўмак берилгани ҳақида кўп гапирилди, ҳисоботлар топширилди. Аммо уларнинг бандлигини таъминлаш, “қўлига балиқ эмас, балиқ тутишга қармоқ бериш” ҳақида фундаментал қарор ва амаллар четга суриб келинарди. Ҳатто мамлакатимизда “камбағаллар” борлигини тан олмасликка ҳам кўникиб қолгандик. Бу билан кам таъминланган аҳолининг косаси оқармади, бири икки бўлмади. Қўл билан берганга қуш тўймас, деганларидек, эҳтиёжманд аҳолига ажратилган моддий ёрдам уларнинг униб-ўсиши, ривожланишига хизмат қилмади.
Эътиборлиси, Ўзбекистон тарихида илк маротаба, яъни 2020 йил январь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби, бизда ҳам камбағал аҳоли қатлами мавжудлигини очиқ айтди. Ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки улар миқдорини ошириш орқали камбағаллик муаммосини ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблаш – бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермаслиги алоҳида таъкидланди.
Камбағалликни камайтириш мақсадида аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, уларнинг ички салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш каби комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш бўйича муҳим қадамларни қўйиш кераклиги қайд этилди.
Тарихий Мурожаатномадаги ана шу руҳ, кайфият янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ҳам ўз мужассамини топди. Яъни, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари ва уларнинг аниқ мезонлари янги кодексдан ўрин олди.
Хусусан, 14 ёшга тўлмаган, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, шунингдек, кўп болали оилалардаги ота-оналар, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактаблари ва коллежлари ҳамда техникумларини тамомлаб касбга эга бўлган ёшлар, “Меҳрибонлик” уйлари битирувчилари, олий таълим ташкилотларининг давлат гранти бўйича таълим олган битирувчилари, ногиронлиги бўлган, пенсияолди ёшдаги шахслар, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар ҳамда одам савдосидан жабрланганлар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига киритилди.
Янги таҳрирдаги кодекс қабул қилинишининг
зарурати нималарда кўринади?
Ўзбекистонда аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш ва ўқитиш, ўзини ўзи банд қилиш фаолияти “маҳаллабай” ишлашга қаратилган вертикал тизим асосида юритилаётгани аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Бу борадаги ишлар, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ўртасида мажбурий меҳнатга қарши курашиш, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш, меҳнат соҳасига оид халқаро стандартларни жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани халқаро ҳамжамият томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Аммо айни пайтда халқаро экспертларнинг, ХМТнинг тавсия ва таклифлари таҳлили шуни кўрсатдики, амалдаги Меҳнат кодекси мамлакатимизда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш, иш билaн тaьминлaшнинг зaмoнaвий шaкллaри ҳамда кaсб-ҳунaргa ўқитиш тизимлaрини жoрий этиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларга мос келмай қолгани яққол кўзга ташланди. Кодекс қабул қилинган вақтда хусусий сектор улуши атиги 21 фоиз бўлган, ҳозир бу кўрсаткич 83 фоиздан ошди. Қолаверса, кундан-кун ривожланиб бораётган меҳнат бозорида юзага келган замонавий меҳнат турларига оид муносабатлар ҳамда бу борада ишга туширилган рақамлаштириш технологияларининг ўзига хос жиҳатлари ҳисобга олинмаган.
Сўнгги йилларда меҳнат бозоридаги вазият ўзгарди. Соҳага оид қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида кўпгина янги институтлар ҳамда янги механизмлар амалиётга киритилгани кодекснинг янги таҳрирдагисини қабул қилиш заруратини юзага келтирди.
Амалдаги Меҳнат кодекси бозор иқтисодиётига ўтиш вақтида, яъни 1995 йилда қабул қилинган эди. 2 қисм, 16 боб ва 294 моддадан иборат ҳужжатдаги нормаларда давлат ташкилотлари ва саноатнинг йирик корхоналари ҳамда турли мулкчилик шакллари, айниқса, кичик ва ўрта бизнес субъектларидаги меҳнат муносабатлари акс эттирилмаган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси томонидан сўнгги йилларда ратификация қилинган айрим халқаро конвенциялар ва ҳужжатлар меъёрлари имплементация қилинмаган.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 135-бандига асосан ишлаб чиқилди.
Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида 10 дан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилди.
Янги кодексдаги ўзгаришлар моҳияти
Мамлакатимиз меҳнат қонунчилигининг асосий йўналишлари белгиланган янги таҳрирда кучга кирадиган кодекс ҳажми амалдагига нисбатан 3 баробар катта бўлиб, 600 га яқин моддани ўз ичига олган. Унга бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилди.
Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини муҳокама қилиш порталида (regulation.gov.uz) уч маротаба жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган кодекс лойиҳасида ХМТ конвенциялари ҳамда халқаро шартномаларда белгиланган қоида ва меъёрлар ўз аксини топди. Янги таҳрирдаги кодексни маромига етказишда халқаро экспертларнинг, ХМТнинг тавсия ва таклифлари инобатга олинди. Ишчи ҳамда иш берувчи меҳнат ҳуқуқи субъекти сифатида белгиланган кодексда ҳар икки томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига аниқлик киритилиб, уларнинг қўлланилиш доираси кенгайтирилди.
Ходим ва ишберувчиларга нисбатан
қўлланилаётган янги нормалар
Янги таҳрирдаги Кодексда меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни, меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик, меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатлангани ҳамда ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари сифатида белгиланди.
Кучга кирадиган кодекс бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби нормаларни ўз ичига олади. Ҳужжатнинг 175-моддасига ходимнинг шахсга доир маълумотларига оид янги нормалар киритилди.
Президентимизнинг 2019 йил 31 октябрдаги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, меҳнат шартномасини тузиш ва бекор қилиш, шунингдек, унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида рўйхатдан ўтказилиши шартлиги ходимнинг шахсга доир маълумотларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда. Муҳими, меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра ёки ходимнинг пенсия ёшига тўлиши муносабати билан бекор қилишни тақиқлаш назарда тутилди. Зотан, амалдаги кодексда мавжуд бу борадаги бўшлиқлар Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат ва бандлик соҳасидаги камситишларни бартараф этиш тўғрисидаги конвенциясига мос келмайди.
Янги таҳрирдаги Мeҳнaт кoдeксидa ижтимoий вa ҳуқуқий ҳимoяга муҳтoж ишчилaрнинг aйрим тoифaлaри – aёллaр вa oилaвий мaжбуриятлaрни бaжaриш билaн шуғуллaнaдигaн шaxслaр, 18 ёшгa тўлмaгaн ишчилaр, нoгирoнлaр, ўриндошлик асосида ишловчилар, яккa тaртибдaги тaдбиркoрлaр мeҳнaтини тaртибгa сoлишнинг ўзигa xoс xусусиятлaри акс этган. Масалан, иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўрик ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунларни бериши лозим бўлади.
Ходимнинг иш стажига қараб ишдан бўшатиш нафақасини табақалаштириш ва бунда айнан ушбу ташкилотда ишлаган муддатини инобатга олиш назарда тутилган. Дейлик, 3 йилгача иш стажига эга ходимларга бериладиган ишдан бўшатиш нафақаси ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан, 15 йилдан ортиқ иш стажига эга ходимларга ажратиладиган ишдан бўшатиш нафақаси эса ўртача ойлик иш ҳақининг 200 фоизидан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган. Иш берувчига эса хoдимлaр билaн муддaтсиз мeҳнaт шaртнoмaси тузиш, шунингдек, муддaтли мeҳнaт шaртнoмaси тузилиши мумкин бўлгaн мaксимaл муддaтни 5 йилдaн 3 йилгaчa кaмaйтириш ҳуқуқи бeрилaди.
Дам олиш кунини давлат байрамлари (ишланмайдиган байрам кунлари) кунларига тўғри келган тақдирда кўчириш қоидаси киритилди. Меҳнат таътилининг минимал давомийлиги календарь кунларда (15 иш куни ўрнига 21 календарь куни) белгиланди. Ходимни бошқа иш берувчига хизмат сафарига юбориш тартиби мустаҳкамланди.
Жамоанинг муваффақияти раҳбарнинг салоҳияти, бошқарув услуби ва ташаббускорлиги, замонавий фикрлашига боғлиқ. Ташкилот, идорада қандай шахс раҳбар бўлиши доимо муҳим бўлиб келган. Шу боис, янги таҳрирдаги кодексда айрим тоифадаги ходимлар (раҳбарлар, бош бухгалтерлар) учун синов муддати 3 ойдан 6 ойгача узайтирилди. Бунда амалиётда раҳбарнинг ўзини кўрсата олиши, жамоани бир мақсад атрофида бирлаштира олиши учун 3 ойлик синов муддати камлик қилаётгани инобатга олинди.
Янги таҳрирдаги кодексда, аввал бўлмаган, яъни иш билaн тaъминлaш жaрaёнлaрини рaқaмлaштириш, электрoн мeҳнaт дaфтaрчaлaрини юритиш, мeҳнaт шaртнoмaлaрини тузиш вa ягoнa мaълумoт бaзaсидa рўйxaтдaн ўткaзиш мexaнизмлaри очиб берилган. Шунингдек, мослаштирилган иш вақти режими белгилангани кучга кирадиган кодекснинг муҳим жиҳатларидан. Бу маълум бир ходимлар ёки ташкилотнинг таркибий бўлинмаларидаги ходимлар гуруҳлари учун иш кунининг бошланиши, тугаши ва умумий иш куни муддатини ходимнинг ўзига тартибга солишга рухсат этган ҳолда иш вақтини ташкил этиш усули ҳисобланади. Смeнaли иш, мoслaшувчaн иш вaқти, иш кунини қисмлaргa бўлиш, иш сaфaри пайтидаги иш вaқтлaри вa бoшқaлaр ҳисобга олинадиган бўлди.
Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликка оид алоҳида бўлимда мазкур муносабатларнинг ҳуқуқий асоси очиб берилган. Ижтимоий шериклик ходимлар, иш берувчилар, ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги меҳнат ва у билан бевосита боғлиқ бўлган ҳамкорликни таъминлашга қаратилган тизимни назарда тутади.
Кодексда иш берувчи субъектлар сифатида мулкий ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ташкилотлар, ёллаш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ҳамда жисмоний шахслар белгиланган.
Коронавирус пaндeмиясигa қaрши чoрa-тaдбирлaрни aмaлгa oширишдaн oлингaн сaбoқлaрни ҳисoбгa oлгaн ҳoлдa, xoдимгa қисмaн иш ҳaқи билaн, лeкин энг кaм иш ҳaқидaн кaм бўлмaгaн тaътил бeриш имкoниятини бeлгилaйдигaн, шунингдeк, иш ҳaқи тўлaнмaгaн тaътилни 6 oйгaчa узaйтирaдигaн меъёрлaр жoрий этилади.
Меҳнат низоларини кўриб чиқиш жараёнида жамоатчилик назорати механизмлари акс эттирилди. Якка меҳнат низолари комиссияларда ёки судда ҳал этилиши ҳолатлари кўрсатилган, якка меҳнат низоcи медиаторга юборилишини жорий этиш, меҳнат арбитражи тизими йўлга қўйилади.
Низоларни муқобил ҳал қилишнинг имкониятлари кенгайтирилиб, судлардаги иш ҳажми камайтирилди. Айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнати ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, 2022 йилнинг 1 январь ҳолати бўйича меҳнат ресурслари сони 19,3 миллион кишини ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 1,1 фоизга ёки 202,6 минг кишига ошган. Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13,5 миллион кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 фоизга (299,3 минг кишига) кўпайган.
2021 йил январь–декабрь ойларида туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 879,5 минг фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мурожаат қилган фуқароларнинг 393,8 минги иш билан таъминланган.
Хулоса ўрнида
Мамлакатимизда аҳоли бандлиги масаласи давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Президентимиз ҳар бир чиқишида, ҳудудларга ташрифида мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида халқимизнинг розилигига эришиш, тадбиркорликка эркинлик бериш орқали янги иш ўринларини кўпайтиришга асосий эътиборни қаратиши бежиз эмас.
Мамлакат қачон ривожланади? Қачонки, халқ бой бўлса, одамларнинг даромади ўзи ва оиласини таъминлашга етса. Ишлаган, меҳнат қилган инсон меҳнатига яраша ҳақ ва муносабатга эга бўлса. Бунинг учун бу борадаги масалаларни тартибга солувчи мустаҳкам ва пухта ишланган қонунчилик мавжуд бўлиши муҳим аҳамиятга эга.
Меҳнат бозорининг келажакдаги ривожи учун хизмат қиладиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мамлакатимизда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида мамлакатимиз меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди. Мазкур кодекс истиқболда кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган аҳоли меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга имкон беради. Расмий ва норасмий тармоқда мавсумий иш билан банд бўлганларнинг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солишдаги бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этади. Меҳнат муносабатларида коррупция хавфи камайиб, “Ягона миллий меҳнат тизими” рақамлаштирилади.
Гендер тенглик, нейтраллик тамойиллари, имконияти чекланган шахслар, норезидентларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланади. Иш берувчиларнинг меҳнат бозоридаги янги меҳнат турларидан фойдаланиш имконияти яратилади, меҳнат шартномаси турлари кенгайтирилади ва норасмий тармоқларда ишловчиларни легаллаштиришга эришилади.
Мухтасар айтганда, ушбу ҳужжат мазкур соҳадаги қатор муаммоларни, меҳнат бозоридаги вазиятни инобатга олиб, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда, қонуний ҳал қилишда, ишлаган ишига, иш берувчи эса киритган сармоясига муносиб тарзда эътибор ва рағбатга эга бўлишини кафолатлайдиган муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Одилжон ТОЖИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари