“Устозни ёд этиб: Отабой Эшонов ҳуқуқшунос олим ва мураббий” мавзусида бўлиб ўтган илмий мунозара хусусида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

  Бугун Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтида “Устозни ёд этиб: Отабой Эшонов ҳуқуқшунос олим ва мураббий” мавзусида илмий мунозара бўлиб ўтди.

  Илмий анжуманда Олий Maжлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик А.Саидов кириш сўзи билан очиб, таниқли олим ва амалиётчи Отабой Эшоновнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, илмий изланишлари соҳаси серқирралиги, илмий ишлари Ўзбекистонда миллий давлатчилик тарихи шаклланиши ва тараққиёти ҳамда давлатчилик назарияси масалаларига бағишланганлиги ҳамда устоз қаламига мансуб 200 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп асарлар хусусида, ибратли ишлари ҳақида фикр билдирди.

  Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори М.Турғунов Отабой Эшоновнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида қизиқарли ва ноёб маълумотлар берди. Хусусан, Отабой Эшоновнинг 1916 йил 16 мартда Тошкентнинг “Чилтўғон” маҳалласида деҳқон оиласида туғилгани ва ёшлигидан ҳуқуқшунослик фанига қизиқиб, илмий фаолиятини ҳуқуқшунослик фанининг ўта муҳим соҳаси бўлган давлатшунослик тарихини чуқур ўрганишдан бошлагани ҳақида айтиб ўтди. Шу билан бир қаторда, устоз миллий давлатчиликнинг шаклланишини Бухоро Халқ Совет Республикаси давлатчилигини ўрганиш билан кифояланмай, унинг қатағонга учраган раҳбари – Файзулла Хўжаевнинг ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ этганини билдирди. Устознинг Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология, Иқтисодиёт институтларида бўлим мудири, Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Фан, маданият ва маориф бўлими мудири, Ўрта Осиё давлат университетида кафедра мудири, Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институтида директор ўринбосари, директор, сектор мудири, собиқ Иттифоқ Ички ишлар вазирлигининг Тошкент олий милиция мактаби профессори лавозимларида фаолият кўрсатганлигини таъкидлади.

  Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ўз нутқида О.Эшоновнинг илмий фаолияти ҳуқуқшунослик фанининг ўта муҳим соҳаси бўлган давлатшунослик тарихини чуқур ўрганишдан бошланганлиги ва собиқ Иттифоқ даврида миллий давлатчиликнинг шаклланишини тадқиқ этиш ундан жуда катта жасорат талаб қилганлиги борасида диққатга сазовор маълумотларни очиқлади. О.Эшоновнинг ёш олимлар учун тажрибали, серғайрат, билимдон мураббий бўлганлиги, унинг илмий раҳбарлигида 60 дан ортиқ ҳуқуқшунослик ва тарих фанлари бўйича номзодлик ва докторлик диссертациялар ҳимоя қилинганлиги тўғрисида фикр билдирди.

  Алоҳида таъкидлаш жоизки, машҳур олим ва талабчан устоз Отабой Эшоновнинг хизматлари жамоатчилик ва давлат томонидан юксак баҳоланган. У “Ҳурмат белгиси” ордени ва бир қанча медаллар билан тақдирланган, ҳукуқшунослик фани ривожи ва юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашдаги хизматлари учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвонига сазовор бўлгани хотирланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий номидаги халқаро илмий тадқиқот маркази директори маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Б.Тўраев, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор М.Рустамбоев, юридик фанлар доктори Тошкент давлат юридик университети профессори Д.Карахахаджаевалар шогирдлар номидан ўз чиқишларида ёрқин хотиралари билан ўртоқлашишди. Улар академик Отабой Эшоновнинг ўзбек миллий давлатчилигининг шаклланиши ва тараққиёти тарихи борасида бошлаган ишлари бугунги кунда янада жадал тус олгани, устознинг бой ва серқирра илмий мероси шогирдлари ва халқимиз қалбида мангу яшашини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

  Тадбир якунида буюк олим ҳақидаги тегишли материаллар тўпламини чоп этишга қарор қилинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan