Қонун лойиҳаси: қайси ёндaшув тўғри? – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш туғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилганда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамаки ва никотинни истеъмол қилиш учун мосламаларни реклама қилиш, сотувини рағбатлантириш ва ҳомийлик қилишни таъқиқлаш тўғрисидаги модда муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Мазкур модда юзасидан депутатларнинг фикрлари иккига бўлинди. Aйрим депутатларнинг фикрича, ушбу модданинг қоидалари “Реклама тўғрисида”ги Қонунга ҳавола қилинса тўғри бўлади. Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган депутатларнинг фикрига кўра, мазкур моддада таъқиқлар батафсил ифодаланиши керак.

Бир қарашда ҳар иккала ёндашувнинг ҳам ўзига хос асослари бордек туюлади. Уларнинг биридан фойдаланиш қонуннинг мақсадига ҳеч қандай концептуал таъсир кўрсатмайди. Aммо мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини амалга ошириш, хусусан, 2012 йилда биз қўшилган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича ҳадли конвенцияси қоидаларининг имплементацияси нуқтаи назаридан қараганда кўплаб саволлар ойдинлашади.

Хўш, мазкур масалада ва моддада ҳаволаки ёндашувни қўллаш тўғрими?

Амалдаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиётига мувофиқ, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга доир ҳаволалар ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш зарурати бўлган ҳоллардагина ёки такрорлашларга йўл қўймаслик учунгина лойиҳа матнига киритилишига йўл қўйилади.

Шуни инобатга олиб, кўриб чиқилаётган мазкур моддада реклама тўғрисидаги нормаларни такрорлашларга йўл қўймаслик учун шу соҳани тартибга солувчи махсус “Реклама тўғрисида”ги Қонунга ҳавола қилса бўлади. Шу нуқтаи назардан келиб чиққанда, ҳаволаки ёндашувни қўллаб-қувватловчи депутатлар ҳақ бўлади.

Бироқ, шу ўринда “Реклама тўғрисида”ги Қонун Конвенцияда кўрсатилган тамаки маҳсулотларини сотишни рағбатлантириш ва ҳомийликнинг таъқиқлаш масалаларини батафсил қамраб оладими, деган савол туғилади.

Конвенциянинг 13.1 моддасига биноан, томонлар реклама, сотувни рағбатлантириш ва ҳомийликнинг тўлиқ таъқиқланиши тамаки маҳсулотлари истеъмолини камайтиришга олиб келишини тан оладилар.

Конвенциянинг моддаларида белгиланган тўлиқ таъқиқни амалга ошириш учун иштирокчи-давлатлар ушбу Конвенциянинг 1 (c) ва 1 (g) моддаларида таърифланганидек, тамаки маҳсулотлари рекламаси, сотувини рағбатлантиришни ва ҳомийликни таъқиқлашлари керак. Конвенциянинг 1(c)-моддасига мувофиқ, “тамакини реклама қилиш ва сотувини рағбатлантириш” деганда “тамаки маҳсулотини сотиш ёки тамаки истеъмолини бевосита ёки билвосита рағбатлантириш мақсади, самараси ёки эҳтимолий натижаси бўлган ҳар қандай турдаги тижорат ахборот узатилиши, тавсиялар ёки ҳаракатлар” тушунилади. Конвенциянинг 1(g)-моддасида “тамакига ҳомийлик” деганда “тамаки маҳсулотини сотиш ёки тамаки истеъмолини бевосита ёки билвосита рағбатлантириш мақсади, натижаси ёки эҳтимолий натижаси бўлган ҳар қандай ҳодиса, фаолият ёки алоҳида шахсга қўшиладиган ҳар қандай ҳисса” деб таърифланади.

Бироқ, амалдаги миллий қонунчилигимиз Конвенцияда белгиланганидек, тамаки маҳсулотлари сотувини рағбатлантириш ва ҳомийлик фаолиятини таъқиқламайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларни реклама қилишни таъқиқлаш белгиланган бўлса-да, бироқ Қонун нормаларида уларнинг сотувини рағбатлантиришни таъқиқлаш масалалари етарли даражада қамраб олинмаган. Бундан ташқари, мазкур масалала юзасидан қатор саволлар туғилади.

Биринчидан, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири Конвенция талабларига мос келишига кафолат борми?

Иккинчидан, агарда тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш туғрисида қонуннинг янги таҳрири қабул қилинаётган бўлса, нима учун унда Конвенция қоидаларидан келиб чиққан ҳолда таъқиқларни тўлиқ ва батафсил кўрсатиш мумкин эмас.

Масалан, Грузия, Россия, Эстония, Молдавия, Украина каби хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, ушбу мамлакатларда “Реклама тўғрисида”ги қонун мавжуд бўлишига қарамай, тамаки маҳсулотлари рекламаси, сотувини рағбатлантириш ва ҳомийликни таъқиқлаш қоидаларини белгиловчи бошқа махсус қонунлар қабул қилинган. Британия, Исроил, Туркияда тамакини чеклашга йўналтирилган махсус қонунларда тамаки рекламаси, сотувини рағбатлантириш ва ҳомийликни таъқиқлаш масалалари батафсил белгиланган.

Шу билан бирга, бугунги кунда янги тенденцияларни ҳисобга олиш ҳам муҳимдир. Маркетологларнинг фикрига кўра, реклама бўйича заиф қонунлар ва таъқиқлар мавжуд бўлган мамлакатларда тамаки саноати яширин маркетингнинг турли усулларини қўллайди, уларнинг асосий вазифаси турли хил тарғибот воситалари орқали тамаки чекишнинг тарқалишини рағбатлантиришдир.

Масалан, бугунги кунда Интернетда тамаки маҳсулотларининг яширин рекламаси кенг тарқалган. Тамаки саноати, ўз навбатида, ўз маҳсулотини тарғиб қилиш учун ижтимоий тармоқлар орқали инфлюэнсер (influencer)лардан кенг фойдаланади. Умуман олганда, тадқиқот натижалари яширин тамаки маркетингнинг зарарини ва Интернетда ёшларнинг хатти-ҳаракатларига кучли таъсир кўрсатадиган рағбатлантирувчи тасвирларнинг кўпаяётган тенденциясини тасдиқлайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонунчиликда тамаки маҳсулотлари рекламаси, сотувини рағбатлантириш ва ҳомийликни таъқиқловчи нормаларни аниқ ва батафсил белгилаш мақсадга мувофиқдир. Шунинг учун бугунги кунда энг маъқул ёндашув – бу кўрилаётган қонун лойиҳасининг моддасида Конвенция талабларидан келиб чиққан ҳолда таъқиқловчи нормаларни батафсил ифодалашдир.

 

Дониёр ТЎРАЕВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти директори ўринбосари

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan