Сенат қўмитаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ахборотини эшитди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йил 1 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг фаолияти юзасидан ахборотини эшитишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, парламент тадқиқотлари институти директори, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва масъул ходимлари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар кенгаши аъзолари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мажлисда миграция қонунчилигини такомиллаштириш, меҳнат мигрантларини тайёрлаш ва ишга жойлаштириш, хориждаги мигрантларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, пул ишлаш мақсадида жўнаб кетаётган фуқароларни хабардор қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш соҳасида 2021-2022 йиллардаги фаолияти тўғрисида Агентлик раҳбари биринчи ўринбосари С.Сайфутдиновнинг ахбороти эшитилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро миграция ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2021-2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси қабул қилингани таъкидланди.  Хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, ижтимоий ва моддий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш мақсадида Россия, Қозоғистон ва Туркияда Агентликнинг қўшимча 24 та ваколатхонаси таъсис этилди. Жами 94 мингга яқин хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар “Ишга марҳамат” мономаркази, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва қисқа муддатли курсларда ўқитилди. 31 та хорижий давлатнинг 359 та иш берувчиси ва кадрлар агентлиги билан тузилган шартномалар асосида 135 504 фуқаро хорижга ишлашга юборилди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ушбу эшитув моҳиятига тўхталиб, кун тартибида юртдошларимиз ҳар куни турмушда тўқнаш келадиган долзарб ҳаётий масалалар ўрин олганлигига урғу қаратиб, илмий мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Бундан ташқари, ўрганиш даврида меҳнат миграциясидан қайтган 993 100 фуқаронинг 722 844 нафари республика иқтисодиётининг турли тармоқларида иш билан таъминлангани таъкидланди.

Шу билан бирга, сенаторлар ўтказилган ўрганишлар натижасида қатор тизимли камчиликлар аниқланганини таъкидлади. Хусусан, меҳнат мигрантлари бораётган асосий ҳамкор давлатлар билан икки томонлама шартномалар мавжудлигига қарамай, ишчиларни уюшган ҳолда ёллаш даражаси пастлигича қолмоқда.

Хорижий давлатлар билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, сенаторлар хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаётини суғурталаш полислари хорижий давлатларда ҳамма вақтда ҳам тан олинмаслигига, бу эса уларнинг ижтимоий ҳимояланганини ва зарур тиббий хизматларни ўз вақтида олиш имкониятларини сезиларли даражада пасайтираётганига эътибор қаратди.

Бундан ташқари, қатор туман касб-ҳунар таълими марказларида меҳнат мигрантларини тайёрлашда муаммолар борлиги таъкидланди. Сенаторлар уларнинг моддий-техник базаси етарли эмаслигини, бу ўқув дастурларини янгилашни талаб этишини, маҳаллий ва хорижий меҳнат бозорининг замонавий талабларига жавоб бермаслигини таъкидлади.

Шунингдек, қатор вазирлик ва идоралар электрон маълумотлар базалари интеграциялашуви, “Labor migration” электрон тизимини такомиллаштириш ва бошқа масалалар ҳам батафсил муҳокама қилинди.

Мажлис якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan